Kontent qismiga oʻtish

Foydalanuvchi:Sharofiddin Abdulla

Vikipediya, erkin ensiklopediya

Тиллаев Рахим Содиқовичнинг


Рахим Содиқович Тиллаев 1927 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1946 йилда Ўрта Осиё Давлат университетининг кимё факультетига ўқишга кириб, уни 1951 йилда имтиёзли диплом билан тугатган ва аспирантурага тавсия этилган. 1954 йилда кимё фанлари номзоди, 1966 йилда эса, кимё фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертацияларни муваффақиятли ҳимоя қилган. Тиллаев Р.С. 1954-55 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Кимё институтида лабаратория мудири бўлиб ишлаган. У 1955 йилдан Тошкент Давлат университети кимё факультетининг физикавий кимё кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи, доцент, 1967 йилдан профессор, 1972 йилдан 2005 йилгача кафедра мудири ва 2012 йилгача кафедранинг профессори лавозимларида ишлаб келган. Шу йиллар давомида проф. Тиллаев Р.С. кимё факультети талабалари учун физикавий кимёдан ва мутахассислик курсларидан маърузалар ўқиган, семинар ва амалий машғулотлар ўтказиб келган. Проф. Тиллаев Р.С. физикавий кимё фанидан олий ўқув юртлари талабалари учун “Мисол ва масалалар тўплами”, “Физик кимёдан амалий машғулотлар” ўқув қўлланмаларини ва “Физикавий кимё” дарслигини ҳамда ўнлаб услубий қўлланмаларни чоп этган. Проф. Тиллаев Р.С.нинг илмий тадқиқот ишлари полимерларнинг физик-кимёси, радиацион кимё, эритмаларнинг термодинамикаси ва электрокимё соҳаларини ривожлантиришга қаратилган. У синтетик полимерларга винил мономерларини радиоактив нурлар таъсирида пайвандли полимерлашнинг янги усулларини яратган. Бу усуллардан фойдаланиб бир қатор полимерлар: полиэтилен, поливинилхлорид, полистирол ва бошқаларнинг пайвандли сополимерлари синтез қилиниб, уларнинг физик-кимёвий ва физик-механик хоссалари ўрганиб чиқилган. Илмий йўналишлардан бири пайвандли сополимерлар эритмаларининг хоссалари, уларнинг олиниш шароитлари, компонентлар табиати ва таркибига, молекуляр массасига, макромолекуланинг конформацион холатига, эритувчининг табиатига қандай боғлиқлиги хақида бир қатор қонуниятларни ўрнатган. Бу масалаларни хал қилишда олинган натижалар термодинамик мезон асосида баҳоланган ва полимерларнинг термодинамик хоссаларига молекуляр структуранинг қандай таъсир этиши кўрсатилган. Кафедрада проф.Тиллаев Р.С. рахбарлигида генетик ва селекция усулларида яратилган янги нав пахта толаларининг нозик, уст-молекуляр, кристалл ва капиляр-ғовак тузилиши ҳамда термодинамик хоссаларини ўрганиш йўналишида ҳам жадал илмий тадқиқотлар олиб борилган. Целлюлоза ва унинг эфирлари эритмаларининг термодинамик, гидродинамик, макромолекуляр хоссалари ва конформацион хусусиятлари чуқур тахлил қилинган. Сувда эрувчан целлюлоза эфирлари ҳамда табиий ва синтетик полиэлектролитлар асосида ноёб хоссаларга эга бўлган интерполимер комплекслар олиш ва уларнинг физик-кимёвий ва термодинамик хоссаларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказилган. Кейинги йилларда кафедрада Тиллаев Р.С. раҳбарлигида янги илмий йўналишлар ривожлантирилди. Целлюлоза эфирлари, хитозан, поликапроамид ва полиакрилонитрил каби табиий ва синтетик полимерлар асосида нанокомпозицион полимер-кремнезем гибрид материаллар синтез қилишнинг золь-гель технологиялари йўлга қўйилди. Нанокомпозицион материалларни синтез қилишда золь-гель жараённинг кинетик қонуниятлари ўрнатилди, ўзига хос хусусиятлари аниқланди ва гибрид нанокомпозициялар тузилишининг шаклланиш механизмлари аниқланди. Охирги ўн беш йилда Тиллаев Р.С. раҳбарлигида ривожлантирилган илмий йўналишнинг яна бири электрод жараёнларнинг кинетикаси ва термодинамикаси бўйича олиб борилган ишларни айтиш мумкин. Бу соҳада олигомер ва полимер туридаги янги ингибиторлар синтез қилинди ва антикоррозион қопламалар ишлаб чиқилди. Ушбу коррозия ингибиторлари ва аникоррозион қопламалар иштирокида электрод жараёнларнинг кинетикасини ўрганиб, уларнинг эффективлиги хақида хулосалар чиқарилди. Ўзбекистондаги махаллий хом-ашё ва саноат чиқиндилари асосида кислотали ва тузли мухитлардаги коррозиянинг олдини олувчи янгидан-янги олигомер ва полимер туридаги ингибиторлар ва антикоррозион қопламалар қатор саноат корхоналарида амалиётга жорий қилинди. Жумладан, Республикамизнинг ёғ-мой корхоналарининг чиқиндиси хисобланган госсипол смоласи асосида металларнинг занглашига қарши хоссага эга бўлган ва турли мақсадларга мўлжалланган бир неча янги композициялар олинди ва улар саноат синовларидан ўтказилиб, ишлаб-чиқаришга жорий этилди. Охирги йилларда ушбу йўналиш бўйича илмий тадқиқотлар давом эттирилиб, саноат чиқиндилари ва сувда эрувчан полиэлектролитлар асосида ҳамда Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатида ишлаб чиқариладиган фосфат кислотаси, рух хлорид тузлари ва Навоий кимё комбинати чиқиндилари ва турли полифосфатлар асосида нефть ва газ конденсати таркибидаги водород сульфид бирикмалари таъсиридаги коррозияни олдини олишга мўлжалланган ингибиторлар яратиш устида ишлар олиб борилди. Проф. Тиллаев Р.С. полимерларнинг физик-кимёси ва термодинамикаси сохасида 2 та монография, 450 дан ортиқ илмий мақолалар, 18 та муаллифлик гувохномаси, шу жумладан 5 та Ўзбекистон Республикасининг патенти муаллифи хисобланади. Унинг рахбарлигида 3 та фан доктори ва 15 та фан номзоди тайёрланган. Проф. Тиллаев Р.С. шу давр мобайнида 90 дан ортиқ докторлик ва номзодлик диссертацияларини тақриз қилган. Тиллаев Р.С. нинг илмий соҳада қилган ишлари кўпгина Халқаро ва Республика миқёсидаги анжуманларда эшитилган ва муҳокама қилинган. Жумладан, 1966 йилда Москвада макромолекулалар кимёси ҳамда Токио ва Киотодаги Макросимпозиум, 1971 йилда Венгриядаги Халқаро конференция, 1978 йилда Тошкентдаги Макро-78 Халқаро симпозиум, 1983 йилда Прагада, 1995 йилда Туркияда, 1998-2007 йилларда Тошкентдаги Халқаро конференциялар ва бошқалар.

Проф. Р.С. Тиллаев 1967-68 йилларда ТошДУ қошидаги табиий фанлар ўқитувчилари малака ошириш факультетининг декани,  1968-72 йилларда ТошДУ нинг илмий ишлар бўйича проректори, 1972 йилдан 1995 йилгача ТошДУ физикавий кимё кафедраси мудири,  1995 йилдан 2005 йилгача университетнинг физикавий ва коллоид кимё кафедраси мудири бўлиб ва 2005 йилдан ҳаётининг охирги кунигача ушбу кафедранинг профессори лавозимида ишлади.

Р.С.Тиллаев жамоат ишларида фаол қатнашиб, факультет ва университет илмий кенгашларининг аъзоси, ЎзМУ Фахрийлар кенгашининг раиси, ЎзМУ қошидаги ва “Фан ва тараққиёт” ДУК хузуридаги докторлик диссертацияларнинг химояси бўйича ихтисослашган илмий кенгашларнинг аъзоси, ЎзР ФА қошидаги “Юқори молекуляр бирикмалар муаммолари” бўйича илмий кенгашнинг аъзоси, “Ўзбекистон кимё журнали” ва “Композицион материаллар” журналлари редколлегияларининг аъзоси бўлган. Проф. Р.С.Тиллаевнинг кўп қиррали фидокорона хизматлари Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаш Раёсатининг 3 та фахрий ёрлиқлари (1957, 1970, 1980 йиллар), Қорақалпоғистон Олий Кенгаши Раёсатининг фахрий ёрлиғи (1977 й.) билан тақдирланган. Проф. Р.С.Тиллаевга 1981 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони берилган. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 6 майдаги фармонига биноан “Шухрат” медали билан, 1941-45 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабага бағишланган “Ғалабанинг 50 йиллиги” юбилей медали билан “Олий таълим аълочиси” (1998 й.) ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “Юксак хизматлари учун” (1998 й.) медаллари билан тақдирланган.