Эмулсия

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search

Эмулсия [лот. — соғиб олинган (сут)] — бир-бири билан аралашмайдиган суюқ дисперсион муҳит ва суюқ (баъзан газ) дисперс фазадан иборат система. Ўзаро Э. ҳосил қиладиган 2 суюқлик бирбирида жуда оз эрувчан бўлиши лозим. Мас, Э. ҳосил қилувчи суюқликлардан бири сув, иккинчиси эса сувда оз эрийдиган ёки бутунлай эримайдиган бошқа бир суюқлик (мас, ёғ, бензол, хлороформ ва ҳ.к.) бўлиши мумкин. Сувда оз эрийдиган суюқлик шартли равишда "мой" ("ёг") деб аталади.

Суюқликларнинг қайси бири дисперс фаза бўлишига қараб Э. 2 турга бўлинади. Агар "мой" томчилари сув ичига тарқалган бўлса (яъни "мой" дисперс фаза бўлса), бундай Э. мойнинг сувдаги Э.си дейилади, аксинча,сув томчилари мой ичига тарқалган бўлса, бундай Э. сувнинг мойдаги Э.си деб аталади.

Э. жумласига суюклик билан газдан ташкил топган дисперс система — кўпикни ҳам киритиш мумкин, чунки кўпиқда дисперсион муҳит газ билан суюқ ҳолатлаги чегара сирт орқали бирлашади. 2 соф суюқликни бир-бири билан аралаштириб, суюлтирилган (консентрацияси 2% дан ортиқ бўлмаган) Э. ҳосил қилиш мумкин. Бундай Э. бир оз вақт ўттанидан кейин ундаги дисперс фаза томчилари бир-бири билан бирлашиши туфайли 2 қаватга ажралади.

Э. томчиларининг бир-бири билан бирлашиш ҳодисаси коалессенсия деб аталади. Э. олиш учун, биринчидан, Э. таркибига кирувчи суюқликларни етарли даражада дисперс ҳолатга ўтказиш ва, иккинчидан, ҳосил бўлган дисперс системани барқарорлаштириш керак. Бунинг учун системага суюқликларнинг сирт таранглигини камайтирадиган, суюқликлар чегарасида мустаҳкам парда ҳосил қилиб, дисперс фаза томчиларининг бир-бири билан бирлашишига йўл қўймайдиган 3-модда — эмулгатор киритиш керак. Э.нинг хоссалари ҳам, тури ҳам фақат 3 нарсага боғлиқ: И) дисперс фаза; 2) дисперсион муҳит ва 3) эмулгаторлар. Бу 3 модда орасидаги миқдорий ва сифат нисбатларининг ўзгариши Э. хоссаларини ва унинг турини тубдан ўзгартиради.

Э. хоссалари жиҳатидан 3 синфга бўлинади: суюлтирилган Э.лар; консентрланган Э.лар; юқори консентрацияли Э.лар. Бир типдаги Э.нинг иккинчи типдаги Э.га ўтиш ҳодисаси Э. фазаларининг алмашинуви дейилади. Механик таъсир натижасида ҳам Э. фазаларини алмаштириш мумкин. Мас, қаймоқни қувлаб мой тайёрлашда мойсув типидаги Э. сувмой типидаги Э.га айланади.

Э. техника ва биол.да, озиқ-овқат саноати ва бошқаларда катта аҳамиятга эга. Э.ланиш (Э.нинг емирилиш) жараёнлари совун пишириш, нефт таркибидаги сувни йўқотиш, нефт солинадиган идишларни тозалаш, сариёғ ва маргарин ишлаб чиқариш, табиий каучукни қайта ишлаш, керакли суюқликдаги сурков мойлари тайёрлаш ва бошқаларда кенг қўлланади.