Юрак
Юрак такрорий ритмик қисқаришлар орқали қонни томирларда юргизувчи органдир. Юрак қон айланиш тизимига эга барча ҳайвонларда мавжуд.
Юрак — одам ва ҳайвонларнинг қон айланиш системасидаги марказий аъзо, у доим бир хилда қисқариши (систола) туфайли қонни қон айланиш системаси бўйлаб ҳайдаб беради ва уни веналар орқали қайтиб келишини ҳамда артериал қон томирлардаги ҳаракатини таъминлайди.
ЙУ.нинг қиёсий морфологияси. Ю. қон томирлари системаси тўла ривожланган ҳайвонларда бўлади. Тубан даражали ҳайвонлардан ёмғир чувалчангида Ю. вазифасини ҳалқасимон томирлар, дарё қисқичбақасида юрак ва юрак атрофидаги бўшлиқ синуслари бажаради. Кўпчилик моллюскалар юраги яхши ривожланган, 2 бўлмача ва қоринчадан иборат, у фаол қисқариш хусусиятига эга. Уларда Ю. томон йўналган веноз қон юрак синусларига, сўнгра унинг жабрасига йўналади. У ердан кислородга бойиб юрак одди синусига тушади ва юракка ўтади. Ю. қоринчаси қисқариши натижасида қон ҳайвон танаси бўйлаб тарқалади. Хордалилардан лансетникларда Ю. вазифасини қорин аортаси бажаради.
Сувда ва қуруқликда яшовчиларда Ю. 3 камерали — 2 бўлмача ва қоринчадан; судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчилар юраги 4 камерали — 2 бўлмача ва 2 қоринчадан иборат. Одам юраги 4 камерали: 2 та бўлмача ва 2 та қоринчадан иборат бўлиб, конус шаклида, асоси орқага, юқорига ва ўнг томонга, учи (чўққиси) пастга, оддинга ва чап томонга қараган. Ю. олдинги пастки кўкс оралиғи соҳасида жойлашиб, икки ён томондан ўпка ва плевра халталари олдинги тўш суяги ва қовурға тоғайига тегиб туради. Ю. юқоридан ва орқадан қон томирлар, пастдан диафрагма пай маркази билан мустаҳкамланиб туради. Ю.нинг ҳолати ҳамма одамларда бир хил бўлмай, у кишининг ёши, жинси, гавдасининг вазияти ва тузилишига ҳам боғлиқ. Жумладан, янги туғилган болаларда Ю. юмалоқ шаклда бўлиб, диафрагма гумбази баландроқ кўндаланг ва юқорироқ жойлашган, айрисимон без уни тўш суягидан анча орқа томонга суриб туради.
Кейинчалик 1—3 ёшда Ю. қўндаланг вазиятини ўзгартиради ва катта одамларда кўрилганидек, қийшиқ ҳолатда жойлашади. Ю.нинг ўртача оғирлиги эркакларда 300 г , аёлларда бир оз камроқ (220—250 г). Ю.нинг узунлиги ўрта ёшдаги одамларда 13—15 см, энг сербар қисми (кўндалангига) 9—11 см, олдинги сатҳи билан орқа сатҳининг уз. 6—7 см. Ю. ташқи юзасининг ўткир (ўнг) ва ўтмас (чап) чеккалари уни орқа, олд томондаги юзаларга ажратиб туради. Ҳар бир одам юрагининг катталиги ўзининг ўнг муштидек келади. Ўрта яшар одамнинг юраги бир минутда ўрта ҳисобда 70—75 марта, бир суткада 100000 марта қисқара олади. Бу эса 20 т юкни 1 м баландликка кўтариш кучига тенг .
ЙУ.нинг устки чегараси ИИИ қовурға тоғайининг тўш суягига ёпишаётган жойидан ўтказилган горизонтал чизиққа гўғри келади.
ЙУ.нинг ўнг чегараси тўш суягининг ўнг чеккасидан (ўнг ИИИ ва В қовурғалар рўпарасида) 2—3 см четроқса бўлади. Бир ёшгача бўлган болаларда Ю.нинг ўнг томондаги чегараси тўш суягининг ўнг чеккасидан 1,0—1,5 см чиқиб туриши мумкин. Ю.нинг пастки чап чегараси В қовурғанинг ўрта ўмров чизиғидан 1,5 см ичкарига Ю. учига тўғри келади.
ЙУ. чегараси ва вазияти одам кўкрагининг шаклига ҳам боғлиқ, қўкраги кенг одамларда Ю. пастроқда жойлашади. Шунинг учун бундай конституцияга эга бўлтан одамларда Ю. горизонтал ҳолатда туради. Кенг (узунлиги ўртача бўлган) кўкрак қафасида Ю. қийшиқтуради. Аёллар юраги бир оз кичик бўлиб, горизонтал жойлашади. Жисмоний меҳнат ва спорт билан шуғулланадиган одамларда Ю.нинг ҳажми бирмунча катта бўлади.
ЙУ. бўлмачалари — веналар қонини қабул қилувчи бўшлиқлар. Ўнг бўлмача катта қон айланиш доирасидан веноз қон олиб келувчи юқориги ва пастки ковак веналар; чап бўлмачага 4 та ўпка веналари қуйилади. Иккала бўлмача қоринчалар билан бўлмачақоринча тешиклари орқали туташади. Қоринчалар қисқарганда тешиклар тавақали (қопқоқлар) клапанлар билан беркилади. Қоринчаларнинг ички юзасида, бир-бири билан кесишган мускул толалари ва қоринча бўшлиғига чиқиб турадиган сўрғичсимон мускуллар бор. Бу мусқуллар учидан чиққан пайли толалар бўлмачақоринча клапанлари тавақаларининг қирраларига ёпишган. Улар клапанлар тавақаларини бўлмачага қараб бурилишига (кўтарилишига) тўсқинлик қилади.
Юракнинг кўкрак қафасида юрак халтаси ичида жойлашиши (юрак халтаси кесиб кўрсатилган).
Аорта ва ўпка артерияси асосида яримойсимон клапанлар жойлашган. Клапанлар шу томирларнинг йўналиш томонига очиладиган 3 тавақадан иборат. Ю. қисқарганда қон ўнг қоринчадан ўпка артериясига, чап қоринчадан аортага қуйилади.
ЙУ.нинг ўнг қоринчасидан ўпка пояси кичик қон айланиш, чап қоринчасидан аорта катта қон айланиш доираси бошланади. Ю. ўз халтаси — перикардга ўралган, девори 3 қават: ички эндокард, ўрта миокард ва ташқи элмкардрян иборат. Эпикард ва перикард ўртасидаги тор бўшлиқса бўладиган сероз суюқлик Ю. ишлаётганда Ю. деворларининг ишқаланишини камайтиради. Ю.нинг мускул қавати — миокард бўлмачаларида 2, қоринчаларида 3 қават бўлиб, ихтиёримизга бўйсунмай қисқарувчи махсус кўндалангтарғил мускул толаларидан таркиб топган, бу хусусият уни скелет мускулларидан ажратиб туради. Ю.нинг бўлмача ва қоринча мускул толалари 2 та (ўнг бўлмача ва қоринча, чап бўлмача ва қоринча орасидаги тешикни ўровчи) фиброз тола ҳалқасидан бошланади. Лекин бўлмача мускуллари, қоринча мускуллари бир-бири билан туташмаган айримайрим фазада қисқаради. Бўлмача мускуллари ичдан бўйлама, сиртдан кўндаланг , қоринчаларда эса ички, ташқи қавати бўйлама, ўртадагиси кўндалангига жойлашган. Ички ва ташқи бўйлама мускуллар Ю. чўққисида туташади, кўндаланг (ўрта) мускуллар туташмайди. Қоринчалараро тўсиқ, асосан, мускул тўқимаси ва уни қоплаб турган эндокард варағидан тузилган.
Миокардда бир-бирига боғлиқ алоҳида мускул толалари бор, улар Ю.нинг ўтказувчи системасини ташкил этади. Ўнг бўлмача девори, юқори ковак венанинг очилиш жойида ковак вена (синус) "Кис Фляк" тугуни ўрнашган. Унинг бир қисм толалари 3 тавақали клапан асоси соҳасида бошқа бўлмачақоринча (АшафТавар) тугунини ҳосил қилади. Ундан бўлмачақоринча (Гис) тутами бошланади. Бу тутам қоринчалараро тўсиқда ўзига тегишли қоринчаларга борувчи чап ва ўнг оёқларга ажралади. Оёқчалар эндокард тагида алоҳида Пуркине толалари билан тугалланади. Аортанинг бошланғич қисмидан чиқувчи ўнт ва чап тож артериялари Ю.ни қон билан таъминлайди. Ю.нинг йирик веналари, ўнг бўлмачага қуйиладиган юрак синусига йиғилади (ўнг бўлмачага майда веналар ҳам қуйилади). Ю.ни адашган ва симпатик нервлар иннервация қилади. Бундан ташқари. Ю. ўзига хос импулс ўтказувчи йўлларга ҳам эга.
Юрак физиологияси. Ю. фаолияти миокарднинг ритмик қисқаришига асосланган. Ю. қисқариши систола, бўшашиши диастола дейилади. Ю. автоматик тарзда қисқаради. Миокарднинг қисқаришини таъминлайдиган импулслар Ю.нинг ўтказувчи системасида ҳосил бўлади. Ковак вена (синус) тугунида нормада минутига 60—80 марта ҳосил бўладиган бу импулслар аввал бўлмача миокардига тарқалиб, ундан бўлмачақоринча тугуни ҳамда Гис тутами ва оёқчалари орқали қоринчалар миокардига ўтади ва улар қисқаришига сабаб бўлади. Қоринчаларга ўтиш вақтида импулсларнинг тезлиги пасаяди. Шу сабабли қоринчаларникига нисбатан бўлмачалар қисқариши илгарироқ тугалланади. Ю.нинг қисқариш ва бўшашиш даври Ю. фаолияти сиклини ташкил этади. Бу сикл бўлмачалар систоласи (0,1 сек), қоринчалар қисқариши (0,33—0,35 сек) ва умум (қоринчалар ва бўлмачалар бир йўла бўшашиш фазаси) пауза (0,4 сек)дан иборат.
Бўлмачалар қисқарганда улардаги қон босими (ўнг бўлмачада симоб устуни ҳисобида 1–2 мм дан 6–9 мм гача, чап бўлмачада 8–9 мм гача) кўтарилади. Натижада қон бўлмачақоринча тешиги орқали қоринчага чиқади.
Бўлмачалар қисқарганда қоринчаларга қоннинг фақат 30% и чиқиб, 70% и умум пауза вақтида бемалол оқиб келади. Қоринчалар систоласи ҳам фазаларга бўлинади. Қоринчалар босими ошганда бўлмачақоринча клапанлари ёпилади, лекин яримойсимон клапанлари очилмайди. Бунда (изометрик қисқариш фазаси) қоринчаларнинг барча мускул толалари қисқариб, таранглиги тобора кучаяди. Натижада қоринчалар босими аорта ва ўпка поясидаги босимдан ҳам ошгач, яримойсимон клапанлар очилади; қон қоринчалардан томирларга отилиб чиқади; қонни ҳайдаш фазаси шу тариқа бошланади.
Одамда қонни томир системасига ҳайдаш Ю. чап бўлмаси симоб устуни ҳисобида 65–75 мм, ўнг бўлмасиники 5–12 мм га етганда содир бўлади. 0,10—0,12 сек ичида юрак қоринчалари босими кескин [чап қоринчада симоб устуни ҳисобида 110–130 мм, ўнг қоринчада 25–35 мм га (қонни тез ҳайдаш фазаси)] ортиши кузатилади. Қоринчалар қисқариши (0,10—0,15 сек) қонни секин ҳайдаш фазаси билан тугалланади. Кейин қоринчалар бўшаша бошлайди, улар босими тез пасаяди, йирик томирлар босими кўтарилиб, яримойсимон клапанлар ёпилади. Қоринчалардаги босим 0 даражага тушганда тавақали клапанлар очилиб, қон бўлмачалардан қоринчаларга туша бошлайди. Бу фаза тез (0,08 сек) ва секин (0,07 сек) тўлиш фазасига бўлинади. Қоринчалар диастоласи уларга қон тўлиши босқичи билан тугайди. Ю. фаолияти сикли фазаларининг давомийлиги ўзгарувчан, Ю. ритми частотасига боғлиқ. Шунинг учун Ю. фаолияти сикли фазаларини текшириш Ю. мускуллари фаолияти ҳолатини аниқлашнинг муҳим усули ҳисобланади. Ю.дан минут сайин ҳайдалган қон миқдори Ю.нинг минутлик ҳажми (МҲ) ҳисобланади, иккала қоринчадан чиққан қон миқдори баравар. Одамнинг тинч ҳолатида Ю.нинг минутлик ҳажми ўрта ҳисобда 4,5—5 л, Ю.нинг бир қисқаришида ҳайдалган қон миқдори — систолик ҳажми ўрта ҳисобда 65—70 мл га тенг .
ЙУ.нинг қисқариш кучи ва частотаси организм тўқима ва аъзоларининг кислород ва озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжига мос ҳолда ўзгариб туради. Ю. қисқаришини таъминлайдиган импулслар ўзида ҳосил бўлса ҳам фаолиятини нерв системаси бошқаради. Адашган нервлар Ю. қисқариш кучини сусайтириб, маромини секинлаштиради, симпатик нервлар, аксинча кучайтиради. Ю. мускуллари ўзини ўзи бошқариш хусусиятига ҳам эга: мас, юракка қанча қон кўп келса, у шунча ортиқ куч билан қисқаради. Ю. мускулларининг қанча куч билан қисқариши унинг чўзилиши, яъни мускул толаларининг дастлабки (қисқаришидан аввалги) узунлигига боғлиқ. Мускул толаси қанча тез чўзилса, шунча кучли қисқаради. Бу юрак қонуни деб аталади. Ю. касалликлари ҳақида Юрактомир системаси касалликлари ва бошқаларга қ.
Адабиёт[edit]
- Ҳамидов Ж.Ҳ., Оқилов А.Т., Саидов Т.М., Умумийбиологиядан амалий машғулотлар, Т., 1970; Кованов В.В., Топографическая анатомия груди, М., 1978; Аҳмедов Н.К., Атлас. Одам анатомияси [2ж.ли], 2ж., 2005.
Умуртқалилар юраги миокард ва боғловчи тўқимадан иборат. Миокард фақат юракда бор мушак бўлиб, юрак сиқилиб-кенгайишига мас’улдир. Ўртача одам юраги дақиқасига 72, ўртача (66 йиллик) умр давомида 2,5 миллиард марта уради. Аёлларда тақрибан 250-300, эркакларда эса 300-350 г тош босади.[1]
Суюқлик айланиш тизимига эга умуртқасизларда юрак сув ва оқсил, ёғ ва углеводлар каби озуқадан иборат суюқликни итарувчи кичик қоп шаклида бўлади. Ҳашаротларда юрак вазифасини бел қувури бажаради; ҳашаротлар „қони“ оксидланмайди, чунки улар тўғри таналари орқали нафас олади.
Манбалар[edit]
- ↑ Кумар, Аббас, Фаусто: Роббинс анд Cотран Патҳологиc Басис оф Дисеасе, 7тҳ {{субст:ФУЛЛПАГЕНАМЕ}} 556
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
![]() | Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
