Kontent qismiga oʻtish

Foydalanuvchi:Bekova Nazora Jo'rayevna

Vikipediya, ochiq ensiklopediya

"ДЕВОНИ ФОНИЙ"  ВА УНИНГ АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИЁТИДАГИ МАВҚЕИ

[tahrir | manbasini tahrirlash]

Бекова Назора Жўраевна

Филология фанлари номзоди,доцент,

Бухоро давлат университети,

bekova.nazora@mail.ru

                                           Аннотация

Мазкур мақолада Алишер Навоий форсий меросига муносабат масаласи Шарқ мумтоз адабиётшунослиги, ХV асрга оид  Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» каби тарихий, Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро», Абдураҳмон Жомийнинг «Нафоҳат ул-унс», Сом Мирзонинг «Туҳфаи Сомий», Ризо Қулихон Ҳидоятнинг «Мажма ул-фусаҳо», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Тафсири форсий» сингари адабий манба ва тазкиралари асосида ёритилган.

         Калит сўзлар:   “Девони Фоний”, форс-тожик тили, форсий адабий мерос, Хондамир (“Макорим ул-ахлоқ”), Давлатшоҳ Самарқандий (“Тазкират уш-шуаро”), Абдураҳмон Жомий (“Нафоҳат ул-унс”), Сом Мирзо (“Туҳфаи Сомий”), Ризо Қулихон Ҳидоят (“Мажма ул-фусаҳо”), Ҳусайн Воиз Кошифий (“Тафсири форсий”), форс тазкиранавислари.

                                      Annotation

This article deals with the attitude of Alisher Navoi to the Persian heritage, classical literature of the East, historical works of the 15th century, such as Khandamir's "Makorim ul-akhlaq", State Samarkand's "Tazkirat ush-shuaro", Abdurahman Jami's "Nafohat ul-uns", Som Mirza's "Tuhfai Somi". Riza Qulikhan is based on Hidayat's Majma ul-Fusaho and Husayn Waz Kashifi's Tafsiri Farsi.

Keywords: “Devoni Foniy”, Persian-Tajik language, Persian literary heritage, Khandamir (“Makorim ul-akhlaq”), Davlatshah Samarkandi (“Tazkirat ush-shuaro”), Abdurahmon Jami (“Nafohat ul-uns”), Som Mirza (“Tuhfai Somi”), Riza Qulikhon Hidoyat (“Majma ul-fusaho”), Husayn Waz Kashifi (“Tafsiri farsiy”), Persian  biographical collection writers.


Алишер Навоийнинг адабиётимиз тарихидаги  энг улкан хизматларидан бири, шубҳасиз, унинг зуллисонайнлигидир. Бунинг энг ажойиб самараси − шоир маҳоратининг ўлмас намунаси “Девони Фоний”дир. У форс-тожик тилида ҳам шеъриятнинг жуда кўп турларида қалами қудратини синаб кўрди ва бу тилда яратган шеърларининг катта қисмини тўплаб “Девони Фоний” китобига киритди. Девон Навоий−Фонийнинг бутун умри давомида форс-тожик тилида яратган деярли барча шеърларининг  куллиётидир. Алишер Навоий бунёд этган катта хазинанинг қиммати унинг жанрий ранг-баранглиги, бой мавзулар олами, бадииятининг юксаклиги, образ ва ғоялар оламининг ёрқин ва теранлигидадир. Энг муҳими, Алишер Навоий форс-тожик тилидаги меросида ҳам ўзлигини кўрсата олди. Навоиёна ғазаллар, рубоий ва қасидалар яратиб, уларда ўзи яшаган ижтимоий ҳаётнинг турли лавҳаларини, халқ дилидаги ширин туйғу ва ниятларни ифодалашга эришди. Навоийнинг форс-тожик тилидаги адабий меросида ўша адабиётнинг анъаналари ғоят кучли таъсир ўтказган.

Буюк шоир Фоний тахаллуси билан ёзган форсий шеърларида эса форс-тожик мумтоз адабиётининг моҳир устозлари қаторида тура оладиган асарлар яратди, ўз давригача беш юз йиллик тараққиёт даврини босиб ўтган тожик адабиётини маълум даражада якунлади. Навоий-Фонийнинг форс тилида ёзган ғазаллари, қитъалари, рубоийлари ва бошқа асарларидан ташкил топган “Девони Фоний” китоби олти минг байтдан ортиқ шеърни ўз ичига олади.  “Муҳокамат ул-луғатайн”да ёзилишича, Навоийнинг дастлабки машқлари форс тилида бўлган. Бу завқ ва  ва қизиқиш Алишер Навоийнинг умри охиригача давом этди.

Навоийнинг ўзи бу китобни “Майдон ул-балоғат” деб ҳам атаган. Бунда улуғ шоир форс-тожик адабиёти сухан майдонининг ажойиб чавандозлари Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий,  Амир Хусрав Деҳлавий,  Ҳофиз Шерозий, Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва бошқалар билан беллашиб кўришни, бу соҳада балоғат ва фасоҳат кўрсатишни, сўнг эса она тили – туркий тилда лирик ва эпик асарлар яратиб, ўз халқини якқалам қилиш, ўзбек шеъриятини ҳам юксак бадиият кўкига кўтариш мақсадини олдига қўйган.

Алишер Навоийнинг “Девони Фоний” асари билан танишиб чиққан киши ўн бешинчи асргача ҳам, ўн бешинчи асрда ёки ундан кейин ҳам ҳеч бир шоирда учрамаган бир ҳолатнинг гувоҳи бўлади. Чунки на тожик шоирлари ва на ўзбек шоирларидан бирортаси ўтмишда ўз девонидаги ғазалларнинг ҳар бирига алоҳида сарлавҳа қўйиб чиққан. Қайси ғазали қайси шоирга татаббуъ эканини алоҳида ажратиб кўрсатиб ўтирмаган. Алишер Навоий эса адабиётимиз тарихида биринчи бўлиб бу ишни бажарган.

“Девони Фоний”нинг мундарижаси хусусида Алишер Навоийнинг ўзи “Муҳокамат ул -луғатайн” асарида шундай мулоҳаза юритади: “Яна форсий ғазалиёт девони Хожа Ҳофиз тавридаким, жамиъ сухан адолар ва назм пийролар назарида мустаҳсан ва матбуъдир, тарбиб берибманким, олти мингдан абъёти кўпракдурки, кўпрак ул ҳазрат шеъриға татаббуъ воқеъ бўлибдур” [ Навоий, 2000:32]. Юқоридаги маълумотдан шоирнинг форсий меросига хос икки муҳим жиҳатини илғаш мумкин. Булардан биринчиси мазкур девон таркибидаги асарлар кўпчилигининг Хожа Ҳофиз ғазалиётига татаббуъ қилинганлиги  ва иккинчидан, тўпламга киритилган шеърлар миқдорининг олти мингдан байтдан ортиқроқ эканлигидир.

Шоирнинг ўзи ҳам форсий шеърларини туркий асарлари билан баравар қадрлаб, “Девони Фоний”га кирган фахрия қитъаларидан бирида ўзбек ва форс тилидаги асарлари ҳақида фахр билан шундай ёзади:

Гӯё дар раста бозори сухан бикушодаам,

      Як тараф дӯкони қаннодию як сӯ заргарӣ [Навоий, 2003: 33].

Яъни, гўё растада сўз бозорини очибман: бир томонда кандолат дўкони, иккинчи тарафда эса заргарлик дўконлари.

Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, Навоийнинг форсий меросини Давлатшоҳ Самарқандий (“Тазкират уш-шуаро”), Абдураҳмон Жомий (“Нафоҳат ул-унс”), Сом Мирзо (“Туҳфаи Сомий”), Ризо Қулихон Ҳидоят (“Мажма ул-фусаҳо”), Ҳусайн Воиз Кошифий (“Тафсири форсий”) каби форс тазкиранавислари жуда юксак баҳолаган ва тақдирланган эди.

Давлатшоҳ Самарқандий Навоийнинг адабий мероси, жумладан, форсий асарларини юксак баҳолайди: “Ашъори турки ва форси хулосаи табъи шарифаш ва гуфтану шикофтани муаммо хосаи фикри латифаш. Ва ба ҳар чанд рўзе мавжи донишаш иқди дурҳои манзуму мансур бармефишонад ва аҳли илм дар гўш мегиранд, балки зевари гўши аҳли хуш мекунанд....  Ва бар тариқи одат, ки дар ин таълиф жорист, аз рўи густоҳи аз каломи турки ва форсии ин амири кабир чанде хоҳем овард, то пеши фозилон намудоре бошад ва аз он ҳазрат баъд аз имрўз ёдгоре. Ва дар жавоби қасидаи “Баҳрул-аброр”и Хусрави Деҳлави ин амри кабирро қасидаи ғаррост. Ба гумони муаллиф чунон аст, ки ин жавоб бар жавобҳои дигарон фазл дорад” [Давлатшоҳи Самарқанди,  1999:129-130].  Давлатшоҳ Самарқандий ҳазрат Навоийнинг икки тилдаги меросини ҳам бирдек қадрлаган, ҳар икки тилдаги меросига жуда юксак баҳо берган. Давлатшоҳ Самарқандийнинг қуйидаги фикрлари, айниқса, эътиборга молик: “ Дар авони шабоб зулисонайн шуд ва дар шеваи турки соҳибфан гардид ва дар тариқи форси соҳибфазл...” [Давлатшоҳи Самарқанди,  1999:135].   

