Орқа мия

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search
Орқа мия (рентген)

Орқа мия — одам ва умуртқали ҳайвонлар марказий нерв системасининг бир қисми, умуртқа поғонаси каналида жойлашган. Кўпчилик рефлексларда иштирок этади. Катта ёшдаги одамда унинг уз. 41—45 см, оғирлиги 30 г ча. Одамда Орқа мия 31—33 сегментдан иборат, уларнинг ҳар бирида 2 жуфт нерв илдизи бор: олдинги (ҳаракатлантирувчи) илдизлар орқали импулслар Орқа мия ҳужайраларидан периферияга (скелет ва томир мускуллари, ички аъзоларга) ўтади. Орқа (сезувчи) илдизлар импулеларни тери, мускул, ички аъзолар рецепторларидан Орқа мияга ўтказади. Орқа миянинг 2 томонида олдинги ва орқа илдизлар ўзаро бирлашиб, аралаш орқа мия нервларинм ҳосил қилади. Орқа миянинг марказий қисми кулранг моддаси нерв ҳужайраларининг тўпламларидан, периферик қисми — оқ моддаси нерв толаларининг тўпламларидан иборат. Нерв толалари Орқа мия ҳужайраларини бир-бирига, шунингдек, бош мияга боғлаб туради. Орқа мия кўндалангига кесилганда кулранг моддаси "капалак" нусха бўлади; унда ол-динги ва орқа шохлар фарқ қилинади. Орқа миянинг кўкрак бўлимидаги ва бел бўлимининг юқори қисмидаги ён шохларда симпатик нерв системасининг қужайралари бор (қаранг Вегетатив нерв системаси), толалар гавданинг ҳамма аъзоларига боради.

Орқа мия мия пардалар ва орқа мия суюқлиги билан ўралган. Унинг оқ моддасини ташкил этадиган, марказга интилувчи нерв толалари бадандан оғриқ, температура ва бошқа сезги импулсларини бош мияга ўтказиб, шу тариқа аъзолар ҳолати, шунингдек, ташқи муҳитдаги аҳвол ҳақида сигнал бериб туради.[1]

Манбалар[edit]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил