Сайёра
Сайёра (сайёр, ҳаракатчан) — кескин термоядровий реаксиялардан холи бўлган юлдуз атрофида айланувчи, меҳварида ўзидан катта жисм мавжуд бўлмаган ва меҳварининг экссентриситети 0 га яқин бўлган осмон жисми. Қуёш тизимидаги сайёралар массаси ва ҳажми Қуёшникидан бир неча ўн-юз марта кам. Антик даврда, ҳатто ундан аввал еттита «сайёра»: Қуёш, Ой, Меркурий, Венера, Марс, Юпитер, Сатурн «қўзғалмас» юлдузлар орасидан ажратилиб кўрсатилган эди. Бу ёриткичларнинг ҳаммаси Ер атрофида айланади, деб ҳисобланарди. 16 аср бошидагина поляк астрономи, гелиосентрик тизим муаллифи Николаи Коперник Ер атрофида фақат Ой айланишини, қолган сайёралар эса Ер каби Қуёш тизими маркази бўлган Қуёш атрофида айланишини кўрсатди. Қуёшнинг ўзи эса сайёра эмас, у юлдуздир, чунки ёруғликни қайтармайди, балки ўзи чиқаради. Ой ҳам сайёра эмас — у Ер йўлдоши. Янги даврда яна уч сайёра кашф этилди: Уран (1781, Виллиам Гершел), Нептун (1846, Жон Адамс, Урбен Левере, Иоганн Галле), Плутон (1930, Персивал Ловелл, К. Томбо) ( Плутон 2006 йил 14-25 август кунлари Прагада о’тказилган Халқаро Астрономлар Бирлашмасининг ХХВИ ассамблеясида ко’риб чиқилди ва сайёра мақоми олиб ташланди). Бундан ташқари минглаб кичик сайёралар (астероидлар) очилган, уларнинг диаметрлари бир неча юз километр ва ундан кам.
Сайёралар — Қуёшнинг тортиш кучи таъсирида унинг атрофида айланувчи йирик шарсимон жисмлар. С. Қуёш атрофида айланувчи минглаб майда сайёра (астероид) лардан фарқ қилади. Уларни жуда қадимдан қўзғалмас юлдузлар фонида силжиб юришидан сезиб "адашган юлдузлар", яъни С. деб аташган. Қуёш атрофида айланувчи йирик С. 9 та (Меркурий, Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун, Плутон). Улардан 5 тасини оддий ("қуролланмаган") кўз билан кўриш мумкин.
Қадимда барча С. ва Қуёш Ер атрофида айланади деб нотўғри талқин қилинган. 16-аср бошларида поляк астрономи Н. Коперник С.нинг Қуёш атрофида айланиш тартибини аниқлади. Италян олими Г. Галилей ўзи ясаган телескопда С.ни кузатиб, улар шарсимон жисмлар эканлигини аниқлади. У Венерани ҳам худди Ой каби турли фазаларда кўринишини кузатиб, С. ўзидан нур чиқармаслигини, балки Қуёш нурларини қайтариши ҳисобига юлдузларга ўхшаб равшан кўринишини аниқлади. Телескоп ихтиро қилингач, Қуёш системасида яна 3 та йирик сайёра топилди: 1781 йилда инглиз астрономи В. Гершел Уранни, 1846 й. франсуз астрономи У. Левере ҳамда инглиз астрономи Ж. Адамс Нептунни ва 1930 йилда америкалик астроном Томбо Плутонни кашф этди.
С. физик табиатига кўра, Ер типидаги С. ва гигант С.ларга бўлинади: Ер типидаги С.га Меркурий, Венера, Ер, Марс, гигант С.га эса Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун киради. Плутон яхши ўрганилмаганлиги учун қайси типдагига мансублиги ҳали аниқ белгиланмаган. Ер типидаги С.нинг физик таснифларида бир қанча умумийлик бўлиб, уларнинг ўлчами ва массаси унча катта эмас (Ер — улар ичида энг каттаси), қаттиқ сирт қобиғига ва атмосферага (Меркурийдан ташқари) ҳам эга С.дир. Уларнинг ўртача зичликлари нисбатан юқори бўлиб, Ер зичлигига (5,5 г/см³) яқин.