Нуриддин Абдураҳмон Жомий эса “Субҳат ул-аҳрор”, “Юсуф ва Зулайхо”, “Лайли ва Мажнун”,  “Хирадномаи Искандарий”, “Фотиҳат уш-шабоб” каби асарларида турли муносабатлар билан Алишер Навоийнинг номини тилга олган. Маълумки, Жомий ўз дўсти ва ҳамкору ҳамдасти бўлган Навоий асарларини жуда қадрлаб, муносиб баҳолар билан сарафроз этган. Навоий  “қутби тариқат” Жомий билан қанчалик ҳаммаслак эканлиги ва бир-бирини қўллаб-қувватлашларини “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида баён этади. Жомий “Ҳафт авранг” достонлари муқаддимасида Навоийга махсус байтлар бағишлаб, унинг салоҳияти, ижодий ютуқларига таҳсинлар айтадиким, Навоий буни “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да ифтихор билан алоҳида таъкидлаб ўтади.

Алишер Навоийнинг форс-тожик тилидаги бой меросини бир ерга жамласа, ҳажм жиҳатидан жуда катта мерос юзага келади. Унинг "Девони Фоний", "Ситтаи зурурия", "Фусули арба", "Рисолаи муфрадот", "Муншооти форсий" асарларида яратилган қасидалар, ғазаллар бир ерда тўпланса, унинг тарихий, илмий, бадиий асарларида келтирилган қитъа, рубоий, муаммо ва маснавийлари киритилса,  форс-тожик тилидаги меросининг ҳажми янада аниқроқ бўлади.

Шоирнинг форсий шеърларининг  юксак савияси ҳақида "Макорим ул-ахлоқ" асарининг муаллифи ҳисобланган Хондамир шундай дейди: "Бу маҳорат майдони чавандозининг форсий қасида ва ғазаллари...ғоятда очиқлиги ва енгиллиги, ажойиб маънилари билан безалиши, сўз бойлиги ва бетакаллуфлиги, зўракиликнинг йўқлиги орқасида оз муддатда бу бадиий байтлар ва тўла зийнатли назмларнинг латифлик ва нозиклик шуҳрати шундай даражага етдики, дунё теварагидаги мамлакатларнинг подшолари атайлаб Ҳирот пойтахтига сухандон элчилар юбориб, санъат нишонли куллиётларини талаб қилдилар" [Хондамир,  1948: 35].

Алишер Навоий форсий шеъриятининг баркамоллиги ва беқиёс шуҳрати ҳақида бошқа яна бир неча адабий, тарихий манбаларда ҳам юқоридагича илиқ, самимий фикрлар баён этилади.

Абдураҳмон Жомийнинг:

Кушад дар шеър табаш мӯшикофи,

Б-аз он мӯ нӯги килкаш шеърбофи.

Ниҳад з-ин шеъри мушкин доми дилҳо,

Диҳад аз шеъри ширин коми дилҳо.

Мазмуни:

Табъи шеърда қилни қирққа ажратди,

У қилдан қаламнинг учи шеър тўқийди.

Бу мушкин шеър (соч)дан кўнгилга тузоқ қўяди,

У ширин шеърдан кўнгиллар завқланади.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг:

Бо вуҷуди форсӣ дар ҷониби шеъри комилаш,

Чист ашъори Заҳиру кист бори Анварӣ?

Мазмуни:

Форсийда унинг комил шеърлари олдида,

Заҳир Фарёбийнинг шеъри қайда, Анварий қайда?


Камолиддин Биноийнинг:

Бувад дар форсию туркӣ хуб,

Форси хубу туркияш марғуб.

