Paul Cézanne

Vikipediya, ochiq ensiklopediya


ПОЛЬ СЕЗАНН Франциянинг энг номдор мусаввирларидан бири бўлмиш Поль Сезанни санъатшунослар: “Жаҳон рангтасвирига ўзига хос услуб олиб кирган етук намоёндалардан бири” дея эътироф этишади. Рассомнинг ижодий изланишлари натижасида унинг шиори “борлиқни акс эттиришнинг анъанавий тамойилларига амал қилиб, инсон руҳиятини рангларга кўчиришдан иборат” эканлигини англаш мумкин. Поль Сезанн 1839 йил 19 январда Франциядаги Эксан-Прованс кичик шаҳарчасида савдогарлар оиласида таваллуд топади. Отаси Луи-Огюст Сезанн шляпалар сотувчи дўконнинг хўжайини эди. Онаси Анна Элизабет эса оддий уй бекаси бўлсада, нозик дидли, тасвирий санъатга ҳурмати баланд аёл сифатида эътироф этиларди. Бўлажак рассом қалбида рангтасвирга бўлган муҳаббатни уйғотган киши ҳам унинг онаси саналади. Поль Сезанн мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ қўлида доим қалам билан унинг ҳайратига сабаб бўлган неки бўлса қоғозга муҳрларди. Унинг адабиётга бўлган муҳаббати ҳам чексиз эди. Айниқса, рассом буюк ёзувчилардан бири бўлмиш Эмил Золя билан бир мактабда ўқигани ва у билан ёшлигидан дўст тутиниб, ёзувчининг илк ижодий ишларини ўқиш шарафига муяссар бўлганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Кейинчалик бу икки етук ижодкорнинг дўстлиги тарихларга муҳрланган. Бундан ташқари Сезанн ёшлигида яхшигина шоир бўлиб, лотин ёки француз тилларида ажойиб шеърлар битгани тарихий манбаларда сақланиб қолган. Санъатшунослар рассом ижодига баҳо беришда айнан адабиётга бўлган муҳаббатига алоҳида урғу бериб: “рангтасвир шоири” дея эътироф ҳам этишади. Отасининг қаттиққўллиги сабаб аввалига рангтасвирдан сабоқ олишда қийналади. Отаси уни ҳам савдогар қилиб тарбиялашни истарди. Аммо онаси ва катта опаси Марининг ёрдами билан отасидан “оқ йўл” олиб, таҳсил олиш учун 1861 йилда Парижга йўл олади. Бир муддат Сюис бадиий академиясида таҳсил олади. Париж эса рассомга илҳом бағишлаган шаҳарлардан бири бўлиб қолади. Айниқса, Лувр музейини кўриб ҳайратланган мусаввир уни “Ижодкорлар ўқийдиган китоб” дея таърифлагани бежиз эмас. Париж шунингдек, ёш ижодкорга кўплаб таниқли рассомлар билан дўстлашишига сабаб бўлган шаҳарга айланади. Улар орасида дунё тан олган буюк рассомлар, бўлажак импрессионистлар Клод Моне, Камиль Писарро, Огюсть Ренуар, Эдуард Мане, Альфред Сислей каби машҳур номларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Сезанн кейинчалик турли шаҳарларда яшаб, ижод қилади. Улар орасида Экс шаҳри рассомга кўпроқ манзур бўлгани, унинг табиатидан илҳом олгани кўплаб асарларида мужассам. Поль Сезанн ижодининг илк даврида рассом нарсаларнинг қуруқ тасвирига эътибор қаратгани сезилиб туради. Аммо кейинчалик, Сезанни машҳур француз рассоми Оноре Домье ижодидаги услуб, яъни: шаклларни тасвирлашдаги кескинлик ҳамда тўқ ва ёрқин ранглар контрасти натижасида юзага чиққан жўшқинликни акс эттириш ўзига маҳлиё этади. Бунинг натижасида ёрқин тасвирланган ва романтик ифодага эга “Қотиллик”, “Оргия”, “Кўк қалпоқли киши”, “Доминик тоға”, “Пианино ёнидаги қиз”, “Ота портрети” картиналари яралади.

1870 йил Пруссия билан уруш бошланади ва рассом армияга боришига тўғри келади. Аммо отасининг “аралашуви” сабаб армиядан қолади ва Марсел шаҳрига яқин бўлган Эстак шаҳарчасига йўл олади.  Сезаннинг ишқий саргузашти шу ерда бошланади. У ерда Фике исмли қиз билан танишиб, уни севиб қолади. Аммо отаси уларнинг никоҳ қуришига қаршилик қилади. Қизни қаттиқ севгани сабаб, қаттиққўл отасига қарши бориб, яширинча никоҳдан ўтиб, яшай бошлашади. Кейинчалик  фарзандли бўлади. Аммо отаси рассомдан қаттиқ хафа бўлиб, унинг меросхўрлик мақомини бекор қилдиради ва ўғлига сариқ чақа ҳам бермаслигини таъкидлайди. Шундан сўнг рассом ҳаётида қийин кунлар бошланади. У турли буюртма картиналар устида ишлайди. Улардан келган пуллар ҳисобида яшай бошлайди. Аммо бу пуллар ҳам унинг кундалик харажатларидан ортмайди. Ана шундай қийин пайтларда унга дўсти Эмиль Золя ёрдамга келади. Аввалига у Сезаннга моддий жиҳатдан ёрдам бериб туради. Кейинчалик унинг асарларини тарғиб қилиб, катта пулларга сотилишида улкан ҳисса қўшади. 

1886 йилга келибгина отаси уни кечиради ва уларнинг қонуний никоҳдан ўтишига изн беради. Аммо бир неча ой ўтиб эса, отаси вафот этади. Сезаннга эса каттагина мерос қолади. Рассомнинг импрессионистлар билан яқинлашуви, улар билан ижодий устахоналарда бирга ижод қилишига, ҳамфикр бўлишига замин туғдиради. Бу борада Камил Писарро билан унинг устахонасида 1874 йилгача биргаликда ижод қилганин алоҳида эътироф этиш мумкин. Поль Сезаннинг Камиль Писарро билан дўстлашиши ва бирга ижод қилиши унинг ранглар палитрасида ёрқин бўёқлар кўпроқ ишлатилишига ва пейзажларида борлиқни тўлақонли акс эттиришига сабаб бўлади. Аммо импрессионистик қарашларга кўра “оний лаҳзани, оний таассуротни акс эттиришни устувор билишган ” бўлса, Сезанн ижодида “ўзгармаслик, вақтга бўйсунмаслик тамойили ” муҳим аҳамият касб этади. Ўша даврда Сезанн импрессионистлардан рангтасвирдаги ҳаракатлилик, оний лаҳзада воқеликни абадиятга муҳрлаш тамойилларини ўрганган бўлсада, улардаги бўғиқ ранглар устуворлигидан чекиниб, ёрқин бўёқларга кўпроқ урғу беради. Унинг ранглар палитрасида яшил ва тилларанг бўёқлар алоҳида аҳамият касб эта бошлайди. Шаклий тузилишида ҳам аниқ чизиқларга эътиборни кучайтириб, шаклларнинг чегаралирини ҳам ранглар билан ажратиб кўрсатишга кўпроқ интилади. Натижада рассом асарларида шакллар мутаносиблиги ва салмоқлилиги алоҳида сезилиб туради. Сезанн эса ўз ижодий изланишларидан қониқмай, шаклларни акс эттиришдаги бу услубни “қўпол ва дағал” дея таърифлайди. 1874 ва 1877 йиллар Сезанн импрессионист рассомлар билан биргаликда картиналар намойишида иштирок этади. Аммо унинг асарлари импрессионизм тамойилларидаги табиатни хаёлий ва ёрқин ифодаларидан бирмунча фарқ қилиб, борлиқ манзаралари объектив тасвирланганлиги билан ажралиб туради. У импрессионизмдаги “Қандай кўрсам шундай тасвирлайман” тамойилини ўзгартириб, уни “Қандай кўринса шундай тасвирлайман” тамойилига алмаштиради. Бу эса помтимпрессионизмнинг энг муҳим талабларидан бири эди. Рассом ижодининг илк даврларида жўшқинлик сезилиб туради ва унинг картиналарида акс этган воқеаларда эса романтизмга ҳамоҳанглик сезилиб туради. Сабаби илк даврларда Сезанн ўзининг Паоло Веронезе, Тинторетто, Эжен Делакруа ва Оноре Домье каби мўйқалам усталари ижодига бўлган муҳаббатини яширмади. Уларнинг услубига қисман тақлид руҳида ҳам ижод қилди. Аммо ўз устида тинмай ишлашни мақсад қилган ижодкор барибир ўзлигини намоён этиш йўлидан қайтмади. Шу туфайли кейинчалик ўзи орзу қилган машҳур рассомлар қаторидан жой олди. Рассом ижодини кузатган киши унинг ички олами асарларига сингиб кетганинини англайди. Айниқса мусаввирдаги доимий изланиш, янгилик яратиш иштиёқи ҳар бир картинасида мужассам. Шунинг учун Сезанн асарлари бир-бирини такрорламайди. Ҳар бир картинада ўзига хослик, такрорланмаслик мўйқалам устасининг маҳоратидан дарак беради. Санъатшунослар Сезаннинг ҳаёти ва ижоди чамбарчас боғлиқлигини таъкидлаб, унинг асарларидаги қарама-қаршиликлар, ўз-ўзини инкор этишни рассом бутун умр ўз ижодий изланишларда, ўз сўзини айтаолмай қолишдан қўрқиб яшаганига ишора дея билишади. Ижодкорнинг ички курашлари унинг асарларидаги ранглар контрасти ва уларда намоён бўлган нарсаларнинг борлиқдаги зиддиятида ҳам намоён бўлади. У ўзининг кундаликларида: “Мен доимий қўрқувда яшадим. Чунки ҳар бир картинамда мен айтмоқчи бўлган фикр тўлиқ ифода этилмагандай, кутилган натижага эришилмагандай туюлаверарди. Ўз ижодимдан қониқмай яшадим” дея қайд этади. Аммо рассомнинг ҳар бир асари ўзининг мукаммал ечими билан ажралиб туради. Йиллар ўтиб рассом қалбидаги қўрқув ўрнини ишонч эгаллагани унинг картиналарида ҳам сезилиб туради ва ана шу даврларда рассомнинг мукаммал ижодий намуналари яралади. Сезанн ижодида анъанавийлик ва замонавийлик муштараклигини кузатиш мумкин. У ўша даврдаги замонавий рангтасвир талаблари, эркин ижодий ёндашувларга шунчаки эргашмади. У эркин ижод билан анъанавий талабларни бирлаштиришдек қийин йўлни танлади. Асарларида ҳам бу талабга жиддий эътибор қаратади. Шунинг учун ҳам ўша даврда турли йўналишларда ижод қилган рассомларнинг эътиборини ва эътирофини қозонади. Классицизмдаги барқарор мувозанат, талабчанлик ва композициядаги гармонияга қатъий эътибор қаратиш тамойиллари Поль Сезанн асарларига ҳам сингиб кетган. У борлиқни тартибли тарзда акс эттиришга, нарсаларнинг аниқ тасвирланишига интилибгина қолмай, инсон қалбидаги туғёнларни тасвирларга кўчиришдек нозик жиҳатларга усталик билан эришади. Сезанн шаклларни тасвирлашда аниқликка жиддий эътибор қаратиб, ранглар воситасида уларнинг жозибасини кўрсатишга интилади. Бу эса кейинчалик кубизм йўналишининг майдонга келиши учун асос вазифасини ўтайди. Аммо кубизмнинг етук вакили Пикассо ижодида бу янги йўналиш қуруқ бўлиб қолгандек туюлади. Сабаби Пикассо Сезаннинг ўзига бўлган талабчанлигидан ва тинмай изланишидан юзага келган “ранглар жилваланишини юзага чиқариш тамойилига” амал қилмайди. Бу ҳолатни эса санъатшунослар Пикассонинг ижодидаги бир босқич, тажриба жараёни бўлган дея баҳолашади. Пол Сезанн 1882 - 1888 йилларда пейзаж жанрига кўпроқ аҳамият қаратади. У ўзининг ҳиссиётларини, тасаввурларини кўплаб картиналарига муҳрлайди. Улар орасида айниқса «Йўлнинг бурилишида», «Кичик кўприк», «Эстакдаги уй» «Гарданн манзаралари» картиналарини алоҳида таъкидлаш мумкин. Рассомнинг энг машҳур асарларидан бири «Кратедаги Марну кўприги» картинаси ўзининг маҳобатли кўриниши, борлиқ ва бўшлиқдаги тасвирнинг тенг тақсимланганлиги билан аҳамиятлидир. Рангларнинг турфа хиллиги ва уларнинг контрасти ўзига хос гармония хосил қилганлиги ҳам киши эътиборини тортади. Картинадаги турфа унсурларнинг акс эттирилганлигига қарамай, ушбу пейзаж улуғворлик касб этиб, яхлит композияни ҳосил қилгани эътиборга молик. 1890 йилдан асрнинг сўнггига қадар Сезаннинг дурдона асарлари қаторида унинг портретларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Улар орасида “Чекувчилар”, “Қизил нимчадаги болакай” “Пьеро ва Арлекин”, “Сариқ курсидаги Сезанн хоним” ва “Боғбон Валлье портрети” асарлари юксак баҳоланади. “Пьеро ва Арлекин” картинасида рассом Италия ниқоблар комедиясининг сюжети ва қаҳрамонларини акс эттиради. Сезанн учун энг асосий мақсад асарда бадиий-пластик ечимни топишдан иборат бўлади. Кескин, мувозанатга эга бўлмаган композиция, шаклларнинг схематик тарзда акс эттирилиши асар услубини экспрессионизма ва кубизм тамойилларига яқинлаштиради. Унинг “Поль Сезанн портрети” асарини кузатар бўлсак, унда рассомнинг руҳияти, ички кечинмалари яққол намоён бўлади.

Санъатшунослар таърифига кўра Сезаннинг энг буюк асари “Қарта ўйновчилар” картинаси ҳисобланади. У бу асарига қадар қарта ўйновчиларни турли ракурсда, кўп ёки кам иштирокчилар билан тасвирланган. Аммо унинг мазкур ижодий ишида ўз мақсадига етгани аниқ бўлади.  

Асарда рангларнинг таъсир кучи иштирокчиларнинг кийимлари орқали юксак даражада очиб берилган. Айниқса, картинада акс этган чапдаги ўйинчининг кўк-бинафшаранг калта камзули ва ўнг тарафдаги кишининг кўк соя тушган сариқ кийими билан ўзаро контраст, тасвирни янада маҳобатли қилиб кўрсатади. Картинада акс этган кишиларнинг кучи ва руҳий кечинмалари, ҳаракатларнинг аниқлиги ва композициянинг яхлитлиги замирида бир бутунлик эмас, балки ранглар воситасида қарама қаршилик усталик билан акс эттирилган. Сезаннинг ижодий принциплари кўплаб натюрмортларида ҳам яққол намоён бўлади. Уларда оддий мавзу, ҳашамдорлик ва моддиятнинг руҳият билан озуқланганлиги кишини чуқур ўйга толдириши табиий. Уларда акс этган нарсалар олами ўзининг мустаҳкам негизига қарама-қарши ўлароқ ҳаракатланаётгандек таассурот қолдиради. Рассомнинг илк натюрмортлари “Қора соатлар” ва “Чойнак натюрморти” асарларида сюжетнинг ўзига хос ифодаси ва рангтасвирнинг соф анъаналари мужассам бўлади. Сезаннинг натюрмортлари орасида “Шафтоли ва ноклар” картинасини алоҳида эътироф этиш мумкин. Асарда нарсаларнинг шакли ва ҳажмига чуқур эътибор қаратиб, рассом Европа рангтасвиридаги анъанавий услубдан бир оз чекинади. У доимий ранг ва сояни акс эттириш усулига қарши ўлароқ, оптика қонунларидан фойдаланиб, совуқ ранглар инсон кўзига нарсаларни узоқроқ кўрсатиши, иссиқ ранглар эса яқинроқ кўрсатишига амал қилиб, нарсаларни кетма-кет шундай жойлаштирадики, уни кўрган киши нарсаларнинг ҳаётда кўрганимизданда теранроқ тасвирланганлигини ҳис этади. XX аср бошларида Сезанн авангард услубининг тараққий топишига хизмат қилган ўзининг машҳур назариясини тақдим этади. Ўзнинг ҳамфикрларидан бири бўлмиш рассом Бернарга ёзган матубида: “Классицизмга табиий, ҳис-туйғу билан қайтиш керак. Борлиқда ҳамма нарса шар, конус ва цилиндрга туташдир. Қачонки ранг ўзининг бойлиги билан юзага чиқса, шакл мукаммал акс этади. Контрастлар ва уйғунликка эришиш орқали тасвир сирларини очиш мумкин” дея ўз ғояларини ифода этади.

   1904 йилда кузги анъанавий кўргазмада Сезанн ўзининг бир нечта ажойиб ижодий ишларини тақдим этади. Унинг тақдим этган асарларини санъатшунослар, рассомлар ва коллекция тўпловчилар юқори баҳолашади. 

Сезаннинг тасвирий санъат тарихидаги энг буюк ишларидан бири у француз рангтасвиридаги етакчи йўналишлар: классицизм ва романтизмни, яъни интеллект ва ҳиссиёт, қатъий талаб ва эркинлик, гармония ва ҳисларнинг устуворлигини ўзаро муштарак акс эттиришга эришади. Шунинг учун ҳам унинг серқирра ижодини ўрганишда турли фикрлар, турли қарашлар юзага чиқаверади. Умрининг сўнгги йилларида рассом касалга чалиниб, пиёда, узоқ юролмай қолса ҳам, табиатнинг инжиқликларига қарамасдан, табиат қўйнига чиқишга интилар, турли этюдлар устида ишларди. 1906 йил 22 октябрь куни рассомнинг юраги уришдан тўхтади. Унинг энг сўнгги асари “Журдина кулбаси” картинаси якунига етмай қолган бўлсада, санъатшунослар эътирофига сабаб бўлиб келади. Сўнгги дамгача ижод қилишдан тўхтамаган Поль Сезанн ўзидан 800 дан ортиқ бетакрор картиналар қолдирган. Аммо рассомнинг ижоди салмоғи билан эмас, балки ҳар бир асарда уйғоқ қалбнинг туғёнлари, башариятга айтмоқчи бўлган ҳикматлари билан тасвирий санъат тарихида муҳим ўрин тутади.

Д.Шукуров