Буғдой

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search
Буғдой
Биологик классификация
Олам: Ўсимлик

БУҒДОЙ (Тритиcум) — ғалладошлар оиласига мансуб ўцимон ўсимликлар туркуми; энг қад. ва ҳозирги дунёнинг кўпгина мамлакатларда экиладиган асосий дон экини. Соматик ҳужайраларида хромосомаларнинг сонига кўра фарқ қиладиган 3 (диплоид, тетраплоид, гексаплоид) қаторга кирадиган 30 га яқин ёввойи ва маданий турлари бор. Жаҳон деҳқончилигида асосан юмшоқ Б. ёки оддий Б. (Т. аэстивум, Т. вулгаре) ва қаттиқ буғдой (Т. дурум) экилади. Қолган турлари кам экилади ёки бутунлай экилмайди. Кўпгина Б. турлари (арарат, маха, Тимофеэв буғдойи, урарту, форс буғдойи ва бошқалар)нинг ватани Закавказедир.

Б. Олд ва Ўрта Осиё мамлакатларида милоддан аввалги 7—6 минг йилликларда маълум бўлган. 17-асрдан бошлаб Шим. Америкада экила бошлади. Б. Ер шарида шим.да 66° шаҳри к.да (Швесия), Россияда эса тажриба майдонларида 76*44’ шаҳри к.да (Мурманск вилояти); жан.да Австралия, Жан. Америка, Африканинг жан. чегараларигача экилади. Жаҳонда Б. экиладиган майдонилар 250 млн. гектарга яқин бўлиб, етиштириладиган доннинг қарийб 30% Б.га тўғри келади (ўртача 360 млн. т дан ортиқ). Асосий ғаллакор мамлакатлар — Россия, Қозоғистон, Хитой, АҚСҲ, Ҳиндистон, Канада. Ўзбекистонда 90- йилларнинг бошидан республиканинг ғалла мустақиллигини таъминлаш учун Б. экиладиган майдонлар кенгайтирилди (1,2 млн. га; 1999).

Ботаник тавсифи. Б.нинг илдиз системаси попук илдиз бўлиб, асосий қисми ернинг ҳайдалма қатламида ривожланади, айрим илдизлар эса 180 см гача чуқурга кириб боради. Пояси — сидирға бўғимларга бўлинган сомонпоя, бўйи 40—130 см. Б.нинг ётиб қолишга чидами ва ҳосилдорлиги поянинг баландлигига боғлиқ. Барги пояни найга ўхшаб ўраб турадиган барг қини ва лента шаклидаги барг пластинкасидан иборат. Тўпгули кўпгулли бошоқчалардан иборат бошоқ. Б.да четдан чангланиш кам учрайди, кўпроқ ўзидан чангланади. Меваси — дон. Дони яланғоч (полба Б.ларда пардали), овалсимон, тухумсимон, чўзиқ ёки шарсимон шаклда, қорин томонида узунасига кетган эгатчали, оқ ёки қизғишқўнғир рангли бўлади. Бўлиқлиги жиҳатидан юмшоқ (урвоқди) ёки қаттиқ (ялтироқ, қайроқи) Б.га бўлинади. 1000 та дони вазни 20—70 г . Юмшок Б. бошоғи қилтиқли ва қилтиқсиз, қилтиғи бошоғидан калтароқ; дони оқ ёки қизғиш, кўндаланг кесими думалоқ, ичи асосан унсимон. Қаттиқ Б. бошоғи зич, асосан қилтиқли, қилтиқлари бошоғидан узун ва тик ўсади.

Хўжалик аҳамияти. Дони тўйимли, таркибида оқсил (селексион навларида 10—12% дан 20—25% гача, ёввойи турларида 25—30% гача), крахмал (60—64%), шунингдек ёғлар (2%), витаминлар, ферментлар, минерал моддалар ва бошқа бор. Дони, кепаги ва бошқа чиқиндилари қимматли ем, аралаш ем саноати учун хом ашё. Сомони емхашак ва тўшама, қурилиш материали; пояси қоғоз, картон, ўров материали ишлаб чиқариш, саватлар, қалпоқлар тўқиш учун ишлатилади ва ҳ. к. Кўк массаси молга берилади, шунингдек силос қилинади. Б. донидан турли навли унлар, ёрма, спирт, крахмал ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Биологик хусусиятлари. Б.— бир йиллик ўсимлик, ҳар хил тур ва шаклларни дурагайлаш йўли билан кўп йиллик Б. навлари яратилган (қаранг Буғдойбуғдойиқ дурагайлари). Кузги, баҳори, ярим кузги ва куз ҳамда баҳорда экилганида ҳам ҳосил берадиган (дуоба) турлари ҳам бор. Кузги Б. баҳоргисидан биологик жйҳатдан фарқ қилади, совуққа ва қурғоқчиликка чидамли, тупроқ ҳарорати 4—5° бўлганда униб чиқади. Айниқса бошоқлаш даврида намга талабчан. Вегетация даврида кузги Б. учун 2100°, баҳори Б. учун камида 1300° самарали ҳарорат талаб этилади. Қурғоқчилик ҳосиддорликни пасайтиради. Кузги буғдойнинг вегетация даври кузда 45—50, баҳор—ёзда 75—100 кун, баҳори буғдойники 90— 100 кун. Кузги буғдой қор қоплами қалин бўлганда —35° гача совуққа чидайди. Баҳори буғдой майсалари —8— 10° даража совуққа бардош беради. Кузги Б. ҳосиддорлиги сувли ерларда 20— 25 (айрим ҳолларда 70—80) с/га, лалми ерларда баҳори Б. ҳосилдорлиги 12—18 с/га боради.

Агротехникаси. Суғориладиган минтақаларда кузги Б.ни маккажўхори, ғўза, картошка ва бошқа дала экинларидан бўшаган унумдор ерларга экиш тавсия этилади. Нордон ва шўрланган тупроқда яхши ўсмайди. Экиш усули ёппасига қаторлаб (қатор ораси 12— 15 см) ёки тор қаторлаб (қатор ораси 7—8 см) экилади. Экиш меъёри — лалми ерларда гектарига 70–110 кг , суғориладиган минтақаларда гектарига 170–200 кг , экиш чуқурлиги 4—6 см; кузги Б. чуқурроқ экилади, экиш меъёри 10—15% ортиқ олинади, уруглик экиш олдидан сараланиб, дориланади. Ўзбекистоннинг суғориладиган шароитида Б. экиладиган ерга экиш олдиндан 10—15 т гўнг , 40–80 кг фосфор, 40–100 кг азот, калий солинади, ўсув даврида ҳам экинзор ўғитланади, сувли ерларда ўсув даврида 2—3 марта суғорилади, Ўзбекистонда пишиб етилган буғдойзорлар ёппасига бир йўла ғалла комбайнлари билан ўрибйиғиб олинади.

Навлари. Ўзбекистонда 1937—96 йилларда Б. бўйича 6 марта (1937—61; 194464; 196065; 196375; 197080; 198085; 199095) нав алмаштирилди. Б. бўйича уруғлик ва янги Б. навларини яратишда Милютин (Ғаллаорол) давлат селексия ст-яси |1937; ҳозирги Сувли ерларда бошоқли ва дуккакли экинлар и. т. институти (Андижон шаҳри)нинг Ғаллаорол филиали] муҳим ишларни амалга оширди. Суғориладиган майдонларда Б.нинг Қилтиқсиз (Безостая 1), Унумли буғдой, Сете Серрос, Сангзор 4, Интенсив, Ёнбош, лалми ерларда Кизил буғдой (қад. жайдари нав). Кизил Шалола (Красноводопадская 210), Сурхок 5688, Тезпишар ва бошқа навлари экилади. 1995 йилдан Россиянинг Краснодар ўлкаси, Украинадан келтириб экилаётган Скифянка, Юна навлари суғориладиган майдонларда гектаридан 50—70 с ҳосил бериш имкониятига эга. Б. зараркунандалари: дон тунлами, гессен пашшаси, кўккўз, швед пашшаси, ҳасва ва бошқа Касалликлари: қоракуя, қора занг , уншудринг ва бошқа

Адабиётлар[edit]

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Казаков Е.Д., Зерноведение с основами растениеводства, 3изд., М., 1983;
  • Удачин Р. А., Шахмедов И. Ш., Пшеница в Средней Азии, Т., 1984;
  • Пшеници мира, 2изд., Л., 1987.