Бирлашган миллатлар ташкилоти

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) — ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот. 1945-йилда тузилган. БМТни барпо этиш ҳақидаги қарор СССР, АҚСҲ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги кенгашида 1943-йилда, Устави эса СанФрансиско конференсиясида 1945-йилда қабул килинди. БМТ Уставига дастлаб 51 давлат имзо чеккан, 2000-йилда эса улар сони 189 га етди. БМТнинг доимий иш ўрни (штаб квартираси) — НюЁрк. БМТ Уставида кўрсатилганидек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқукди бўлиши ва ўз такдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иктисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган марказ ҳисобланади.

2000-йил 6—8 сентабрда БМТнинг 55-сессияси доирасида "Минг-йиллик саммити" бўлиб ўтди. Унда 155 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этди. Мазкур анжуманда умумбашарий аҳамиятга эга бўлган ижтимоийиктисодий, экология ва хавфсизликка дойр муаммолар муҳокама қилиниб, янги юз-йилликнинг дастлабки-йилларида амалга оширилиши мўлжалланаётган тадбирлар белгиланди. Саммит иштирокчилари якдиллик билан кабул қилган декларацияда 2015-йилгача ’минлашда, Бош Ассамблея ва БМТ бошқа органлари қарорлари амалда бажарилишида ёрдам беради. Котибият қуйидаги департаментлар ва бошқармаларга бўлинади: Сиёсий масалалар ва Хавфсизлик Кенгаши ишлари департаменти, Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти, Васийлик ва ўз-ўзини бошқармайдиган ҳудудлар департаменти, Назорат бошқармаси, Ходимлар бошқармаси, Бош котибнинг маъмурий идораси, Ижтимоий ахборот бошқармаси, Конференсияларга хизмат қилиш бошқармаси, Умумий хизмат бошқармаси, БМТнинг Женева бўлими. БМТ сессияси йидда бир марта чақирилади. Хавфсизлик Кенгашининг ёки БМТ аъзолари кўпчилигининг талаби билан ҳар қандай масала юзасидан махсус сессиялар чақирилиши мумкин. БМТнинг расмий тиллари — инглиз, франсуз, рус, испан ва хитой тиллари бўлиб, инглиз, франсуз, испан тилларида иш юритилади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин кўп ўтмай—1992-йил 2 мартда БМТга аъзо бўдди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида ЎзРнинг Давлат байроғи кўтарилди. БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди (1993.24.8). БМТда Ўзбекистон Республикаси ваколатхонаси иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти — ЙУНЕСКОга ҳам аъзо бўлди.

Ўзбекистон ўз овози ва мавқеига эга бўлган аъзо сифатида БМТ олдига муҳим ва долзарб масалаларни қўйяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг БМТ Бош Ассамблеяси 48-сессиясида (1993-йил сентабр), БМТ ташкил этилганининг 50-йиллигига бағишланган сессияда (1995-йил окт.), БМТ Бош Ассамблеясининг "Минг-йиллик саммити" (2000-йил сентабр) да сўзлаган нутқлари дунё жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, ушбу халқаро ташкилотнинг 20-аср сўнггидаги энг йирик анжуманида Ўзбекистон раҳбари халқаро терроризм ва наркобизнес билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш; минтақавий хавфсизлик, жумладан Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш; жаҳон хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, БМТ фаолияти ва таркибий тизимини ислоҳ қилишга тааллуқли таклифлар билан чиқди.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилмоқда[1].

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қандай фаолият кўрсатади?[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1945-йил 24-октабрда, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ялпи хавфсизликни мустаҳкамлаш туфайли тинчликни барқарор этиш журъати билан тўлиб-тошган 51 мамлакат томонидан ташкил этилди. Бугунги кунда 185 мамлакат, яъни дунёнинг қарийб барча мамлакатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоларидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аъзоси бўлган давлат халқаро муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган, халққаро шартномалардан иборат бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида баён этилган мажбуриятларни қабул этади. Низомга биноан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тўртта асосий мақсадга амал қилади: халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш, халқаро муаммоларни ҳал этишда ва инсон ҳуқуқларини ҳурматлашни рағбатлантиришда, халқаро ҳамкорликни барқарор этиш ҳамда ушбу умумий мақсадларга эришишда миллатлар саъй-ҳаракатлари, келишувлари учун марказий ролни ўйнаш.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзолари — мустақил давлатлардир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутунжаҳон ҳукумати эмас ва у қонунлар қабул қилмайди. Бироқ халқаро можароларни бартараф этишга ва бизнинг барчамизга дахлдор бўлган масалаларни ҳал этиш сиёсатини ишлаб чиқишга ёрдам бера оладиган маблағларга эга бўлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига барча катта-кичик, бой ва камбағал, турли сиёсий қарашлар ва ижтимоий тизимдаги давлатлар аъзо бўлиб, улар овоз бериш ва овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида олтита бош орган мавжуд. Улардан бештаси — Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш, Васийлик Кенгаши ва Котибият — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ню-Ёркдаги Марказий қароргоҳида, олтинчи орган — Халқаро Суд эса Нидерландиянинг Гаага шаҳрида фаолият кўрсатади.