Мазмуни:

Форсийда ҳам, туркийда хўб яратди,

Форсийда хубу туркийси марғуб эди,-

каби сатрларида Алишер Навоийнинг форсий тилдаги мероси жуда улуғланади. Абдуллоҳ Ҳотифий шоирнинг шеъриятдаги маҳоратига жуда юксак баҳо бериб, уни араб  шоири Ҳассон, улкан сўз усталари  Фирдавсий, Ҳоқоний, Амир Хусрав Деҳлавий билан таққослайди ва Алишер Навоий ўз замонида бу буюк адиблар кўтарилган даражадан янада юқорироқ поғонага кўтарилганини эътироф этди:

Лоли  суханаш шакармақолон,

Сайди ғазалаш ҳама  ғизолон,

Ҳассони араб  қуҷост имрӯз,

То бошад аз ӯ фасоҳат омӯз

Ку Фирдавсӣ, ки дар ин замона

Лаб соз кунад ба ин тарона?!

Ку Ҳоқони, ки дар ин замона

З-ин кони намак барад малоҳат. 

Ку ҷодуи сеҳрсанҷи Хусрав,

То шеваи соҳири кунад нав.

Навоийнинг форсий асарлари ўз замонида шуҳрат топганлигини эса Мавлоно Хондамирнинг берган баҳосидан ҳам билса бўлади. Тарихчи ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида бу хусусда қуйидагича маълумот беради: “...Араб ва Ажам мамлакатлари атрофидаги гўшанишин дарвешлар ул ҳазратнинг шавқли шеърларининг оҳангидан лаззатланиб, уни зўр ғайрат билан излаб юрадилар. Шоҳ ва гадо, ёш ва қари, мусулмон ва кофир, яхши ва ёмон ул ҳазратнинг гўзал назмлари мазкур ва бутун халқ оммаси ва айрим табақаларнинг кўнгил саҳифаларида ва қалб лавҳаларида муборак шеърлари нақшлангандир.  Шунинг учун Хито ва Хўтан мамлакатларининг чегараларидан бошлаб, то Рум ва Ғарб мамлакатларининг охиригача

Сенинг яхши сифатларинг минбардаги нотиқ,

Мақтовисиз бутун оламга ёйилган.

Сенинг номинг танга устига нақшланмаган бўлса-да,

      Ҳамманинг кўнглига олтин ила нақшланган” [Хондамир,1948: 35].

Алишер Навоийнинг “Девони Фоний”си тузилишида мумтоз девон тартиб беришнинг қатор хусусиятлари кўринади. Айни пайтда унда алоҳида эътиборга молик бир янгилик, ўзига хосликнинг мавжудлигини ҳам қайд этмоқ зарур. Бу оригиналлик китобда жойлаштирилган ғазаллардан олдин берилган сарлавҳаларда намоён бўлади. Ҳазрат Навоий шеърларини жамлаб девон тузишга киришар экан, уларнинг ҳар бирини изоҳловчи-сарлавҳалар билан таъминлаб беради. Шоир томонидан қўлланган бундай принцип Навоий ижодиёти тадқиқотчиларига бир қатор қулайликлар туғдиради ёки ўша ишораларни кўздан кечиришнинг ўзиёқ у ёки бу асарнинг татаббуъ ва ё муаллиф ихтироси эканлигини ошкор этади. Тожик адабиётшуноси  Р.Ҳодизоданинг ҳақли таъкидига кўра, бу йўналиш Навоийгача ва унинг давридаги шоирлар девонида кўзга ташланмайди.

“Девони Фоний”нинг мазмун ва мундарижасини белгилашда  “Ихтиролар”, “Ўзига жавоб айтади”, “Наът”, “Замон аҳли танқидига доир”, “Замонанинг бевафолиги хусусида насиҳатлар”, “Ўша таврда”, “Олдинги услубда”, “Маъвиза”, “Баъзи азизларга татаббуъ”, “Махдум шеърига жавоб”, “Амир Хусрав ғазалига татаббуъ”, “Махдумнинг Хожа тавридаги ғазалига татаббуъ” сингари сарлавҳалар муҳим роль ўйнайди. Айрим муаллифлар “Девони Фоний”даги изоҳловчи сарлавҳаларнинг ижодкори масаласида қатъий бир фикрни ўртага қўймайдилар. Шундай ҳолни Р. Ҳодизоданинг Навоий-Фоний адабий мероси тадқиқотига қаратилган йириккина илмий мақоласида ҳам кўрамиз. “Билмаймиз бу иш шоирнинг ўз топшириғига биноан бажарилганми ёки унинг мусаввадаларидан кўчирилганми? Эҳтимол улар синчков котибнинг қизиқиши туфайли аниқланган бўлиши мумкин. Ҳарқалай, барча татаббуъ шеърларда аввал уларнинг кимга тегишли эканлиги кўрсатилгандир” [Ҳодизода, 1974: 52].  Шундай салмоқли маънавий мерос мундарижасини – у ёки бу шеърнинг кимнинг таврида, татаббуида ёзилганлигини ойдинлаштириш масаласини, бизнингча, фақатгина бир шахс – ўша асарларнинг ижодкори каму кўстсиз уддалаши мумкин, холос. Котиб қанчалик саводли, адабий муҳитдан  хабардор ва қизиқувчан бўлмасин, ундай масъулиятли вазифани ўз зиммасига олиши, уни кўнгилдагидай бажариши қийин. Негаки, ўша ишни кутилгандай уддалаш учун Алишер Навоийгача ва унинг даврида яшаб, форс-тожик тилида қалам тебратган йирик сўз санъаткорларининг тўла адабий меросига эга бўлиш, уларни эринмай Навоий-Фонийнинг шу тилдаги шеърлари билан муқояса қилиб чиқишга тўғри келади. Ўша тақдирда ҳам бу иш айрим ноаниқликлардан холи бўлмайди. Кўринадики, маълум бир асарнинг “тақдири”ни белгиловчи сарлавҳа қўйиш хамирдан қил суғуришдай осон иш эмас. Бизнингча, “Девони Фоний”даги сарлавҳаларнинг шоирнинг ўзи томонидан қўйилганлигига шубҳа қилмаса бўлади. “Девони Фоний”даги шеърлар мавзу доираси, ғоявий-бадиий қиммати, нафислиги ва тил бойлиги жиҳатидан “Хазойин ул-маоний” қаторидан ўрин олишга сазовор. Икки тилдаги шеълар гўё бир-бирига эгизак, бир-бирига уйғун, бири биридан гўзал шеърлардир.

Мазкур девоннинг   қиммати унинг жанрий ранг-баранглиги, мавзулар оламининг кўламдорлиги, ғоя ва тимсолларининг ёрқин ва теранлигидадир. Муҳими, Алишер Навоий форсий меросида ҳам ўз бадиий cалоҳияти, бетакрор услуби, ўзигагина хос ижодий қирраларини кўрсата олган. Устозларига ўта садоқат қўйган улуғ ўзбек шоирининг мазкур иқтибосда ёрқин акс этиб турибди. Навоий форс-тожик шеъриятининг Шайх Саъдий, Хожа Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий, Амир Хусрав Деҳлавий, Ҳасан Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Амир Шоҳий сингари ўнлаб сўз санъаткорлари асарларини ғоят баланд меҳр ва ихлос билан мутолаа қилди. Лекин улар айтган гапларни айнан такрорламади. Негаки, “мустақил ижодий йўналишдан чиқиб, қуруқ тақлидчилик йўлига ўтиб олиш Навоийдай адаб олами буюкларининг иши эмас эди”. Унинг бахти шундаки, устозлар даҳосига янгилик қўшишга, улар бошлаган йўлни ижодий давом эттиришга муяссар бўла олди.  Алишер Навоийнинг ана шундай ҳаракати девон тартиб беришида ҳам кўринади.  Алишер Навоий бунёд этган катта хазинанинг қиммати унинг жанрий ранг-баранглиги, мавзу ва ғоялар оламининг бойлиги, бадииятининг юксаклиги, тимсолларининг ёрқин ва теранлигидадир. Шоир форс-тожик тилидаги меросида ҳам ўзлигини кўрсата олди. Навоиёна ғазаллар, рубоийлар, қасидалар яратиб, уларда ўзи яшаган ижтимоий ҳаётнинг жирканч лавҳаларини, халқ дилидаги ширин туйғу ва ниятларини ифодалашга эришди. “Лисон ут-тайр” асарида шоир буни фахр билан эътироф этади:

Форсий назм ичра чун сурдим қалам,

Назмнинг ҳар синфини қилдим рақам.


                 Фойдаланилган адабиётлар:

1.    Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 16- том. –Т.: Фан, 2000. –Б.32.

2.    Алишер Навоий. МАТ. 20-том. – Т.: Фан. 2003. – Б. 33

3.    Алишер Навоий. МАТ. Лисон ут-тайр. . – Т.: Фан. 1999.  – Б. 79.

4.    Давлатшоҳи Самарқанди. Тазкират уш-шуаро. – Д.: Ирфон, 1999. – Саҳ.129-135.

5.    Хондамир. Макорим ул- ахлоқ. –Т.: ЎзФА , 1948. – Б. 35.

6.    Ҳодизода Р.  Аз гузашта ва ҳозираи адабиёти тожик. – Д.: Ирфон. 1974. – Саҳ.47, 52.