Foydalanuvchi:First boy

Vikipediya, ochiq ensiklopediya

Адольф Гитлер (1889-1945) Австриянинг унча катта бўлмаган Браунау шаҳарчасида божхона хизматчиси оиласида туғилди. Унинг шахс сифатида шаклланишида бир қатор салбий омиллар: оиладаги нотинч вазият, отаси билан юзага келадиган ўткир келишмовчиликлар, онаси вафотидан кейин ўтказилган қашшоқлик ва ёлғизлик кабилар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Гитлер ўзининг кўпгина замондошларига ўхшаб биринчи жаҳон урушини кўтаринки руҳда кутиб олди ва Германиянинг мағлубиятини ўзининг шахсий фожиаси ва хўрланиши сифатида қабул қилди. Германияда унга ўхшаганлар кўпчилик эди. Гитлер тасодифан ДАП мажлисига тушиб қолиб, у ерда ўзига маслакдошлар топди. Гитлер дастлаб партияда катта обрў ва таъсир кучига эга эмас эди. ДАП ҳомийларини Гитлердаги алоҳида нотиқлик қобиляти, ўз миссиясига бўлган кўр-кўрона (фантастик) ишонч, ҳокимятга интилиш ва Германияни ҳар қандай йўл билан дунёнинг кучли давлатига айлантиришга бўлган ҳаракат ўзига жалб қилган бўлса керак. 1920 йилдан Гитлернинг сиёсий ҳокимят томон йўли бошланади. У тез орада партияда раҳбарлик ўринларига кўтарила бошлайди. 1921 йилда Гитлер НСДАПниг фюрерига (доҳийси) – чекланмаган ваколатларга эга диктаторига айланади. Немис национал-социалистлари урушдан кейин юзага келган иқтисодий қийинчиликдан фойдаланиб, халқ оммасини ўзлари томонга торта оладиган дастур билан чиққан эдилар. Уларнинг дастурида Германия учун жуда оғир оқибатларга эга бўлган Версаль шартномасини бекор қилиш, Австрия билан Германияни бирлаштириш (аншлюсс), яҳудийларни немис фуқаролигидан маҳрум қилиш, аграр ислоҳотлар ўтказиш, ер-мулк чайқовчилигини тақиқлаш, йирик монополиялар устидан назорат ўрнатиш, йирик универсал магазинларни тугатиб, улар ўрнида кичик дўконлар қуриш, аҳолининг барча қатламлари учун етарли турмуш шароитларини яратиш, нафақаларни кўпайтириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, барча фуқароларнинг ҳуқуқлар ва мажбуриятларда тенглигини таъминлаш, болалар меҳнатини таъқиқлаш ва спортни ривожлантириш кабилар ўрин олган эди. Шу билан бирга нацистлар дастурининг ташқи сиёсат қисми очиқдан-очиқ босқинчилик, агрессив характерга эга бўлиб, унда барча немислар бир давлатга – Буюк Германия давлатига бирлаштирилиши талаб этиларди. Бу давлат немислар яшайдиган ҳудудлар – Чехословакия, Австрия, Польшанинг бир қисми, Бельгия, Голландия, Болтиқбўйидан ташкил топиши керак эди. Дастурда Германия аҳолисини зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун мустамлакалар босиб олиш кераклиги кўрсатилган эди. 1923 йилдаги Рур инқирози Германияда экстремистик кучларни фаол ҳаракат қилишга ундади. Гуго Стиннес бошчилигидаги реакцион кучлар ҳокимятни эгаллаш ва республика тузумини йўқ қилиш режасини ишлаб чиқдилар. 1923 йил 8 ноябрда НСДАП Баварияда давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳаракат қилди. Гитлер пивохона мижозларини гаровга олиб, ҳукуматни тарқатиб юборишни ва “миллий инқилобни” эълон қилинишини талаб қилди (бу воқеа “пиво исёни” деб аталди). Лекин мамлакатда ҳали қонуний тузум кучли эди, эртаси куни Мюнхенда фашистлар полиция томонидан тарқатиб юборилди. Нацистлар партияси раҳбарлари судга тортилди ва қисқа муддатга ҳукм қилинди. А.Гитлер суд жараёнини фашизмни ташвиқот қилиш жараёнига айлантирди. “Пиво исёни” мағлубиятга учрашига қарамасдан у НСДАПни кучли сиёсий ташкилотга айлантирди. Гитлер суд ҳукми билан 13 ой турмада ўтирди ва у бу ерда фашизм мафкурасининг бош асари бўлган “Майн кампф” (“Менинг курашим”) асарини ёзди. Унда фашистлар фюрери национал-социализм асосларини баён қилиб беради. Нацистлар доктринаси Учинчи Рейхни – орийлар ирқининг минг йиллик давлатини қуришга мўлжалланган эди. Немисларнинг олий ирқи энг юқорида турувчи ирқий поғона янги дунё тартибининг асосини ташкил қилиши керак эди.