Гигант С. ўлчами ва массаси жуда катталиги билан Ер типидаги Сдан фарқ қилади, ўртача зичликлари уларникидан анча кичик. Гигант С. нисбатан тез айланиши, қаттиқ сиртга эга эмаслиги ва жуда қалин гелий ҳамда водородли (қисман метан — СН4 ва аммиак — НҲ3 аралашмали) атмосфера қобикдарининг мавжудлиги билан ҳам Ер типидагилардан кескин фарқ қилади. Қуёш атрофида бу икки гуруҳга кирувчи С. дан ташқари ўн минглаб майда С. (астероидлар) ҳам айланади. Улар Қуёшдан ўртача 2,8 астрономик бирлик масофада, Қуёш атрофида айланади; бу зона астероидлар минтақаси деб юритилади. С. кўриниш шартларига кўра ҳам 2 гуруҳга бўлинади: орбиталари Ер орбитасининг ички қисмида жойлашгани — ички (Меркурий ва Венера), ташкарида жойлашгани эса ташки С. (Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун ва Плутонлар) деб аталади. Ички С. Қуёш чиқишидан олдин (шарқ томонда) ва Қуёш ботгандан сўнг (ғарб томонда) даврий кўриниш ҳолатларида бўла олади, ташки С. тунда турли пайтларда, жумладан, бутун тун давомида кўриниш ҳолатларида ҳам бўлиши мумкин.
С.нинг физик табиати 20-аср 2-ярмидан бошлаб, сайёралараро автоматик ст-ялар ёрдамида мунтазам ўрганила бошлади. Хусусан, Меркурий "Маринер", Венера "Венера", Марс — "Марс", "Викинг", гигант С. эса АҚШнинг "Катта тур" дастури бўйича учирилган. "Пионер10, 11", "Вояжер" автоматик ст-ялари ёрдамида самарали тадқиқ қилинди. Ердан туриб олиб борилган бевосита кузатишлар орқали топилган С.нинг йўлдошлари қуйидагилар: Ерда 1 та (Ой), Марсда — 2 та, Юпитерда — 12 та, Сатурнда — 9 та, Уранда — 5та, Нептунда — 2та, Плутонда — 1та. Кейинчалик космик аппаратлар ёрдамида гигант С. атрофида яна ўнлаб янги йўлдошлар топилди (қаранг Сайёраларнинг йўлдошлари).
С.нинг айримлари (Ер ва Юпитер) сезиларли магнит майдонига эга. Ер магнит майдонининг кучланганлиги унинг геомагнит қутбларида 0,63 эрстедни, геомагнит экваторида эса 0,31 эрстедни ташкил этади. Коинот қаъридан ва Қуёшдан келаётган космик нурлар ва зарралар оқими (асосан, электронлар ва протонлар) ни Ер магнит майдони тутиб қолади. "Қафасга тушган" бундай зарраларнинг энергияси ва консентрацияси уларнинг Ер сиртидан узоклиги ва геомагнит кенглигига боғлиқ бўлади. Бундай зарралар охироқибатда Ер атрофида, геомагнит экваторни ўровчи ҳалқа ёки камар шаклини олади.
Ер ва Юпитер атрофида турли баландликларда ҳосил бўлган ва радиацион камар деб аталувчи ана шундай кувватли электрон ҳамда протонлардан ташкил топган камарлардан бир нечтаси охирги йилларда кашф этилди.
Адабиёт[edit]
- Ксанфомалити Л. В., Планети откритиэ заново, М., 1978; Куликовский П. Г., Справочник любителя астрономии, М., 1971; Силкин Б.И., В мире множества лун, М., 1982; Маматазимов М., Қуёш системаси ҳақида очерклар, Т., 1984.[1]
Манбалар[edit]
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |