Мигрен
Мигрен (франс. миграине), мия оғриғи, гемикрания — ўқтин-ўқтин тутадиган бош оғриғи. Аксари аёлларда учрайди. Касалликка, асосан, қон томир тонусини бошқариб турадиган нерв ишининг бузилиши, кўпинча, оилада ва наслда қон томир касаллигига берилувчанлик сабаб бўлади. М. аксари балоғатга етиш даврида кузатилади. Касаллик хуружи, одатда, асабийлашиш натижасида ёки ўта чарчаш оқибатида рўй беради. Хуружнинг тутиш муддати, унинг оғиренгиллиги ёш улғайиши билан ўзгаради. Бу — турмуш тарзига, меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслик, мунтазам овқатланмаслик, чекиш, шовқин, равшан ёруғликка, хотинқизларда эса ҳайз сиклига боғлиқ. Хуруж олдидан бемор, кўпинча, ташналик, очиқиш сезади, кайфияти ўзгаради, мудроқ босади ва ҳ.к. Оғриқ тутганда кўз олди живирлаб, ҳар хил нарсалар кўринади.
М.да, одатда, ҳар доим бошнинг ўнг ёки чап ярми (кўпинча, чакка қисми) оғрийди, бош айланади, ёруққа қарай олмайди, беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади, шундан кейин оғриқ бир оз босилади.
М. хуружи 2—3 соатдан бир неча суткагача чўзилиши мумкин. Хуружлар ўртасидаги даврда бемор бутунлай соғлом бўлади. М.нинг мияча (асинергия ва бошқалар) ва кўзга алоқадор (диплопия, птоз) хиллари бор.
Давоси: қон томирларни кенгайтирувчи, оғриқ қолдирувчи препаратлар, шунингдек, физиотерапия ва ена санчиб даволаш буюрилади. Бемор врач назорати остида даволаниши лозим.[1]
Манбалар[edit]
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |