Foydalanuvchi munozarasi:Odinaxon Muhammad Sodiq

Sahifa kontenti boshqa tillarda dastaklanmaydi.
Vikipediya, ochiq ensiklopediya
Tez boshlash uchun qoʻllanma Vikipediyaga xush kelibsiz, Odinaxon Muhammad Sodiq!
Birinchi qadam Vikipediya foydalanuvchilari nomidan uning oʻzbek tilidagi boʻlimiga kelganingiz bilan qutlayman. Umid qilamizki, siz loyihada ishtirok etishdan behad mamnun boʻlasiz.

Ishtirok etishning asosiy tamoyillariga eʼtibor bering: bemalol tahrirlang va ezgu maqsadni koʻzlang.

Munozara sahifalarida tasvirda koʻrsatilgan tugmani bosish orqali imzo qoʻyish mumkin.

Vikipediyada maqolalar ostiga imzo qoʻyilmaydi (mualliflar roʻyxati avtomatik shakllanib boradi va maqolaning tahrirlar tarixidan olinishi mumkin boʻladi), biroq forumdagi muhokamalarda yoki alohida sahifalarning munozaralarida ishtirok etishni istasangiz — iltimos, toʻrtta tilda (~~~~) belgisi bilan yoki asboblar panelidagi mos tugmachani bosish yoʻli bilan imzo cheking. Bunda foydalanuvchi nomingizni qoʻlda kiritish talab etilmaydi.

Foydalanuvchi sahifangizda oʻzingiz haqingizdagi ayrim maʼlumotlar haqida xabar berishingiz mumkin — masalan, qaysi tillarni bilishingiz yoki qiziqishlaringiz.

Endi boshlayotganlarning tez-tez qiladigan xatolaridan biri — mualliflik huquqlarini buzishdir. Vikipediyada mualliflik huquqi egasining ruxsatisiz matnlardan nusxa koʻchirish taqiqlanadi. Batafsil maʼlumot uchun Vikipediya:Mualliflik huquqlari sahifasiga nazar soling.

Yozilgan matn imlosini tuzatish kabi koʻp mehnat talab qiladigan amallarni bajarish uchun tahrirlash oynasining tagida joylashgan Vikifikator funksiyasidan foydalanishingiz mumkin.

Agar siz bitta tahrir bilan maqola yarata olmasangiz va uni yozishni keyinroq davom ettirmoqchi boʻlsangiz, bu haqda boshqa foydalanuvchilarni xabardor qilish uchun maqola matnining eng boshiga {{subst:L}} kodini qoldiring.

Agar sizda savollar tugʻilib qolsa, Yordam sahifasidan foydalaning. Agar savollaringizga u yerda javob topa olmagan boʻlsangiz, unda uni loyiha forumida yoki Telegram chatda bering yoki shaxsiy munozara sahifangizni tahrirlang: u yerga {{yordam kerak}} kodini va savolingiz matnini yozing — sizga albatta yordam berishadi.

Vikiiqtibos, Vikilugʻat, Vikimaʼlumotlar, Vikiombor kabi Vikipediyaga qardosh boshqa loyihalar ham bor. Ularni boyitishga ham hissa qoʻshishingiz mumkin.

Va yana bir marotaba, xush kelibsiz!

Hello and welcome to the Uzbek Wikipedia! We appreciate your contributions. If your Uzbek skills are not good enough, that’s no problem. We have an embassy where you can inquire for further information in your native language. We hope you enjoy your time here!
Maqolalarni nomlash
Maqola qanday yoziladi? Qarang: Maqola ustaxonasi / Videodarslar
Qoida va koʻrsatmalar
Tasvirlar bilan bezash
Mualliflik huquqlari
Glossariy

--Ximik1991Bot (munozara) 12:09, 14-Dekabr 2015 (UTC)[javob berish]

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Таваллуд санаси: 21.07.1371/15.04.1952. Таваллуд ери: Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака тумани Ниёзботир қишлоғи. Миллати: ўзбек. Дини: Ислом. Ақидавий мазҳаби: Аҳли сунна вал жамоа, мотуридия. Фиқҳий мазҳаби: ҳанафия. Тасаввуфий мазҳаби: нақшбандия. Шиори: «Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш. Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш». Мутахассислиги: даъват, тафсир, ҳадис, усул, фиқҳ, ақида, тасаввуф, араб тили. Истиқомат қилган юртлари: Ўзбекистон Республикаси (Андижон вилояти Асака тумани Ниёзботир қишлоғи, Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғи, Булоқбоши тумани, Бухоро, Тошкент), Ливия жамоҳирияси, Туркия, Саудия Арабистони. Иш вазифалари: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси, мудир ноиби ва мудири, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати. Вафоти: 05.05.1436/10.03.2015, Тошкент. Дафнгоҳи: Тошкент. Кўкча. Шайх Зайниддин қабристони.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, собиқ СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган.

Насаб ва таваллуди. Болалик ва ўсмирлик йиллари . Талабалик даври. Ишлаган вазифалари, бажарган ишлари. Илмий фаолияти. Устозлари. Шогирдлари. Олган ижозалари. Берган ижозалари. Асарлари.; Ташқи сифатлари. Маънавий сифатлари. Ажойиботлари. Шаҳодат ва ёрлиқлари. Аъзо бўлган ташкилот ва муассасалари. Оиласи. Вафоти. Башоратлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида олимларнинг фикрлари. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга билдирилган танқидлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотида билдирилган таъзиялардан намуналар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга атаб ёзилган марсиялардан намуналар.


Насаб ва таваллуди: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг насаби қуйидагича: 1. Маралбой. 2. Мирзабой. 3. Араббой. 4. Қаламбой. 5. Эшбўта. 6. Қўшбўта. 7. Бойбўта. 8. Муҳаммад Юсуф. 9. Муҳаммад Содиқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21ражаб – мелодий 1952 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган. Болалик ва ўсмирлик йиллари: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ) ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган (Аллоҳ раҳматига олсин). Оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам ниҳоятда парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришган. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмас эди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратган. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди. Шайх Муҳаммад Содиқнинг отаси унинг илк устози бўлган. Муҳаммад Содиқ Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. Ёшлигидан илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйди. Шунингдек, Муҳаммад Юсуф домла ҳам кўплаб аҳли илмларнинг хизматини қилиб, фарзанди аржумандининг ҳақига жуда кўп дуолар оларди. Талабалик даври: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди. У пайтда мадрасадаги ўқиш 7 йиллик бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқни ўша кунгача ҳосил қилган билими асосида бир йўла 5 босқичга олишди. Натижада у мадрасани 3 йилда тамомлади. Уни дарсда, илмда илғорлигидан мадарасадаги талабалар «пешқадам» деб аташарди. Муҳаммад Юсуф домла ҳам фарзандининг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлини бошқалар орақали махсус кузатиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1973 йили мадрасани тугатди. Шу йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га ўқишга кирди. Қабул имтиҳонидан юқори баҳоларда ўтган Муҳаммад Содиқ институтга ҳам бир йўла 3 босқичга қабул қилинди ва уни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди. Муҳаммад Содиқ институт барномасидан ташқари махсус устозлардан алоҳида дарс ҳам оларди. Институтнинг энг илғор талабаси сифатида танилганди. У ҳатто 10 дақиқалик танаффусни ҳам, азон билан такбир орасидаги қисқа вақтни ҳам китоб мутолааси билан ўтказар эди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз меҳнат фаолиятини 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида бошлади. 1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга кирди. Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг истеъдодли талаба сифатида танилди. У олийгоҳ дарсларига мунтазам қатнашарди ва унга дарсларни тайёрлашда ҳамда имтиҳонларни юқори даражада топширишга шунинг ўзи кифоя қиларди. Тиришқоқ талаба олийгоҳ барномасидан ташқари, ўша ердаги устозлардан алоҳида дарслар ҳам олди, мустақил мутолаа билан ҳам шуғулланди. Ўша пайтларда у дарсдан ташқари турли мавзудаги китоблардан ҳар куни 100 саҳифа ўқишни ўзига вазифа қилиб олган эди. У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва дорулфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг талабалик йиллари мазкур ҳолатда ўтган бўлса да, у илм талабини умрининг сўнгги дамларигача тарк қилмади. Кундалик ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам ҳаётининг охиригача тўхтатмади. Иш юзасидан қилган юзлаб сафарларидан уйга фақат китоб олиб келарди ва ўзи учун янгилик бўлган ҳар қандай китобни ўқиб чиқарди. Ишлаган вазифалари, бажарган ишлари: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди: 1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси; 1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини; 1984 йилдан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишладилар.1981 – 1989 йиллар мобайнида институтда тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди. Шайх ҳазратлари Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди: бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни жорий қилди. Жумладан, «Қуръон илмлари», «улумул ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул баян, Манҳалул ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъаҳадга олиб кирди. 1989 йили 6 февралдан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси лавозимида фаолият бошлади. Шу йилнинг декабр ойида собиқ СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди.1993 йил июнь ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди. Шайх Муҳаммад Содиқ муфтийлик даврларида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда собиқ СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўплаб ҳақ ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди ва мақсадга эришди. Мусулмонлар учун минглаб масжид мадрасалар очилишида улкан ташаббус кўрсатди. Шайх ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари натижасида собиқ СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзу бўлган муборак Ҳаж сафарига йўл очилди. Мусулмонларнинг улкан жамоасига ҳаж ибодатини эмин эркин адо этиб келишлари учун рухсат олинди. Унинг муфтийлик даври мобайнида борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътибор, меҳмоннавозликка мушарраф бўлдилар ва бу ҳолат 1993 йилгача давом этди. Устозлари: Бухорода Шаҳобиддин қорида қироатдан, Мухторжон домлада «Алфия»дан, шунингдек, Усмонжон домла, Қосимжон домла, Абдуллатиф домла каби йирик олимлардан мадраса барномасидан ташқари алоҳида дарслар олди. Тошкентда ҳам институт дарсларидан ортиб Исмоил махдум, Юсуфхон Шокиров каби олимлардан таҳсил олди. Ливияда ўқиган кезлари ҳам олийгоҳ дарсларидан ташқари, ўша ердаги олимлардан алоҳида илм ўқиди. Кейинчалик машҳур Муҳамад ибн Алавий Моликий, Абу Ҳасан Надавий, Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис Араконий каби Ислом олами уламоларидан турли соҳаларда илм ва ижозалар олишга эришди. Шогирдлари: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида 1981 – 1989 йиллар орасида мударрислик қилди. Ўша йилларда институтда ўқиган барча талабалар унинг шогирдлари бўлган. Жумладан, Кавказ бош муфтийси Исмоил Бердиев, Россия муфтийси Равил Айниддин, Чеченистон муфтийси ва илк президенти Аҳмад Қодиров, доғистонлик имом Муҳаммад Расул, озарбайжонлик олим Мулкадор каби кўзга кўринган дин арбоблари ҳам у кишининг шогирдлари эди. Бундан ташқари, Ливияда Анвар Аҳмад, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ, Муҳаммад Умар, Муҳаммад Қурбон, Ризққулбек каби бир қанча ўзбек талабаларига ҳам алоҳида устозлик қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ 2000 йилда Ўзбекистонга қайтиб келгач, мамлакатдаги кўплаб илм аҳлларига устозлик қила бошлади. Шайх ҳазратлари ёзган асарлари, мавъизалари, бутун саъй-ҳаракатлари билан нафақат туркийзабон мусулмонларга, балки Исломни қабул қилган бошқа миллат вакилларига ҳам аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш йўлида устоз муршидлик қилиб келди. Олган ижозалари: 1. Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис ал Араконий ал Маккийнинг ижозаси. Унда шундай дейилади: «У (яъни санад) Исломнинг хоссаларидандир, Исломда ҳам аҳли суннанинг хоссасидир. Бинобарин, Шайх Муҳаммад Содиқ ибн Шайх Муҳаммад Юсуф олиҳимматлик билан мендан ҳадиси шариф ва бошқа соҳаларда ижоза сўради. Мен шундай дейман: «Мазкурга – Аллоҳ бизга ҳам, унга ҳам ажрларни ошириб берсин – барча марвиётларим, санадларим, сабтларим, ижозаларим ҳамда 150 дан ортиқ асарларимда умумий мутлақ ижоза бердим, худди турли юртлардан юздан ортиқ шайх менга ижоза берганидек. Бу эса ҳадис ва асар аҳлининг наздида эътиборли бўлган шарт асосидадир». 2. Ҳадис китоблари бўйича Имом Ҳофиз Ибн Ҳажарга етиб борадиган муҳаддислар силсиласига уланган Абу Ҳасан Надавийнинг ижозаси. 3. Имом Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан Насафий ал Ҳанафийнинг «Мадарикут танзил ва ҳақоиқут таъвил» асари бўйича Абу Бакр ибн Аҳмад ал Малийборийдан муаллифгача боғланган ижоза. Берган ижозалари: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф минтақада унутилаёзган бир анъанани – исломий илмий асарлардан ижоза беришни қайта жонлантирди. Имом Абу Баракот Насафийнинг «Мадарикут танзил ва ҳақоиқут таъвил» номли машҳур тафсиридан, Имом Бухорийнинг оламга машҳур, Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли китоб дея эътироф этилган «Ал Жамиъус соҳиҳ» асаридан бир қанча шогирдларига ижоза берди. Илмий фаолияти: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илк мақолалари 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» нашриётида ишлаган кезлари нашр қилина бошлаган. 1991 – 1993 йиллари «Тафсири Ҳилол» номли Қуръони Карим тафсирининг 28 – 30 жузлари ҳамда «Поклик иймондандир» китоби, 1992 йили «Иймон» ва «Шоядки тақводор бўлсак», 1997 йили «Ислом мусаффолиги йўлида» асарлари чоп қилинди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993 – 2001 йиллар орасида ҳижратда бўлдилар. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилдилар. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик 6 жилддан иборат «Тафсири Ҳилол», ҳадиси шариф шарҳига бағишланган 39 жилддан ташкил топган «Ҳадис ва Ҳаёт» асарларини айни ўша йилларда тасниф қилди. «Тафсири Ҳилол» китобининг қолган 27 жузини Қуръони Карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада – Ҳарам олдида таълиф этди. «Ҳадис ва ҳаёт» асарини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида у зотнинг изнлари билан бошлади ва қолган қисмини Ливияда ёзиб тугатди. Ундан ташқари, кўплаб давлатларда бўлган халқаро конференцияларда, илмий анжуманларда фаол иштирок этди, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келди. Ўзбекистонликлар Шайхни жуда катта қувонч билан кутиб олишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз юртида 2001 – 2015 йиллар орасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борди. Кўплаб китоблари, овозли ҳамда тасвирли ёзувлардаги илмий суҳбатлари, мавъизалари, туркум дарслари, маърака йиғинлардаги маърузалари, халқаро интернет саҳифасидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол жавоблари билан халқнинг диний саводи ошишига, кишиларнинг соф Исломни англашига улкан ҳисса қўшди. Унинг илмий асарлари сабабли халқ орасидаги кўплаб ихтилоф ва тортишувлар барҳам топди, ҳанафий мазҳаби мустаҳкамланди, хатарли фитналарнинг олди олинди, қанчадан қанча адашган инсонлар тўғри йўлни тута бошлади, мусулмончиликдан бехабар одамлар ўз мусулмончилигига қайтди, эл орасида тинч тотувлик, дўстлик руҳи таралди. Шайхнинг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага илк бор асос солинди. Ушбу islom.uz сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. Islom.uz портали асосида турли йўналишлардаги йигирмадан ортиқ мустақил саҳифа яратилиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди. У тўққизта ҳадис тўплами таржимасидан иборат «Олтин Силсила» ҳамда катта «Ислом қомуси» лойиҳалари асосчисидир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур фаолиятлари билан Марказий Осиёда илмий уйғониш ясади. Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. Шайх юқорида кўрсатилган ўз шиорига ҳар доим амал қилди. Соф Исломни ўрганиш, ўргатиш ва унга амал қилиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Юзлаб шогирдларни тарбиялади. Унга ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон саноғи йўқ. Бир қанча асарлари рус тилига таржима қилинди. Шайхнинг ташаббуси билан русийзабон халқларга ҳам улкан исломий илмлар етиб бормоқда. Шунингдек, асарлари уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ каби бир мунча қардош тилларга ҳам таржима қилинган ва қилинмоқда. Марказий Осиёда бунчалик сермаҳсул, унумли ва таъсирли ижод қилган олимни ўтган икки уч аср ичида топиш мушкул. Асарлари: Ёзма асарлар: 1. Қуръони Карим маънолари таржимаси. 2. «Тафсири Ҳилол». Қуръони Карим тафсирига бағишланган, йирик олти жилддан иборат; 3. «Ҳадис ва Ҳаёт». Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш «Ат тажул жамиъ лил усул фи аҳадисир росул» асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган. Улар қуйидагилардир: 1-жуз. Муқаддима. 2-жуз. Ислом ва Иймон китоби. 3-жуз. Ният, Ихлос ва Илм китоби. 4-жуз. Поклик китоби. 5-жуз. Намоз китоби-1. 6-жуз. Намоз китоби-2. 7-жуз. Намоз китоби-3. 8-жуз. Закот китоби. 9-жуз.Рўза китоби. 10-жуз. Ҳаж ва Умра китоби. 11-жуз. Савдо, Зироат ва Вақф китоби. 12-жуз. Фароиз ва Васият китоби. 13-жуз. Никоҳ, Талоқ ва Идда китоби. 14/15-жузлар. Қасамлар, назрлар ва ов китоби. 16/17-жузлар. Таом, шароб ва либос китоби. 18-жуз. Тиб ва Дам китоби. 19-жуз. Оламларга раҳмат пайғамбар. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси. 21-жуз. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо. 22-жуз. Усмон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо. 23-жуз. Жаннат башорат берилганлар ва аҳли байт. 24-жуз. Пешқадамлар розияллоҳу анҳум. 25-жуз. Нубувват хонадони хонимлари. 26-жуз. Ансорлар розияллоҳу анҳум. 27-жуз. Ахёрлар ва Диёрлар фазли. 28-жуз. Тафсир китоби. 29-жуз. Тафсир, Туш ва Масаллар китоби. 30-жуз. Қуръон фазилатлари китоби. 31-жуз. Сияр ва Мағозийлар китоби. 32-жуз. Фитналар ва Қиёмат аломатлари китоби. 33-жуз. Сияр ва Мағозийлар китоби. 34-жуз. Яхшилик ва Ахлоқ китоби. 35-жуз. Дуолар, Зикрлар, Истиғфор ва Тавба. 36-жуз. Зуҳд ва Рақоиқлар китоби. 37-жуз. Адаб китоби. 38-жуз. Ҳадлар китоби. 39-жуз. Амирлик ва Қозилик аломатлари.

4. Сунний ақидалар. 5. «Ақийдатут-таҳовия» шарҳининг талхиси. 6. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. 7. Усулул фиқҳ. 8. Кифоя (Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафийнинг «Ан нуқоя фи мухтасарил виқоя» асарининг таржима ва шарҳи). 9. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. 10. Мазҳаблар – бирлик рамзи. 11. Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар. 12. Қуръон илмлари. 13. Мусталаҳул ҳадис. 14. Тасаввуф ҳақида тасаввур. 15. Руҳий тарбия: 1 жилд «Покланиш», 2 жилд «Тикланиш», 3 жилд «Хулқланиш». 16. Хислатли ҳикматлар (Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ҳикам»ига ёзилган шарҳ). 5 жилд. 17. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (таржима). 18. Зикр аҳлидан сўранг (савол жавоблар тўплами). 4 жилд. 19. Одоблар хазийнаси (Имом Бухорийнинг «Ал адабул муфрад» асарининг таржима ва шарҳи). 4 жилд. 20. Яхшилик ва силаи раҳм (Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг «Китабул бирри вас сила» асарининг таржима ва шарҳи). 21. Исломнинг мадори бўлган ҳадислар рукни (кичик 4 жилд). 22. Иймон. 23. Исломда инсон ҳуқуқлари. 24. Исломда экология. 25. Васатия – ҳаёт йўли. 26. Мукаммал саодат йўли. 27. Оила фароғат қасри. 28. Бахтиёр оила. 29. Ижтимоий одоблар. 30. Ислом – соф табиат дини. 31. Дин насиҳатдир. 32. Бозор ва унга боғлиқ масалалар. 33. Қарз ва унга боғлиқ масалалар. 34. Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати. 35. Ёлғон. 36. Исроф. 37. Шоядки тақводор бўлсак. 38. Мўминнинг мерожи – муфассал намоз китоби (кирил ва лотин алифболарида);. 39. Рамазонни қаршилаб. 40. Ҳидоят имоми – Имом Абу Мансур Мотуридий. 41. Самарқанднинг сара уламолари. 42. Очиқ хат. 43. Кексаларни эъзозлаш. 44. Соғлом бола.

Рус тилидаги китоблари: 1. Ийман, Ислам, Куръан. 2. Суннитские вероубеждения. 3. Васатыя – путь жизни. 4. Истина о сути гадания, колдовства, изгнания джиннов и нетрадиционных методов лечения. 5. Разногласия: причины и решения. 6. «Тафсири Хилал» 30-джуз; 7. «Тафсири Хилал» 1 и 2 том; 8. «Хадисы и Жизнь»: 1-том «Введение», 2-том «Ислам и Ийман», 3-том «Намерение, ихлас и знание», 4-том «Чистота», 18-том «Исцеления и рукйа», 19-том «Пророк, явившийся мирам милостью». Тасвирли ёзувлар: 1. Ижтимоий одоблар: 2012 йил Рамазон суҳбатлари (7 та диск). 2. Рамазон туҳфаси: 2013 йил Рамазон суҳбатлари (6 та диск). 3. Алоҳнинг зикри ила қалблар ором топур: 2014 йил Рамазон суҳбатлари (5 та диск). 4. Бахтиёр оила (2та диск). 5. Ибратли дунё. 6. Одоблар бўстони (2 та диск). 7. Зикр аҳлидан сўранг (2 та диск). 8. Ҳикматли дунё (5 та диск). Руҳий тарбия: 1.Муқаддима. 2.Ҳусни хулқ. 3.Илм. 9. Руҳий тарбия: 4.Қалбни тозалаш. 5.Намоз. 6.Закот. 10. Руҳий тарбия: 7.Рўза. 8.Ҳаж. 11. Руҳий тарбия: 9.Қуръон тиловати. 10.Зикр.11.Кун тартиби (1). 12. Руҳий тарбия: 12.Кун тартиби (2).13.Тафаккур. 13. Руҳий тарбия: 14.Муробата. 15.Нафс поклиги. 16.Ҳусни хулқ (1). 14. Руҳий тарбия: 17.Ҳусни хулқ (2). 18-Тил офатлари. 15. Руҳий тарбия: 19.Ёлғон. 20.Ғийбат. 21.Чақимчилик. 16. Руҳий тарбия: 22.Маддоҳлик. 23.Куфр. 17. Руҳий тарбия: 24.Ширк.25.Фосиқлик. 2.Бидъат. 18. Руҳий тарбия: 27.Риё. 28.Ҳасад.

Овозли ёзувлар: 1. Қуръони Карим маънолари таржимаси (6 та диск). 2. «Тафсири Ҳилол»: 23 – 30 жузлар. 3. «Ҳадис ва ҳаёт»: 2 – 21, 23 – 27, 30, 34 – 36 жузлар. 4. Руҳий тарбия: 1 – 88 мавзулар (3 та диск). 5. Ҳикматли дунё (8 та диск). 6. Ҳадис сабоқлари (2 та диск). 7. Сунний ақийдалар. 8. Иймон. 9. Ҳаж китоби;. 10. Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар. 11. Яхшилик ва силаи раҳм китоби. 12. «Ал адабул муфрад». 1 – 3-жилдлар. 13. Мукаммал саодат йўли. 14. Васатия. 15. Бахтиёр оила. 16. Қуръон илмлари. 17. Зикр аҳлидан сўранг. 1 – 3 қисмлар.

Булардан ташқари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эл юрт бўйлаб кўплаб йиғинлар, турли тадбирларда иштирок этарди. Уларда ҳам илмий маърифий суҳбатлар, исломий даъватлар олиб борган. Рамазон ойида масжидларда махсус суҳбатлар уюштириб, уларда алоҳида рукн асосида илмий мавъизалар қилган. Ташқи кўринишлари: Шайх Муҳаммад Содиқ бўйчан, барваста, тикқоматли, келишган, бақувват, кўркам киши эди. Қизғиш оқ рангли, соч соқоли ўзига ярашган, тишлари текис, қошлари қалин, юзлари нурли, нигоҳи ўйчан, ҳайбатли, ниҳоятда виқор ва маҳобатли, баркамол инсон эди. Соч соқолини ортиқча ўстирмасди. Танаси соғлом, кучли, чиниққан, одимлари дадил ва енгил, юришлари салобатли, руҳи доим тетик, юраги бақувват инсон эди. Қандай кийим кийса, ярашарди, балки либос унинг эгнида кўркамлашиб кетарди. Овози маҳобатли, залворли, нутқи чиройли, дона дона, тафаккури теран эди. Фикрларини тингловчига гўзал ва содда етказиб бера оларди. Мавъизалари тушунарли, пурмаъно, тингловчини ром қиладиган, эшитиб тўймайдиган бўларди. Ўта мураккаб фикрларни оддий инсон тушунадиган сўзлар билан ифодалай оларди. Шайх ўз саломатлигига яхши эътибор қаратарди, мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланар, емоқ ичмоғининг фойдали ва тартибли бўлишига аҳамият берар эди. Вақти вақти билан сиҳатгоҳ муолажаларини олиб турарди. Маънавий сифатлари: Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами яна да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самимий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, ватанпарвар, халқпарвар, олижаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб интизомни, гўзалликни яхши кўрарди. Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас, ўзига нисбатан қилинган хатокорликларни ҳам кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўлар, майдакашликни ёқтирмас, ғийбат иғвога мутлақо қарши эди. Ўзининг хайрли ишларини, ҳар қанча салмоқли бўлмасин, буюк санамас, барчасини ёлғиз Аллоҳдан кўрарди. Ўзгаларнинг хайрли ишларини жуда ҳам олқишлар, уларнинг муваффақиятларидан беҳад қувонарди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону Суннатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя қилар, Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлсалар, аввало, ўзлари унга амал қиларди. Дунё матоҳини умуман эътиборга олмас эди. У кишининг дину эл ташвишидан бошқа ғами бўлмаган. Шайх Муҳаммад Содиқнинг илмга муҳаббати чексиз эди. Унинг учун энг қадрли ва қимматли нарса вақт эди.Талабалик давридан бошлаб кун тартиби ва кундалик вазифаларни тайинлаб олган бўлиб, бу низом «темир қонун» саналарди. Бирор онни беҳудага сарф қилмас эдилар. Шунингдек, ҳар нафасда қалбан зикр ва муроқабада турарди. Шайх Муҳаммад Содиқда улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳо билан тавозуъ, подшолардек сиёсатдонлик билан оталардек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толиблик жамланган эди. У киши буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмади, юксак шон шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини йўқотмайдиган забардаст шахс эди. Шайх Муҳаммад Содиқ меҳри дарё, бағрикенг инсон эди. Ҳеч кимдан меҳру мурувватини аямас, ҳар кимнинг арзини эшитар, додига қулоқ тутар эди. Шайх билан мулоқот қилган ҳар қандай одам у кишига ўзини яқин ҳис қилар эди. Ҳатто одамлар ўз дардларини ота онасидан кўра у кишига арз қилишни кўпроқ исташарди. Ажойиботлари: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Аллоҳ таоло бир қанча кароматлар билан сийлаган эди. Аввало, у кишининг ёзган ҳар бир асарлари халқнинг энг долзарб муаммосини ҳал қилувчи илҳом бўларди. Ёзган асарлари, айтган сўзлари мусулмон оммасининг қалбига мақбул тушарди. У кишига берилган замон кенглиги инсонни ҳайратга соларли даражада эди. Ёзган асарлари ва юритган фаолиятларини кузатган инсон уларни вақт қолипига сиғдира олмас эди. Уламолар айтганларидек, кароматларининг энг буюги Ислом хизмати йўлида берилган кароматдир. Чунки бошқа кароматлар вақтинча бўлиб, дин хизмати учун берилган каромат бардавом, абадий бўлади. Шунингдек, кўпинча кишиларнинг қалбидаги ўйларни у кишига Аллоҳ аён қилиб қўярди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дуоси ижобат инсон эди. У кишидан дуо олиб, тездан натижа кўрганларнинг сон саноғи йўқ. Шаҳодат ва ёрлиқлари: 1. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти шаҳодатномаси. 2. «Исломий даъват куллияси» олийгоҳининг Араб тили ва исломий илмлар бўйича «лицензият» шаҳодатномаси, 1980 йил. 3. Ливия Жамоҳирияси томонидан берилган «Буюк Фотиҳ» медали. 1989. 4. Миср араб Республикаси тарафидан берилган биринчи даражали «Илм ва Фан» медали. 28.01.1992. 5. Россия марказий диний идораси – Россия муфтийлари шўро мажлиси томонидан берилган «Ал фахр» ордени. 01.12.2014. Аъзо бўлган ташкилот ва муассасалари: 1. Маккаи Мукаррама шаҳридаги Ислом олами Робитаси таъсис мажлиси аъзоси. 2. Бутун дунё тасаввуф уюшмасининг аъзоси. 3. Бутун дунё исломий халқлар бошқарувининг бош котибияти аъзоси. 4. Бутун дунё даъват уюшмаси аъзоси. 5. Бутун дунё уламолар кенгаши уюшмаси аъзоси. 6. Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси аъзоси. 7. Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроий қўмитаси аъзоси. 8. Бутун дунё масжидлар уюшмасининг аъзоси. 9. Иорданиядаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси аъзоси.

Оиласи: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1974 йили Исмоил махдум домланинг қизи Фотимахонга уйланди. Бир ўғил, икки қизи бор: Исмоилжон Муҳаммад Юсуф, Одинахон Муҳаммад Юсуф, Оминахон Муҳаммад Юсуф. Барчалари илм маърифат йўлидалар. Вафоти: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 05.05.1436/10.03.2015 куни шомдан кейин Тошкентда юрак хуружидан вафот этди. Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин масжидида жанозалари ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши етиб келди. У киши Масжид ёнидаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн этилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти мусулмон умматига, хусусан, ўзбекзабон мусулмонларга катта мусибат бўлди. Ўша кунларда у зотнинг вафоти халқ орасида ва ижтимоий тармоқлардаги энг улкан ҳодисага айланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг мусулмонлар қалбидан қанчалар буюк ўрин олгани намоён бўлди. У зотга атаб марсиялар битилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кишиларнинг ихлос муҳаббатини нақадар қозонганига яна бир далолат шуки, у кишининг ортидан бутун халқ дуойи хайрлар, ўз ихтиёрлари билан минлаб хатми Қуръонлар қилишди, хайру садақалар, турли маросимлар уюштиришди. Бир қанча хорижий давлатлардаги мусулмонлар ҳам ҳақларига тиловати Қуръон ҳамда ғойибона жаноза ўқишди. Жанубий Кореяда Кожедодаги янги очилган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилди. Башоратлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлик тугади, энди мубашширотлар – хушхабарчи тушлар қолди», деганлар. Аллоҳ таолонинг инояти билан Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир мунча башоратлар ҳам бўлди. Биз улардан мисол келтириш билан кифояланамиз. Замонанинг энг улуғ ҳанафий олимларидан ҳисобланган Муҳаммад Аввоманинг ўғли ёш, забардаст олим шайх Муҳйиддин Аввома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этган кеча эрталаб ўғли Исмоилжонга хат ёзди. У ўша тонгда тушида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни жуда гўзал ҳолатда кўрганини, Шайх Муҳаммад Содиқ унга Аллоҳнинг ҳузурида «шаҳид» деб қабул қилинганини айтганини сўзлаб берди. Ҳолбуки, у ҳали Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотини эшитмаган экан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жияни Абдуллатиф қизи Фарида Шайх вафот этган кун, ҳали дафн қилинмасидан бурун кўрган тушини шундай ҳикоя қилади: «Бомдодга яқин кўзим илинибди. Тушимда Ҳазратни кўрдим. Вафот этган жойларида ётибдилар. Бошлари ўғиллари ёки жиянларининг тиззасида. Кўзлари юмуқ эди. Мен энгашиб: «Ҳазрат, жонингиз узилдими?» дедим. У киши кўзларини очиб юмиб «ҳа» дея ишора қилдилар. Мен: «Қийналмадингизми?» дедим. У киши: «Йўқ. Фаришталар жонимни эркалаб олишди. Аллоҳ таолонинг жамолини узоқдан кўрдим», дедилар. Мен ҳайрон бўлиб: «Унда қандай қилиб мен билан гаплашяпсиз?», десам, жилмайиб қўйдилар. Кейин уйғониб кетдим». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотидан бир неча кун бурун жуда кўпчилик тушида озиқ тиши тушганини кўрган. Маълумки, кишининг тушида тиши тушса, яқини вафот этишидан дарак бўлади. Бу эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кўпчиликнинг қалбида худди уларнинг отасидек ўрин олганига далолат қилади. Шунингдек, жуда кўпчилик тушида у кишини пайғамбарлар, авлиёлар билан кўрганини зикр қилишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида олимларнинг фикрлари: Ургутлик олим, фақиҳ, мутасаввиф, кароматлари зоҳир Арабхон эшон ўз вафотидан бир йилча бурун шогирдларига: «Биздан кейин Шайх Муҳаммад Содиқни маҳкам ушлайсизлар», деб васият қилган эди. Доғистонлик олим Муҳаммад Ҳабибуллоҳ: «Мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга муфтийлик даврида маслаҳатчи бўлганман. У кўплаб илмда моҳир эди. Эскию янги китобларни яхши биларди. Доғистон, Кавказ ва Ўрта Осиё уламолари бир овоздан унинг буюк олимлигини эътироф этган. У киши Исломга жуда катта хизмат қилганлар. У кишининг ҳақларида нима яхши гап бўлса, айтинг, нима мақтов бўлса, сўзланг, барибир кам». Қирғизситонлик олим Шайх Алоуддин Мансур шундай дейди: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни илм аҳлигина яхши танийди. У киши илм толиблари ва барча халқ учун юқори ҳаракат билан шунча катта илмий мерос қолдирган бўлса да, ўзидаги илмнинг ҳали учдан бирини ҳам тақдим қилиб бўлмаган эдилар. Шайхнинг нақадар улкан дарахт эканлари йиқилганларида аён бўлди». Қуйида келадиган таъзияномаларда ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир қанча уламоларнинг фикрларини ўқиш мумкин. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга нисбатан билдирилган танқидлар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам кўплаб олимлар қатори қарши тарафлардан бир қанча танқидий қарашларга йўлиқди. Аммо мазкур танқидлар илмий асосга эга эмас. Асосан, кичик жузъий камчиликлар ёки тушунмовчиликлардан иборат. Ҳолбуки, пайғамбарлардан бошқаси маъсум бўлмаслиги, Қуръондан бошқа ҳар қандай китобда камчилик бўлиши табиий. Аммо у кишининг ижодида илмий янглишув, ғоявий адашув кузатилмаган. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳақида Хулайбий Имом Абу Ҳанифанинг шаънида айтган гапни айтиш мумкин: «Унга фақат ё ҳасадгўй, ё жоҳил тил тегизади». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти муносабати билан билдирилган таъзиялар: 1. Мусулмон уламолар халқаро уюшмасининг таъзияси: «Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари вафот этишлари муносабати билан бутун ислом умматига чуқур ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор этади. Шайх жаноблари Ўзбекистон Республикасининг собиқ муфтийси ва Мусулмон уламолар халқаро иттифоқининг васийлик кенгаши учинчи мажлисининг собиқ аъзоси бўлганлар. Зикр қилинишича, шайх Муҳаммад Содиқ Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилганлар. Бундан ташқари у кишининг қаламига мансуб исломий илмлар соҳасида бир неча юзлаб китоблар ҳамда таржималар нашр этилган. Бу муҳтарам зотнинг дунё бўйлаб турли исломий анжуманларда қатнашганлари диққатга сазовордир. Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларининг оила аъзоларига, шогирдларига, издошларига, муридларига ва барча мухлисларига ҳамда Ўзбекистон халқи, раҳбарлари ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этади. Аллоҳдан ушбу зотни Ўз раҳмати ва мағфиратига олишини ҳамда дини ва миллатига тақдим этган улкан ишларини Ўз даргоҳида қабул этишини сўраб, у муҳтарамнинг барча мухлисларига сабру тоқат сўраб қолади». Доктор Юсуф Қарзовий Докор Алий Қорадоғий.

2. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг таъзияномаси: «Куни кеча юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон оламига сермаҳсул хизматлари билан танилган муҳтарам устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Биз устозимизнинг ҳар бир қилган ишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини, суннатларини ўрганар эдик. У кишидан илм ва одобни бирдек олар эдик. Устоз диний илмларни ривожлантириш йўлида самарали ижод қилдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, имомлар ва мударрислар номидан Шайх ҳазратларининиг оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. Аллоҳ таоло Устознинг қилиб ўтган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Қолдирган бой илмий меросларидан халқимиз кўп йиллар манфаатдор бўлишини муяссар қилсин! Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг охиратлари обод бўлсин!»

3. Омск шаҳри ва Омск вилояти мусулмонлари марказлаштирилган диний идораси таъзияномаси: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин! Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга , уларнинг оила аъзоларига ва барча саҳобаларига дуруду салавотлар бўлсин! Бу, Омск шаҳри ва Омск вилояти мусулмонлар уммати муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотлари муносабати билан чин юракдан қайғурмоқдамиз. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат Ўзбекистонда, балки бугунги Ислом оламида катта ҳурматга эга ва замонамиз мусулмонлари учун намуна эдилар. Мен муҳтарам Шайх ҳазратларини кўпдан бери таниганман. Охирги учрашувимиз 12 декабрь 2014 йилда Москва шаҳрида ўтказилган XX – Умумжаҳон Ислом Форумида бўлган эди. Шунда биз улар билан ҳозирги кун Ислом жамиятидаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилган эдик. Ислом динининг муаззам уламоси сифатида фақатгина дин арбоблари эмас, барча одамларга ҳам ўзларининг оқил маслаҳатларини бериб келганлар. У кишининг вафотлари ҳаммамиз учун катта мусибат ва жудоликдир. Биз, Омск шаҳри вилояти мусулмонлар уммати, муқаддас Қуръони Карим оятларини ўқиб, Парвардигори оламдан жаннатидан Шайхимизга муносиб жой беришини илтижо қиляпмиз. Азиз биродарларимиз, опа-сингилларимиз! Таъзиямизни қабул қилгайсизлар! Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Омск шаҳри ва вилояти мусулмонлари диний идораси муфтийси Бота ҳожи Бакулин.

4. Шимолий Кавказ муфтийлари мажлиси раиси Исмоил Бердиев: «Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Хожига, Чеченистон муфтийларига қўл узатган, юрагини берган, сўзлари билан далда бўлган биринчи одам Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари эди. Чеченистонда ўтказиладиган бирорта анжуман, уруш вақтларида ҳам, Шайх ҳазратларисиз ўтмаган. У кишининг иштироки доимо бизга далда бўлган. Мен Муҳаммад Содиқ ҳазратларини биродаримиз Аҳмад Ҳожининг Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтини тугатиб, қайтган кезларидан бери биламан. Ва ўша пайтлардан дўстлашган эдик. У кишининг уйларида кўп маротаба меҳмон бўлганман. Улар ҳам тез-тез меҳмонга келиб турардилар. Кўплаб Умумжаҳон Ислом конференцияларида, симпозиумларда у киши билан бирга қатнашиш бахтига муяссар бўлганман. Қувайт, Қатар, Саудия Арабистони, Туркия, Миср, қаерда бўлмайлик, бу инсон ўзининг олижаноблиги, тақвоси ва ўз юртининг хақиқий фарзандилиги билан ажралиб турарди. Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари кўплаб Умумжаҳон Ислом ташкилотларининг фахрли аъзоларидан эди. Ҳамма ерда у кишини танишган, ҳурмат қилишган ва эъзозлашган. Шунинг учун ҳам бугун одамлар севимли Муҳаммад Содиқ ҳожимизнинг барвақт вафоти ҳақида қайғурмоқда. Чеченистон ва Шимолий Кавказнинг масжидларида биродаримиз Муҳаммад Содиқ ҳожининг руҳи покларига атаб дуолар ҳамда хатми Қуръонлар қилинмоқда. Ҳар бир хонадон барвақт ҳаётдан кўз юмган биродаримиз ҳақида қайғуга чўмган. Аллоҳга дуо қиламиз, жаннатларини насиб айласин ва ўша олий жаннатларда у киши билан бирга бўлишга бизларни муяссар қилсин. Ўғиллари Исмоил ҳожи ва қолган оила аъзоларига гўзал сабр сўраймиз. «Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир». Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ».

5. Муборак Ақсо масжидининг хатиби, Қуддус шарифдаги Ислом олий ҳайъатининг биринчи ноиби, вақф ва дин ишларининг собиқ вазири Шайх доктор Жума Саломанинг таъзияномаси: «Марҳаматли дўст, собиқ муфтий, Ўзбекистон уламолари улуғи аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1436- ҳижрий йилнинг Жумадул аввал ойи 19-санаси, милодий ҳисоб бўйича 2015 йил 10 март сешанба куни 63 ёшда вафот этди. Бу инсон замондош уммат уламоларининг катталаридан саналар эди. Халқнинг ислом йўлида кенгайиши ҳимоясида унинг катта роли бор эди. Собиқ Совет Иттифоқи ичида дин, таълим ва маданий ҳуқуқларни қайтиб беришни талаб қилишда мусулмонларга бошчилик қилди. Аллоҳ раҳмат қилсин! У киши соғлом исломий таълимотни ёйишга, шунингдек, диний саводсизликни тугатишга ҳамда кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатишга иштиёқманд эди. Марҳумнинг ўзбек тилидаги бир қанча китоблари бўлиб, кўп ишларини рус тилидаги таржимаси ҳам амалга оширилган эди. Ўзбек тилида Қуръони Каримга 6 жуздан иборат тафсир ёзиб, уни «Тафсири Ҳилол» деб номлади. «Ал-Жомеъу лил-усул фий шарҳи аҳадисир-Росул» китобига 39 жуздан иборат шарҳ ёзди. Аллоҳ таолодан ушбу суюкли кишини ўзининг кенг раҳмати ва мағфирати билан ўраб олишини сўраймиз. Ислом умматига тақдим этган илм нури эвазига розилик ва мукофот беришини тилаймиз. У ва у каби амал қилгувчи уламолар эвазига яхши ўринбосар беришини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ёлбориб сўраймиз. «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз».

6. Шайх Абу Бакр Аҳмаднинг таъзияси: «Ҳаммамиз Аллоҳникимиз! Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз! Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси катта уламо ва аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот этди. У ҳамаср уламоларнинг буюги эди. Одамлар орасида Исломни ривожлантиришда ва муҳофаза қилишда катта ўрни бор эди. У Қуръони Каримнинг ўзбек тилида 6 жилдлик тафсирини ёзган. Аллоҳ бу иши учун уни мукофотласин. Аллоҳ раҳматига олсин. Аллоҳ уни мағфиратига ва ризосига киритсин. Аллоҳ азза ва жалла жаннатул Мавога киритсин. Фирдавс жаннатининг олий мақомидан жой берсин. Ўзига яқинлаштирсин ва мақомини юқори қилсин!»

7. Шайх Ҳабиб Алий Жифрий таъзияси: «Ҳаммамиз Аллоҳникимиз! Ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз!» «Ўзбекистон уламоларининг улуғи, шайхимиз аллома Муҳаммад Содиқ Аллоҳнинг раҳматига кўчдилар. У зот замондош уммат уламоларининг киборларидан бўлиб, ўз халқининг Исломга мансублигини асрашда жуда муҳим вазифани бажардилар. Қуръони Каримнинг ўзбек тилида олти жилдли тафсирини ёзганлар. Бу китобдан жуда улкан манфаатлар бўлиб, ҳатто айрим қизлар никоҳ маҳрлари учун мазкур тафсирни сўрашади. Аллоҳ у зотни раҳмат этсин! Жаннатнинг олий Фирдавсидан маскан берсин. Аҳллари, талабалари, ватандошлари ва уммат ичидан у зотга солиҳ ўринбосар чиқарсин!»

8. Саудия Арабистони подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонаси таъзияномаси: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзанди аржуманди биродаримиз Исмоилжон! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимуҳуллоҳнинг вафоти хабарини бениҳоя ғам-андуҳ билан қарши олдик. У киши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом оламининг энг йирик уламоларидан бири эдилар. Йўқотганимиз бу улуғ зот хотираларимизда Ислом илмларига, Ислом ва мусулмонлар хизмати йўлида бағоят улкан ҳисса қўшган буюк олим бўлиб қолажакдир.

      Сизларга бу мусибатда ўзимизнинг чуқур таъзиямиз, чин ҳамдардлигимизни билдирамиз, Аллоҳ таолодан у кишини мағфират қилиши, раҳмати билан қамрашини ҳамда сизларга сабру салвон илҳом қилишини сўраб қоламиз!

«Албатта, барчамиз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтгувчимиз». Саудия Арабистонининг Тошкентадги элчиси Доктор Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Шойиъ.

9. Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хёфер-Виссинг Найтхарт: «Бундай олим инсон билан танишиб, суҳбатлашишга муяссар бўлганимдан жуда бахтиёрман. Шайх жаноблари менда жуда яхши таассурот қолдирган эдилар. Шайхнинг вафотлари нафақат сиз – оила аъзоларига, нафақат ўзбек халқига, балки Германияда яшовчи барча мусулмонлар учун катта мусибатдир. Ахир айтадилар-ку: «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир». У зот фақатгина олим эмас, балки буюк инсон эдилар. У киши учрашувимиздан сўнг менга бир қанча китобларини бериб юборган эдилар. Бу китоблар энди мен учун бутун умрга эсдалик бўлиб қолди».

10. Чикаго Ўзбек- Америка Жамияти таъзияномаси: «Биз, Чикаго ўзбеклари, замонамизнинг ва халқимининг буюк олими Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотларидан қаттиқ қайғуга тушдик. Ҳазратимиз умри давомида халқимиз тинчлиги, маърифати ва тарбияси учун қаттиқ курашдилар. Аллоҳ, Ҳазратнинг умрига барокат бергани туфайли, у киши ёзган китоблар, аудио, видео ва интернетда қолдирган илмларини ҳали бери оддий инсон озмунча қисмини бўлса-да ўқиб чиқолгани йўқ. Ҳазратнинг дарди уммат эди, у кишининг интернетда қолдирган илмлари, биз узоқдаги мусофирларга жуда ҳам катта маърифат берди. У кишининг бундай жон куйдириб хизмат қилишларининг холислиги сифатида, Аллоҳ у кишини ҳамма учун суюкли қилиб қўйди.

Биз Чикагодаги ўзбеклар номидан, Шайхнинг оиласига, яқинларига ва шогирдларига таъзия билдирамиз ва уларга сабр тилаймиз. Аллоҳ у кишини жаннатнинг энг олий даражаларига кўтаришларини дуо қилиб сўраб қоламиз. Шогирдларига тилагимиз: у киши бошлаган йўлларини давом эттириб, халқимиз учун жонкуярликда давом этишларида Яратгандан куч-қувват сўраб қоламиз».

11. Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алий Мардон Фард: «Буюк аллома фақатгина бир минтақа учун эмас, балки бутун жаҳон аҳли учун жуда ҳам эъзозли, ҳурматли эдилар. Бутун Ислом оламининг буюк мутафаккир олими вафот этганлиги муносабати билан у зотнинг оила аъзоларига, яқинларига, шогирдларига ва бутун Ислом аҳлига чуқур, самимий таъзиямни билдираман. Шайх ҳазратимизнинг бутун ҳаётлари барча мўмин-мусулмонлар учун Ислом динига хизматдан иборат бўлди. У кишининг ҳаёт йўллари барча мусулмонларга ҳар жиҳатдан ибрат бўлганлиги боис, ўйлайманки, у зотнинг жойлари муқаррар жаннатдир. Айниқса, ҳозирги ихтилофли даврда, баъзи бир гуруҳлар Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ана шу пок таълимотни, соф эътиқодни булғашга интилаётган бир вақтда бу зотнинг кишиларни ҳар жиҳатдан тўғри йўлга бошлаганликлари, ёзган китоблари, берган баёнотлари билан халқнинг, мусулмонларнинг ҳидоятига сабабчи бўлганликлари боис ҳам шайхимизнинг вафотлари ғам-андуҳимизни юз чандон оширди, қалбларимизни ларзага солди. Лекин Аллоҳ таолонинг иродаси, қисмат экан, бунинг олдида бандаси ожиздир. У кишининг фарзандларига, яқинларига, шогирдларига ушбу бошланган хайрли, улуғ ишларда Аллоҳ мададкор бўлишини тилаб қоламиз. Шайхимизнинг вафотлари барчамиз учун жуда катта жудоликдир, бу айрилиқ нафақат ўзбек халқини ёки ушбу минтақани ларзага солди, балки бизнинг юртимизда ҳам мотам кайфиятини уйғотди. Айниқса, юртимиз уламолари ҳамда илм аҳли бу хабардан ғоятда ташвишга тушиб, маҳзун бўлдилар. Юртимизда ҳам уларни хотирлаб маросимлар ўтказилди. Ислом дини йўлида қилган ишлари зикр этилди. Бу ерда шайх ҳазратларининг солиҳ фарзандлари, шогирдлари олиб бораётган хайрли ишларни кузатяпмиз. Ўйлайманки, шайхимизнинг бошлаган буюк ишларини солиҳ фарзандлари, сафдошлари ҳамда шогидлари улуғ эҳтимом билан давом эттирадилар. Шайх ҳазратларининг вафотлари ҳақидаги хабарни Эронда эшитдим, афсуски, таъзиямни ўз вақтида билдира олмадим. Ушбу фурсат учун эса сизлардан беҳад миннатдорман ва барчаларингизга таъзия билдираман. Ташаккур».

12. Мусулмон уламолари халқаро уюшмаси Котибият аъзосининг таъзияномаси: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Фазилатли Устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ. Отангиз, аллома, Шайх Муҳммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотларини эшитиб, жуда ҳам қаттиқ қайғу ва аламда қолдим. Ушбу оғриқли муносабат билан Сизга, барча оила аъзоларингизга, Шайхнинг талабаларига ва бутун ўзбек халқига чуқур таъзия билдираман. Улуғ олим Шайх Муҳаммад Содиқни Аллоҳ раҳматига олсин ва жойларини жаннатда қилсин! «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан кейин: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат сермаҳсул ижод қилиб, кишиларни тўғри йўлга бошлади, балки барча илм аҳлини, ҳамма мусулмонларни тўғри йўлга йўллаб, унда ўзи намуна кўрсатиб, ана шу соф исломий ҳидоятда бир қанча шогирдлар ҳам қолдирди ҳамда илмий ижодкорлик, китоб нашри, халқаро тармоқларда диний таълим тарбия ишларини олиб бориш каби бир мунча хайрли фаолиятларни ҳам изга солиб кетди. Аллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ўзининг ҳузуридаги энг олий мақомларга етказсин!