Калла (биология)

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search

Калла, бош — одам гавдасининг юқори ва ҳайвонлар гавдасининг олдинги қисми; пастки жағнинг остки чети ва кўтарилувчи тармоғи, сўрғичсимон ўсиқучи, энса суягининг кўндаланг жойлашган ғадир-будир ва ташқи дўмбоғи билан бўйин соҳасида ажралган. К.да нерв системасининг олий бўлими, баъзи сезув аъзолари, шунингдек, овқат ҳазм қилиш ва нафас системасининг олдинги бўлимлари жойлашган. Одам ва юксак ҳайвонлар К. си калла суягидан иборат бўлиб, у мия ва юз қисмларидан ташкил топган. Унда ҳаётий муҳим ҳамда мураккаб (инсонда тафаккур) вазифаларни бажарадиган бош мия ўрнашган. К.да мувозанат аъзолари, эндокрин безлар (қаранг Ички секреция) — гипофиз, эпифиз, шунингдек, сезги, ҳид билув, кўрув, эшитув аъзолари, овқат ҳазм қилиш системасининг бошланиш қисми — оғиз бўшлиғи (сўлак безлари, чайнаш аппарати), юқори нафас йўллари, бурун бўшлиғи, овоз бойламлари ва б. жойлашган. Бу аъзоларнинг К.да бўлиши одамнинг тарихий ривожланиши билан боғлиқ. Одамнинг бош мияси жуда яхши тараққий этганлиги, одам икки оёқда туриб, гавдасини тик тутадиган бўлганлиги, қўл меҳнат аъзосига айланганлиги боис К. ўзига хос анатомик хусусиятларни касб этган (қарангКилла суяги). [1]

Манбалар[edit]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил