Kontent qismiga oʻtish

Foydalanuvchi:Bekova Nazora Jo'rayevna/qumloq

Vikipediya, ochiq ensiklopediya

                                                                       

“ҚОЛИБ ЁДИДА САҲФА-САҲФА БОРИ...”

[tahrir | manbasini tahrirlash]

 Бекова Наззора, БухДУ доценти,

филология фанлари (DsC) доктори

Ёшинг ўтган сари одамлар, олимлар ҳақидаги қарашларинг қиёмига етиб бораверар экан. Дунёда яхши одамлар жуда ҳам кўп. Уларнинг борлиги қалбимизга фараҳ бағишлайди. Лекин баъзан кўнгилни хира қиладиган инсонлар ҳам учраб туради.  Кимдир қитмирлик билан ичингдаги гапни билиб олгиси, сўнгра уни икки-учта қўшиб бировларга сотгиси келади. Дўстлар орасини бузиб, уларни бир-бирига ашаддий душман қилиб қўяди. Ундай қавм шундан “завқланади”. Ундайларнинг бошига  Аллоҳ балолар солса ҳам, бу йўлидан қайтмайди. Кимдир қадамингни пойлаб юради. Туҳматлар тўқийди. Ютуққа эришсанг, ўша кеча ухлай олмай чиқади. Кимдир бир озгина қилган “яхшилиги”ни достон қилгиси келади. Кимдир бировдан қасд олмоқчи бўлса, бировнинг қўли билан эришмоқчи бўлади,  ўзини эса ҳар қандай тўдага “садоқатли дўст” шаклида кўрсатади. Кимдир ўзидан бошқа одамни тан олмайди, тирноқ ичидан кир излайди, бировларнинг эзгулик йўлида қилган ишини йўққа чиқариб, ҳафсаласини пир қилгиси келади. Шундай ишларни қилиб туриб, илмда олимликни даъво қилиб, амалсиз илмни кўз-кўз қилишади. Бундай қавмнинг қилмиши бирам хунук кўринади четдан қараганда... Аллоҳ билгувчи, кўргувчи. Буларнинг бирортаси жавобсиз қолмайди...

     Дунё олими боамал билан файзли... Шундай инсонлар борки,  теварак-атрофдаги яхши-ёмон ишларни зимдан кузатиб, ҳасадгўй, ичиқора, иғвогарларга парво қилмайди. Дўсту душманни ажратади, аммо сиртдан муносабатини ўзгартирмайди. Душманлигини билиб туриб, душманига ҳам кулиб гапиради. Ундайларга ҳам яхшилик истайди. Ёлғиз қолганида эса ҳатто душманини ҳам ҳидоятга бошлашни Аллоҳдан ёлвориб сўрайди. Устозларим, касбдошларим орасида шундай файзиёб, яхши  инсонларнинг борлиги менга куч-қувват бағишлайди. Шодмон ака Ҳайитов  худди шундай бетакрор инсонлардан биридир. Шодмон ака ҳамманинг дарду дунёси билан яшайди. Изтиробларинг, армонларингни ўзингдай англайди. Ҳеч кимга билдирмай, қалбинг юм-юм йиғлаётган бўлса, дарҳол сезади бу огоҳ инсон. Керак пайтда далда беради.  Шодмон ака донолик, вазминлик билан ҳар бир ишга ёндашади.

    Шодмон акани 1999 йилдан буён биламан. У кишининг иккита китобларига муҳаррирлик қилганман. Муҳожирлар ҳаёти билан боғлиқ жуда ноёб маълумотларни ўқиб, Шодмон аканинг ҳар бир илмий изланишлари натижасига катта қизиқиш билан қарайдиган бўлдим. Ш.Ҳайитов раҳматлик устозим, ҲАҚАҚАТ ДАРҒАСИ  Раҳим Воҳидовнинг кабинетларига тез-тез келиб, дилдан суҳбатлашар эдилар. Бир куни устоз мени койиб турган эдилар, Шодмон ака келиб қолдилар. Шунда устоз Шодмон акага изоҳ бердилар: “Бу хаёлпараст, китоблардаги ҳақиқатни ҳаётдан излайди, каллаварам... Менга сиз ноҳақсиз, дейди. Кафедра сизнинг шахсий дўконингиз эмас, деб мен билан жанжал қилади. Аризасини қўлидан олиб, ҳайдаб юборай, дейману, афсуски, билими бор-да!” Мен ношуд ўшанда ўзим ариза ёзиб, устозга бердим. Бунга гувоҳ бўлиб турган Шодмон аканинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Шунда менга: “Мен эса ҳақиқатга жуда ташна бўлганимда Раҳим Воҳидни қўмсайман, суҳбатларига талпинаман..., синглим”,- дедилар ва қўлимдаги аризани олиб секингина иккига бўлдидар... Устозга эса: “Устоз, ҳали кўрасиз, шогирднинг садоқати мана бундай бўлади, деб Наззора билан фахрланиб юрасиз, кескин-кескин гапиришлари, жидду жаҳд билан боқишларига қараганда бу қиз хиёнатни билмайди...” –деб  муносабатларни юмшатган эдилар...

