Ногиронлик

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search

Ногиронлик, инвалидлик — касаллик, шикастланиш, майиб-мажруҳлик, бахциз ҳодисалар туфайли бутунлай ёки маълум муддат меҳнат қобилиятини йўқотиш. Жисмоний ёки аклий нуқсонлари борлиги сабабли ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож шахс ногирон ҳисобланади. Ўзбекистонда Ногиронлик Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЕК) томонидан белгиланади. Ногиронлик меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасига қараб 3 гуруҳга бўлиниб, вақтинча (6—12 ой) ёки муддациз қилиб тайинланади. 1-гуруҳ Ногиронлигига меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотган ва бошқанинг доимий парвариши, ёрдами, назоратига муҳтож бўлган шахслар; 2-гуруҳ Ногиронига меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотган, лекин бошқаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлмаган, шунингдек, меҳнат туридан қатъи назар, унда узоқ муддат ишлай олмайдиган шахслар; 3-гуруҳ Ногиронлигига меҳнат қобилияти сезиларли даражада пасайган шахслар киради. Ногиронлар давлат нафақаси билан таъминланади, зарур бўлганда даволанади, уларга протезлар берилади, ишга, махсус мактабларга жойлаштириш учун шароит яратилади. Ногиронларни тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш орқали фаол ҳаётга, меҳнатга жалб қилиш долзарб масала ҳисобланади.

ЎзР қонунчилигида Н.нинг қуйидаги сабаблари назарда тутилади: умумий касалликлар (иш билан боғлиқ бўлмаган) оқибатидаги Ногиронлик; турмушдаги бахциз ҳодисалар натижасида шикастланиш оқибатида юз берган Ногиронлик; ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар ва касб касаллигига дучор бўлиш натижасидаги Ногиронлик; касб касаллигига чалиниш туфайли юз берган Ногиронлик; Ўзбекистонни ҳимоя қилиш ёки бошқача тарзда ҳарбий бурчни бажариш пайтида рўй берган Ногиронлик; ҳарбий бурчни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳарбий хизматни ўташ давридаги Ногиронлик. Бу борадаги тартиб-қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 24 ноябрдаги 317-сон қарори билан тасдиқланган "Тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари тўғрисида низом"да кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1995 йил 11 ноябрда "ЎзРнинг ногиронларни реабилитация қилиш борасидаги чора-тадбирлари Давлат дастури тўғрисида" қарор қабул қилди. Мазкур қарорнинг ижроси ногиронларни реабилитация қилиш марказлари системаси (Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш миллий маркази, Таянч-ҳаракат системаси касалликларида ногиронлар реабилитация маркази ва 10 та умумий типдаги ҳудудий реабилитация марказлари) ташкил этилди. Булар жойлардаги ТМЕКлар билан ҳамкорликда ногиронларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чора-тадбирларини амалга оширади.[1][2][3]

Манбалар[edit]

  1. Ўзбекистон Республикасида имтиёзли пенсия таъминоти тўғрисида [норматив ҳужжатлар тўплами], Т., 1994;
  2. Ўзбекистон Республикасининг Давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга шарҳлар, Т., 1996.
  3. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил