Сурреализм

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search

Сюрреализм (франс. сурреалисме — ўта реализм) — ХХ асрнинг 10—20-йилларида франсуз адабиётида пайдо бўлиб, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, театр, кино соҳаларига, кейинчалик бошқа мамлакатлар (Белгия, Чехословакия, Югославия, АҚСҲ, Мексика, Япония)га ҳам тарқалган авангардлик йўналиши. Маркиз де Сад, Ж. Нервал, шунингдек, А. Рембо, Лотреамондан А. Жарри, Г. Аполлинер ва С. Ревердига қадар бўлган ёзувчилар ижоди С.нинг пайдо бўлишида манба вазифасини ўтаган. С. вакиллари ақлий фаолиятдаги, ҳатто жамият ҳаётидаги шаклланган тизимни тубдан ўзгартириш даъвоси билан чиққанлар. С.нинг янги адабий йўналиш сифатида майдонга келишида "Литтературе" ("Адабиёт", 1919 —24) журнали муҳим рол ўйнади. Бу журнали атрофида бирлашган Л.Арагон,Л. Бретон, Ф. Супо каби ёзувчилар С.га асос солдилар. Кўп ўтмай, улар даврасига П. Элюар, Р. Деснос, А. Арто ва бошқа келиб қўшилишди.

С. мияга илк бор келиб қолган сўз, нутқ парчалари, турли-туман хаёлларнинг дастлабки, кутилмаган бир ҳолатдаги ажабтовур шаклини ҳар қандай ижодий фаолиятнинг хамиртуруши, асоси, деб эълон қилган. Сюрреалистик театр (асосчиси А. Арто) ва кинематографияда ҳам айрим саҳна ва кадрларнинг бир-бири билан мантиқсиз боғланиши ва умуман ақл-заковат доирасидан четга чиқиш "ҳақиқий реаллик" сифатида тан олинган.

Дастлаб сюрреалистларнинг турфа тўгарагига С.нинг исёнкорлик руҳига учган, теварак-атрофдаги дунё тартиботини хуш кўрмаган, инсоннинг жамиятдаги ҳаётида учраб турадиган қийинчиликларни ўрганиш ва бартараф этиш хаёли билан яшаган йирик ёзувчилар ҳам аъзо бўлишган. С.нинг ижтимоий тизимни кайта қуриш ҳақидаги нияти афсонавор уйдирма эканлигини тушунган, С. эстетикасидаги бадиий асарга хос маънодорлик ва яхлитликнинг бекор қилинганини кўрган катта истеъдод эгалари сюрреалистлар сафини тарк этганлар. 30 - йилларнинг охирига келиб, мистикага ошкора равишда берилган А. Бретон бошчилигидаги айрим шоирларгина С.га содиқ бўлиб қолдилар ва улар сафи тақлидчилар ҳисобига кенгайди. 40-й.ларнинг бошларида А. Бретон, С.Дали, И. Танги ва бошқаларнинг муҳожирликка кетиши билан С.нинг маркази АҚШга кўчди. Франсияда С.ни қайта тиклашга қаратилган уриниш самара бермади.

С. адабий-бадиий йўналиш сифатида ўз умрини ўтаган бўлсада, унинг гуллаган даврида ишлаб чиқилган айрим бадиий усул ва воситалардан тасвирий санъат, театр ва кинодан ташқари, амалий санъатда ҳам истифода этилмоқда.

Адабиёт[edit]

  • Андреев Л. Г., Сюрреализм, М., 1972.

Наим Каримов.