        Шодмон акадаги ноёб қувваи ҳофизага ҳамиша ҳайратдаман. Бир марта ўқиган нарсалари, саҳифама-саҳифа ёдларида қолади. Шунда ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисраларини эслайман:

Ўқиб ўтмак, уқиб ўтмак шоири,

Қолиб ёдида саҳфа-саҳфа бори.

2017 йил... Қатағаон қурбонлари музейининг очилиш маросими. Музейда раҳматлик дадам, халқ маориф аълочиси, маърифатпарвар фидойи педагог Жўра Бековнинг собиқ совет мафкураси давридаги аянчли азоблари тасвирланган лавҳаларни Шодмон ака бир неча лаҳзада ўқиб чиқдилар. Ундан сал нарироқдаги тасвирларда  эса  акам (ҳуқуқшунос) Жаҳонгир Бековнинг ўша йилларда ноҳақ айбланиши билан боғлиқ маълумотларга кўзлари тушди... Дам ўтмай музейнинг очилиш маросими бошланди. Шодмон ака сўзга чиқди... Устоз тасвирлардаги тарих дардларини ўз кўзи билан кўргандай қаттиқ изтироб билан йиғилганларга таъсирчан ифода қилиб берди. Тингловчиларнинг кўзларидаги   ёш ҳалқаларини кўрсангиз эди... Ҳа, Шодмон ака забардаст нотиқ сифатида ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

        Шодмон ака кўп жиҳатдан ўрнак олса арзийдиган олим. Ҳамма ҳам устозлари эътирофига лойиқ шогирд бўлолмайди. Заҳмат тортиб, илм йўлида машаққат чекиб, узоқ манзиллардан ҳорғин келаётган устозларнинг қадр-қимматини ўрнига қўяди. Шунинг учун Ш.Ҳайитовни азиз устозларимиз Сулаймон Иноятов ҳар доим дуо қилиб, даражалари янада юксалишини чин дилдан истайдилар.  Чунки Шодмон ака ҳар бир устозлари хизматини сидқидилдан бажарар эдилар. Уларга ҳар доим холис хизмат қилганлар. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Шодмон ака юзлаб шогирдлар ардоғида. Тинимсиз меҳнат, ўқиш, изланиш – Шодмон  аканинг доимий севимли машғулоти. У киши вақтдан унумли фойдаланади. Янги ғоялар, кашфиётлар оғушида яшайди. Буни у кишининг хаёлчан боқишларидан илғаб олса бўлади. Тарих фанининг юксалиши учун жидду жаҳд билан ҳаракат қилиб, ўз илмий мактабини яратиб,  республикада таниқли олимлар сафидан ўрин эгаллади. Мазкур соҳанинг чет эллик етакчи мутахассислари ҳам Шодмон акани етук мутахассис сифатида эътироф этиб, асарларидан иқтибослар олишган.

        Шодмон ака – ўз  касбининг устаси. Дарсларга катта тайёргарлик билан киради. Ёшларни ҳамиша илмга, зиёга чорлайди.

        Шодмон акада яна бир бетакрор хислат бор. Фақат баъзи олимлардагина буни кузатганман. Яхши китобни кўрса ёки сотиб олса, албатта, бошқаларга ҳам тавсия қилади. Эринмай тарғиб қилади.

        Шодмон Аҳмадович барчадан яхшилик излайди. Атрофидаги одамларнинг камчиликларини бекитишга ҳаракат қилади. Ёлғиз қолганда эса беминнат, беғараз маслаҳат бериб, ўксик кўнгилларга далда беради.

        Шодмон ака – ёшларнинг  доно маслаҳатчиси. Илмга ошно ҳар бир кишининг муаммоларини ечишда ҳиссасини қўшади. Шогирдим эмас деб, қўл силтаб кетмайди. У киши яхшилик бир кун мева беришини билади-да. Баъзилар шуни билса-да амал қилмайди.

        Шодмон Аҳмадович адолатли раҳбар сифатида ҳам кафедрани бир муддат жуда усталик билан бошқарди. Тиним билмай ишлаб, ўша кезларда ҳар бир профессор-ўқитувчига ибрат тимсоли янглиғ таассурот қолдирди.

        Шодмон ака барчага яхшилик истайди. Кимнидир хафа кўрса, кўзларида ёш ҳалқаланади. Ўзининг дардини унутиб, ҳамкасбларининг, шогирдларининг дарду дунёсига шўнғиб кетади. Кимнидир илмий иши сал орқага қолиб кетса, вақт топиб унинг муаммолари билан қизиқади. Қўлидан келганча холис ёрдам беришга ҳаракат қилади. Бировларнинг эришган ютуғидан хурсанд бўлиб, некбинлик билан эътироф этади.

Хуллас, олимлик юки оғирлигини бу кишига қараб англайсан ва машҳур мутасаввиф Аҳмад Яссавийнинг “Чин олим ёстуғин тошдан яратди” деган фикрлари айни шундай илм фидойиларига қарата айтилганлигига ишонасан. Аллоҳ қадрдонимиз Шодмон акани паноҳида асрасин, жисму жонини дарддан фориғ қилсин, чеккан машаққатлари ҳузурини кўриб, роҳат-фароғатда яшаш бахтини муяссар айласин, омин...