Хавфсизлик Кенгаши[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ халқаро тинчлик ва хавфсизликни барқарор этиш борасида Хавфсизлик Кенгаши бош жавобгарликни зиммасига олади ва у тинчлик хавф остида қолган кеча ёки кундузнинг ҳар қандай дақиқасида чақирилиши мумкин.

Кенгаш 15 аъзодан ташкил топган. Уларнинг бештаси - Хитой, Россия Федерацияси, Бирлашган Қироллик, Америка Қўшма Штатлари ва Франсия - доимий аъзолар ҳисобланади. Кенгашнинг қолган ўн аъзоси Бош Ассамблея томонидан икки-йил муддатга сайланадилар. Кейинги-йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Кенгашнинг аъзолар таркибини ўзгартириш, бу тадбир замонавий ва иқтисодий воқеликни янада ёрқинроқ акс эттириши масаласи муҳокама қилинаяпти. Кенгашнинг қарорлари, унинг учун тўққиз аъзо овоз берган тақдирдагина қабул қилинган ҳисобланади. Кун тартибидаги масалага Кенгашнинг доимий аъзоларидан бирортаси қарши овоз берса, шунингдек, вето ҳуқуқидан фойдаланса қарор қабул қилинмайди. Халқаро тинчликка хавф солинганлиги ҳақида кенгашга хабар берилганда бу можаро аввало тинчлик йўли билан бартараф этиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Кенгаш, балки бартараф этиш тамойилларини ишлаб чиқади ёки ҳакам вазифасини ўтайди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган тақдирда Кенгаш ўт очишни тўхтатиш чораларини кўради. Шунингдек, у томонларни яраштириш ёки бир-бирлари билан жанжаллашаётганларни ажратишга ёрдам берадиган, тинчликни барқарор этувчи миссия юбориши мумкин.

Кенгаш ўзи қабул этган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирлар қабул қилиши мумкин. У иқтисодий жазо чоралари қўллаши ёки қуролларни етказиб беришга эмбарго қўйиши мумкин. Жуда камдан-кам ҳолларда Кенгаш ўзи қабул қилган қарорни бажариш учун аъзо-мамлакатга биргаликдаги ҳарбий ҳаракатларга қадар бўлган "барча зарур воситаларни" қўллашга ваколат беради. Шунингдек, Кенгаш Бош котиб лавозимига муайян номзодни ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига янги аъзоларни тавсия этади.

Бош Ассамблея[edit]

Бош Ассамблея - ўзига хос бутунжаҳон парламентининг инсониятнинг энг долзарб муаммолари кўриб чиқилаётган мажлисларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси бўлган барча мамлакатлар вакиллари қатнашади. Ҳар бир аъзо-мамлакат бир овозга эга. Халқаро тинчлик ва хавфсизликни муайян даражада сақлаб қолиш тавсиялари янги аъзоларни қабул қилиш ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буджетини тасдиқлаш, шу жумладан, тинчликни сақлаш операцияларига маблағ ажратиш сингари муҳим масалалар кўпчилик, аниқроғи, учдан икки қисм овоз билан қабул этилади.

Бошқа масалалар бўйича қарорлар, одатдагидек, кўпчилик овоз билан қабул этилаверади. Кейинги йилларда Ассамблея қарорлари расмий овоз бериш йўли билан эмас, балки, консесус асосида қабул этилиши учун махсус саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 1999/2000-йилги сессияларда ядровий қуролсизланиш, тараққиёт, атроф муҳитни муҳофаза этиш ва янгича демократияни мустаҳкамлаш сингари кун тартибидаги турли-туман 173 масала кўриб чиқилиши керак эди. Ўз қарорлари ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, улар жаҳон жамоатчилиги фикрларини ифодаласа ва халқаро жамоатчиликнинг ахлоқий талаби ҳисобланса ҳам Ассамблея ўз қарорларини мажбуран қабул қилдирмайди.

Ассамблеянинг ҳар йилги навбатдаги сессияси сентабрдан декабрга қадар бўлган муддат давомида ўтказилади. Ассамблея зарурат туғилганда ўз ишини қайта чақирилган сессияда давом эттириши ёки жиддий ташвиш туғдирган масалалар бўйича махсус ёки фавқулодда сессиялар ўтказиши мумкин. Ассамблеялар орасидаги муддат давомида унинг ишлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита бош қўмиталарида, бошқа органларида ва Котибиятда давом этади.

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш[edit]

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш Бош Ассамблеянинг умумий раҳбарлиги остида ҳаракат қилиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тизимидаги муассасалар фаолиятини ижтимоий ва иқтисодий соҳада мувофиқлаштириб туради. Халқаро иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни муҳокама этиш ва шу соҳадаги сиёсат борасида тавсиялар ишлаб чиқиш учун бош анжуман ҳисобланган Кенгаш тараққиёт мақсадларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди. Кенгаш иш фаолиятида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Фуқаролар жамияти ўртасидаги ўша муҳим ҳаётий мулоқотни қўллаб-қувватлаган ҳолда тегишли ноҳукумат ташкилотлари билан маслаҳатлашади.

Кенгаш таркибига Бош Ассамблея томонидан уч-йилга сайланадиган 54 нафар аъзо киради. Кенгаш ҳар-йили - Ню-Ёрк ва Женевада, галма-галдан - ўзининг бир ой муддатга чўзиладиган сессиясини ўтказади. Сессия давомида муҳим иқтисодий ва ижтимоий масалаларни муҳокама этиш учун министрлар даражасида мажлис, 1998-йилдан эса сессия доирасида инсонпарварлик масалаларини кўриб чиқиш босқичи ўтказилмоқда.

Кенгашнинг ишлари-йил мобайнида ўз йиғилишларини мунтазам ўтказиб турадиган ва Кенгашга ҳисобот берадиган ёрдамчи ташкилотлар томонидан олиб борилади. Масалан, инсон ҳуқуқлари комиссияси дунёнинг барча мамлакатларида инсон ҳуқуқларига қандай риоя этилаётганлигини назорат қилади. Бошқа ташкилотлар ижтимоий тараққиёт, хотин-қизларнинг аҳволи, жиноятчиликдан огоҳ этиш, гиёҳвандликка қарши кураш ва атроф муҳитни муҳофаза этиш масалалари билан шуғулланадилар. Бешта ҳудудий комиссия иқтисодий тараққиёт ва ўз ҳудудларида иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Васийлик Кенгаши[edit]

Васийлик Кенгаши 7 аъзо мамлакат қўл остидаги 11 васийлик ҳудудида халқаро назоратни таъминлаш, шунингдек, уларнинг ҳукуматлари бу ҳудудларда ўз-ўзини бошқариш ёки мустақилликнинг зарур чора-тадбирларини кўришлари учун халқаро назоратни таъминлаш мақсадида ташкил этилган. 1994-йилга келиб васийлик ҳудудларининг барчаси ўзларини бошқара бошладилар ёки алоҳида давлатга айланиб мустақилликка эришдилар, ёхуд мустақил қўшни давлатлар билан қўшилишди. Энг охири бўлиб бундай тадбирни Қўшма Штатлари қўл остида бўлган Тинч океан ороллари (Палау) васийлик ҳудуди амалга оширди ва 185-аъзо давлат бўлиб қолди.

Ҳозирги пайтда, таркибига Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси киргани сабабли Васийлик Кенгаши ишлари, асосан, тугалланди, унинг иш тартиби қоидаларига тегишли ўзгартиришлар киритилди, яъни у ўзининг йиғилишларини фақат шарт-шароит тақозо этган ҳоллардагина ўтказадиган бўлди.

Халқаро Суд[edit]

Халқаро Суд - Бутунжаҳон суди сифатида ҳаммага маълум бўлиб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош суд органидир. Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан сайланган 15 судядан ташкил топган Халқаро Суд давлатлар ўртасидаги можароларни бартараф этиш билан шуғулланади. Давлатларнинг - суд муҳокамасида қатнашишлари ихтиёрийдир, бироқ давлатлар шунга рози бҒлсалар, улар Суд қарорига бўйсунишлари шарт. Шунингдек, Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши илтимослари билан Суд консултатив хулосалар чиқариш ишлари билан ҳам шуғулланади.

Котибият[edit]

Котибият Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа ташкилотлари кўрсатмаларига мувофиқ тезкор ва маъмурий ишларни амалга оширади. Уни умумий маъмурий раҳбарликни олиб борадиган Бош котиб бошқаради. Ҳозирги вақтда Котибият қарийб дунёнинг 160 мамлакатидан бўлган 8900 киши ишлайдиган етти депортамент ва турли бошқармалардан ташкил топган. Бундан ташқари Ню-Ёрк, Женева, Вена ва Найробида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимлари мавжуд.

БМТ тинчликни барқарор этиш учун нималар қилади?[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг бош вазифаларидан бири - бутун дунёда тинчликни барқарор этишдир. Низомга биноан аъзо-мамлакатлар ўзларининг халқаро келишмовчиликларини тинч йўл билан ҳал этади, қуролли кучларни бошқа давлатларга нисбатан қўлламайдилар, уларга таҳдид солмайдилар.

Кўп-йиллар мобайнида халқаро кризисларни бартараф этиш ва пайдо бўлган можароларни ҳал қилишга ёрдам беришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муҳим рол ўйнади. У тинчликни ўрнатиш, тинчликни сақлаб қолиш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида кўплаб операциялар туркумини амалга оширди. Шунингдек у бирмунча жиддий тус олган можароларни ҳам бартараф этишга муваффақ бўлди. Можаролар келиб чиққан ҳолларда у зўравонликнинг туб илдизларини қирқиш ва мустаҳкам тинчлик учун асослар яратишга йўналтирилган ва координациялаштирилган янада қатъий чора-тадлбирлар қабул қилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу борада диққатга сазовор натижаларни қўлга киритди. Масалан, 1962-йилги Кариб кризисини, 1973-йилги Яқин Шарқ жанжалидаги кескинликни бартараф этишга муваффақ бўлди. 1988-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Эрон-Ироқ урушини бартараф этиш имконини берди, ундан кейинги-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан ўтказилгагн музокаралар туфайли совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 90-йилларда Қувайт мустақиллигини тиклашга ёрдам берди, Камбоджа, Салвадор, Гватемала ва Мозамбикда фуқаролар урушини тўхтатишда, Гаити ва Серра-Леонда демократия асосида сайланган ҳукуматни тиклашда катта рол ўйнади, шунингдек, қатор бошқа мамлакатлардаги келишмовчиликларни бартараф этди ва ҳал қилди.

Қуролсизланиш[edit]

Қурол-яроғлар тарқалишига чек қўйиш, шунингдек, ялпи қирғин қуролларининг қисқартирилиши, пировардида, уларнинг барча заҳиралари йўқотилишига эришиш энг муҳим вазифалардан биридир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қуролсизланиш бўйича музокаралар ўтказиш, шу соҳада тавсиялар ишлаб чиқиш ва тадқиқотлар ташаббускори бўлиш учун доимий форум вазифасини ўтайди. У қуролсизланиш бўйича Конференсия ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида олиб бориладиган кўпқиррали музокараларни қўллаб-қувватлайди. Бу музокаралар натижасида Ядро қуролини тарқатмаслик ҳақидаги кенг қамровли шартнома (1996-йил) ва ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги шартнома каби халқаро келишувлар рўёбга чиқди. Шунингдек, бундан бошқа кимёвий (1992-йил) ва бактериологик (1972) қуролларнинг заҳираларини тайёрлаш, ишлаб чиқиш ва тўплашни таъқиқловчи, денгиз ва океанлар тубига (1971-йил) ва космик фазога (1967-йил) ядро қуролини жойлаштиришни таъқиқловчи шартномалар, шу сингари яна бошқа турдаги қуролларни таъқиқловчи ёки чегараловчиартномалар тузилган эди. 1977-йилда ер усти миналаридан фойдаланишни таъқиқловчи конвенсияга 100 дан ортиқ давлат имзо чекди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мана шу конвенсияга ва вайрон қилувчи турдаги қуроллардан фойдаланишни таъқиқловчи бошқа халқаро шартномаларга барча давлатларни қўшилишга чақирди. БМТ шунингдек, ўқ отар ва енгил қуроллар устидан назоратни кучайтиришнинг ҳам тарафдоридир. Бош Ассамблея карорига биноан халқаро конференсия ўқ отиш қуроллари билан ноқонуний савдо қилиш бўйича масалани 2001-йилда кўриб чиқади.

Венада жойлашган атом энергияси бўйича халқаро агентлик, кафолатлар борасидаги битимлар тизими асосида фаолият кўрсатиб, тинчлик мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган атом ашёлари ва жиҳозларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланилмаслигини таъминлашга жавоб беради. Гаагада жойлашган Кимёвий қуролларни таъқиқлаш бўйича ташкилот жаҳоннинг барча мамлакатлари кимёвий обектлари ҳақида маълумот йиғиш билан шуғулланади ва кимёвий қуроллар бўйича Конвенсияга амал қилиш учун назоратни таъминлаш мақсадида доимий кузатув олиб боради.

Тинчликни барқарор этиш[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг тинчлик ўрнатиш фаолияти доирасида дипломатик механизмлардан фойдаланган ҳолда қарама-қарши бўлиб қолган томонларнинг ярашишларига ёрдам беради. Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизлик борасидаги ўз саъй-ҳаракатлари доирасида можарони бартараф этиш ва тинчлик ўрнатиш ёки уни, масалан, музокаралар ёхуд Халқаро Суд ёрдамида барқарор этиш йўлларини тавсия қилиши мумкин.

Тинчликни барқарор этиш ишида Бош котиб муҳим рол ўйнайди. У Хавфсизлик Кенгаши эътиборига ўз фикри бўйича халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган ҳар қандай муаммони ҳавола этиши мумкин. Бош котиб "беминнат хизмат"дан, воситачилик функсиясидан фойдаланиши ёки саҳна ортида бевосита ўзи ёки махсус вакил орқали "тинч дипломатия" билан иш олиб бориши керак. Бош котиб, шунингдек, ҳолат кесинлашгунига қадар жанжалнинг олдини олиш учун "огоҳлантирувчи дипломатия" механизмидан ҳам фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари фактларни аниқлаш, ҳудудий доирада шуғулланаётган тинчлик ўрнатувчиларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатларда - томонларга ишончни мустаҳкамлашга ёрдам кўрсатадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сиёсий бўлимларини очиш учун миссия жўнатиши мумкин.

Тинч қурилиш[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаолияти - жабр-зулмнинг туб сабабларини имкон қадар кўпроқ бартараф этишга қаратилгандир. Шунинг учун ҳам тинч қурилишнинг энг муҳим унсурларидан бири - тараққиёт учун ёрдамни аямасликдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимнинг бошқа ташкилотлари билан ҳамкорликда ва давлатлар орасидаги донор мамлакатлар ҳамда ноҳукумат ташкилотлари иштирокида бутун жамиятнинг бахт-саодати учун, қонун-қоидалар устуворлигини барқарор этиш учун можаролар оқибатларини бошдан кечираётган мамлакатларда сайловлар ўтказиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган, бошқаришни такомиллаштиришни қўллаб-қувватлайдиган ёрдам кўрсатади. Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу мамлакатларга можаролар оқибатида издан чиққан маъмурий тизимни, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва ижтимоий инфраструктуранинг бошқа унсурларини тиклашга ёрдам беради.

Мазкур фаолиятнинг 1989-йилда Намибияда сайловларнинг ўтказилишини, Мозамбикда миналардан тозалаш дастўрини ва Гаитида фуқаро полицияси ходимларини тайёрлашни кузатиш каби баъзи турлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни ўрнатиш бўйича операциялари доирасида амалга оширилди, бу ҳолда ушбу фаолиятнинг баъзи жиҳатлари тинчликни ўрнатиш операциясидан кейин ҳам давом этиши мумкин. Фаолиятнинг бошқа, масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Либерияда тинч қурилиш жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз бўлимини очиши, Камбоджада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича бўлимининг фаолият кўрсатиб туриши ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гватемалада мамлакат ҳаётининг қарийб барча жабҳаларига таъсир кўрсатиб, тинчлик битимлари тузилишига ёрдам бераётгани каби турлари ҳукуматларнинг илтимосига биноан амалга оширилади.

Тинчликни сақлаб қолиш[edit]

Хавфсизлик Кенгаши ўзининг тинчликни сақлаш ва халқаро хавфсизлик борасидаги саъй-ҳаракатлари доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш бҳйича операцияларининг ваколат ва мандат доираларини тасдиқлаб беради. Музокаралар даврасида узоқ муддатга мўлжалланган қарорлар устида изланишлар олиб борилаётган пайтда, бундай операцияларнинг кўпчилигида ўт очишни тўхтатиш режимини кузатаётган ёки оралиқ зона ташкил этган ҳарбий хизматчилар иштироки кўзда тутилади. Бошқа операцияларда сайловларни ташкил этишга ёрдамлашадиган ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоя этилишини назорат қиладиган фуқаро полициячилар ва фуқаро мутахассислар иштирок этишлари мумкин. Собиқ Югославия Республикасининг Македониясида амалга оширилган шунга ўхшаш баъзи операциялар эҳтиёт чораси сифатида талқин этилди ва у ҳарбий ҳаракатларни кенгайиб кетишининг олдини олди. Кўпгина ҳолларда операциялар тинч музокараларга амал қилинишини назорат этишга йўналтирилади ва ҳудудий ташкилотнинг тинчлик ўрнатувчи кучлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Тинчлик ўрнатиш операциялари бир неча-йилга қадар давом этиши мумкин. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ҳиндистон ва Покистоннинг Жамму ва Кашмир штатлари ўртасидаги ўт очиш тўхтатилиши лозим бўлган линия бўйлаб фаолият кўрсатаётган операцияси 1949-йилдан буён давом этади, Кипрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни барқарор этувчилари 1964-йилдан бери посбонлик қилмоқдалар. Бошқа бир томондан, 1994-йил Ливия ва Чад ўртасидаги Аозу минтақасида операция ўтказиш учун бир ойдан ортиқроқ муддат зарур бўлди.

1948-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчлик ўрнатувчи энг биринчи миссияси шаклланган сонияларданоқ Ташкилот ихтиёрига 118 мамлакат ихтиёрий равишда 750 000 нафар ҳарбий хизматчи ва фуқаро полициячилари ажратдилар. Улар минглаб фуқаро мутахассислар билан биргаликда тинчлик ўрнатиш борасида амалга оширилган 53 операцияда иштирок этдилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчлик ўрнатиш бўйича фаолияти[edit]

Африкада...[edit]

Узоқ-йиллар мобайнида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни барқарор этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, уч ўнйилликка чўзилган Жанубий Африкадаги апартеидга қарши кураш компаниясини, Намибиянинг мустақилликни қўлга киритиш жараёнини фаол қўллаб-қувватланишини, тинчликни ўрнатиш бўйича амалга оширилган 18 операция ва сайловлар ўтказишни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор миссияларни шу жумлага қўшганда ғоят хилма-хил шаклларда амалга оширилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Мозамбикдаги қочоқларнинг ўз уйларига қайтишларига ёрдам берди, Сомали ва Суданда инсонпарварлик ёрдами кўрсатди ва Буюк кўллар раёнида тинчликни ўрнатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб борди. У Жанубий Сахара келажаги тўғрисидаги масала бўйича референдум тайёрлашга ёрдам бермоқда. Яқинда Хавфсизлик Кенгаши илтимосига биноан Бош котиб Африка мамлакатларидаги можароларнинг ҳар томонлама таҳлилини мустаҳкам тинчлик ўрнатишга маълум даражада ёрдам берадиган тавсиялар билан тайёрлади.

1999-йилда Хавсизлик Кенгаши тинчликни бақарор этиш бўйича Серра-Леон ва Конго Демократик Республикасида иккита янги операция ташкил этди.

Осиёда...[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Камбоджа мамлакатида 1992-1993-йиллардаги кенг кўламли операцияси тугалланганидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими муассаса ва ташкилотлари фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ва демократияни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқдалар.

Афғонистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус миссияси 1993-йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Унинг вазифаси миллий яраш ва узоқ давом этган фуқаролар уруши натижасида издан чиққан хўжаликни тиклашга ёрдам беришдан иборатдир. Бироқ, Бош котиб ва унинг махсус вакилларининг қатъий дипломатик саъй-ҳаракатларига қарамасдан мамлакатда жуда катта инсонпарварлик харажатларини талаб қилаётган ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, бу - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг афғон халқига ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятига жиддий таъсир кўрсатяпти.

Шарқий Тиморда БМТ ёрдамида Индонезия ва Португалия ўртасида ўтказилган, мазкур худуднинг мақоми борасида бутунжахон референдуми учун йўл очган музоқаралар 1999-йили май ойида якунланади. Шу музокараларга биноан БМТ миссияси овоз берувчиларни рўйхатга олиш ишини кузатиб борди ва 1999-йилнинг августидаги бу референдумда Шарқий Тимор аҳолисининг 78 фоизи Индонезиядан мустақил бўлиш учун овоз берди. Референдум якунлари эълон қилинганда мустақилликка қарши турган милиция Шарқий Тиморнинг 200 минг аҳолисини ўз уйларини ташлаб кетиш учун мажбурлашга ҳаракат қилди. 1999-йилнинг сентабр ойида Хавфсизлик кенгаши тартиб ўрнатишга ёрдам берган халқаро хавфсизлик кучларини жунатиш учун қарор қабул қилди. БМТнинг муваққат маъмурияти халқаро кучларни алмаштирди ва айни пайтда Шарқий Тиморда мустақилликни амалга ошириш жароёнини кузатиб бормоқда.

Европада...[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарийб 4 миллион кишига фавқулодда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб собиқ Югославиядаги можароларни бартараф этишга астойдил ҳаракат қилмоқда. 1991-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қурол-яроғ етказиб беришга чек қўйди; айни пайтда Бош котиб ва унинг вакили қон тўкишни тўхтатиш учун йўналтирилган дипломатик саъй-ҳаракатлар билан ёрдам қила бошлади. 1992-йилдан 1995-йилга қадар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни барқарор этувчи кучлари Хорватияда тинчлик ва хавфсизликни тиклашга ҳаракат қилдилар, Босния ва Герсеговиния фуқаро аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бердилар, шунингдек, собиқ Югославиянинг Македония республикаси уруш гирдобига тортиб кетилмаслигига кўмаклашдилар. 1995-йилдаги Дейтон (Париж) тинчлик битими тузилганидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўртта миссияси бу ҳудудда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашдилар. Уларнинг бирмунча йириги ҳисобланган - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Шарқий Словония учун муваққат маъмурияти Хорватия таркибидаги бу ҳудуднинг реинтеграция жараёнини кузатиб турди. Косовода (Югославия Федерал Республикаси) НАТОнинг бомбардимонларини тўхтатилганидан ва Югославия қуролли кучлари чиқарилганидан сўнг, 1999-йили бу ерда БМТ муваққат халқаро маъмурият ташкил этди. Хавфсизлик кенгаши БМТнинг бу маъмуриятига Косово худуди ва халқига нисбатан барча қонуний, ижроий ва ҳуқуқий ваколатларга қадар бҒлган фавқулодда ваколатлар яратиб бермоқда. Европа иттифоқи, Европа хавфсизлиги ва ҳамкорлиги ташкилоти, БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий комиссари ва Бирлашаган Миллатлар Ташкилоти демократик жамият ҳамда барқарор автономия ташкил этишда Косово халқи билан иш олиб бормоқда.

Америка қитъасида...[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни барқарор этиш борасидаги фаолияти ва унинг тинчликни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлари Марказий Америкада пайдо бўлган тўқнашувни бартараф этишда катта рол ўйнади. 1989-йили Никарагуада тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли қаршилик кўрсатиш кучлари ихтиёрий тарзда тарқатиб юборилди ва унинг қатнашчилари ўз қуролларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотига топширди. 1990-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти миссияси Никарагуадаги сайловларни кузатди - бу, мустақил мамлакатда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кузатувида ўтган биринчи сайлов эди.

Салвадордаги Бош котиб воситачилигида ўтган тинч музокаралар 12-йил давом этган ҳарбий ҳаракатларга чек қўйди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни барқарор этиш бўйича миссияси барча келишувларнинг амалга оширилишини кузатиб туришни таъминлади. Гватемалада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёрдамида ташкил этилган музокаралар туфайли 35-йиллик фуқаролар уруши тўхтатилди. Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гватемаладаги Назорат комиссияси кенг кўламдаги тинчлик битимлари тўла-тўкис амалга оширилишини таъминлаш учун даъват этилган.

Гаитида демократик йўл билан сайланган мамлакат ҳукуматини қайта тиклаш бўйича халқаро чора-тадбирлар амалга оширилганидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ишини миллий полицияга таълим бериш билан давом эттирмоқда.

Яқин Шарқда...[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бешта ўнйиллик мобайнида (бу муддат давомида беш марта кенг кўламдаги уруш олови аланга олган) Араб - Исроил можаросига катта диққат-эътибор билан қараб келади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳаққоний ва мустақкам тинчлик ўрнатиш тамойилларини муаммони ҳал этишнинг мустаҳкам асоси бўлиб қоладиган Хавфсизлик Кенгашининг 242 (1967) ва 338 (1973) сонли иккита таянч резолюцияларида ишлаб чиқди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сиёсий муаммолар асосида келиб чиққан можароларни бартараф этишга йўналтирилган бошқа ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватлади ва бу минтақага қатор тинчлик ўрнатувчи миссиялар жўнатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1948-йилда ташкил этилган биринчи ҳарбий кузатувчилари гуруҳи минтақада бугунги кунда ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. 1956-йилдаги Суэс кризиси даврида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчлик ўрнатиш бўйича ўзининг биринчи кучларини ташкил этди.

Ҳозирги пайтда минтақада тинчликни барқарор этувчи иккита миссия фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 1974-йилда ташкил этилган биттаси Голан тепаликларида Исроил ва Сурия қуролли кучларини ажратиб турадиган минтақани назорат этади; 1978-йилда тузилган иккинчиси барқарорликни таъминлашга ва Ливаннинг жанубий қисмида яшаётган аҳоли ҳимоя қилинишини таъминлашга ёрдам беради.

Яқин Шарқнинг бошқа раёнлари ҳақида шуни айтиш керакки, 1991-йили Қувайт мустақиллиги тикланганидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кузатувчилар миссияси Ироқ ва Қувайт ўртасидаги қуролсизлантирилган минтақанинг назорат қилинишини таъминламоқда.

БМТ адолатни барқарор этиш, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ борасида нималар қилмоқда?[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саъй-ҳаракатлари туфайли дунёни бизнинг ҳаммамиз учун янада бехатар ва соғлом, янада истиқболли ва пок қилиш учун ҳукуматлар билан юзлаб кўптомонлама шартномалар тузилган. Халқаро ҳуқуқ нормаларининг бу кенгқамровли мажмуи ва инсон ҳуқуқлари стандартларининг ишлаб чиқилиши Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг улкан ютуқлари ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари[edit]

1948-йили Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари декларациясида барча эркак ва аёллар учун умумий бўлган асосий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, яшаш, озодлик ва фуқаролик ҳуқуқлари, фикр, виждон ва дин эркинликлари, меҳнат қилиш, билим олиш ва бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқлари эълон қилинган.

Иштирокчилари кўпчилик давлатлар ҳисобланган икки халқаро битим бу ҳуқуқларга юридик жиҳатдан мажбурий характер касб этади. Битимларнинг бири иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар. Иккинчиси эса - фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларга бағишланган. Декларация билан биргаликда улар инсон ҳуқуқлари ҳақидаги Халқаро биллни ташкил этади.

Декларация инсон ҳуқуқлари борасида, жумладан, ирқий камситиш ва хотин-қизларни камситишга барҳам бериш тўғрисидаги конвенсия; болалар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенсия, қочоқлик мақоми ва геноцидга барҳам бериш, ўз тақдирини ўзи ҳал этиш, зўравонлик билан йўқотиб юбориш тўғрисимдаги декларациялар ва тараққиёт ҳуқуқи каби 80 дан ортиқ конвенсия ва бошқа декларацияларни тайёрлаш учун пойдевор қўйди.

Нормаларни ишлаб чиқиш фаолияти ниҳоясига етаётган айни пайтларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг инсон ҳуқуқлари борасидаги ишларида асосий эътиборни жорий этилган нормаларни ҳаётга татбиқ этилишига қаратмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими бутун фаолиятини мувофиқлаштирувчи Олий комиссар ҳар қандай бузғунчиликнинг олди олиниши, ҳар қандай жиноят тафтиш этилишига эришиб, инсон ҳуқуқлари янада яхшироқ муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида ҳукуматлар билан ҳамкорлик қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ҳукуматлараро орган ҳисобланиб, давлатлар томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган масалаларни оммавий кўрибиғиш ишларини амалга оширади. У инсон ҳуқуқлари бузилган муайян ҳолат тўғрисида маъруза тақдим этиш учун ёки баъзи бир мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳволни ўрганиш учун мустақил экспертлар - "махсус маърузачилар" тайинлайди. Женева-даги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бўлимида кенг жамоатчилик учун инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги ахборотлар берадиган факсимал алоқанинг бевосита очиқ линияси (41-22-917-0092) фаолият кўрсатмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлари илгаридан огоҳлантириш ва можароларнинг олдини олиш, турли тадбирларини қўллаш, шунингдек, келишмовчиликларнинг туб илдизларини қирқишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш йўллари билан фаолият кўрсатади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги қатор комиссиялари инсон ҳуқуқлари компоненти билан жойлаштирилган: шундай компонент, жумладан, Грузиядаги ва Гватемаладаги миссиялар таркибида мавжуд. Гаитида эса бу иш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Америка давлатлари ташкилотининг биргаликдаги операциялари доирасида олиб борилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча тадбирлари ҳозирги пайтда 27 мамлакат ва ҳудудларнинг турли жойларида амалга оширилмоқда.

Инсон ҳуқуқларига ғоят катта ҳурмат-эътибор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиётга ёрдамлашиш борасидаги саъй-ҳаракатларида яна ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Жумладан, тараққиёт ҳуқуқи ўзида барча фуқаролик, маданий, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларни мужассам этган динамик жараённинг муҳим унсури сифатида олиб қаралади ва бу - жамиятнинг барча аъзолари фаровонлигининг ошишига ёрдам беради. Тараққиёт ҳуқуқининг калитини топиш - қашшоқликка барҳам бериш билан изоҳланади, бу эса, ўз навбатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий мақсадларидан биридир.

Халқаро ҳуқуқ[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олдига халқаро ҳуқуқ ва унинг кодификациясини илғор тараққиёт йўлига буришдан иборат аниқ вазифа қўйган. Бу ишнинг натижаси ҳисобланган конвенсиялар, шартномалар ва нормалар халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ёрдам бериш учун асос яратади. Бу конвенсияларни ратификация этган давлатлар ҳуқуқий жиҳатдан уни бажаришга мажбурдирлар.

Халқаро ҳуқуқ комиссияси халқаро ҳуқуқий мавзудаги ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, улар кейин конвенсияга қўшилиши ва давлатларнинг ратификацияси учун зарур бўлиши мумкин. Бу конвенсияларнинг баъзилари давлатлар ўртасидаги муносабатларни регламентга солиш ҳуқуқий нормаларининг асосини ташкил этади. Жумладан, дипломатик алоқалар ҳақидаги конвенсия, халқаро очиқ сув оқимларидан фойдаланиш турларини регламентлайдиган конвенсия шундай ҳужжатлардандир. Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенсия барча мамлакатларга Дунё океани бойликларига тенг ҳуқуқ билан кириб бориш, уни ифлосланишдан муҳофаза қилиш ва кема қатнови ҳамда тадқиқотлар эркинлигига ёрдам бериш учун йўналтирилган. Гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний айлантришга қарши кураш ҳақидаги конвенсия гиёҳванд моддаларни тарқатишга қарши курашда ғоят муҳим халқаро-ҳуқуқий восита ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси ўзаро мувофиқлаштириш ва халқаро савдо соҳасида ҳуқуқий нормаларни тайёрлашга ёрдамлашиш мақсадида қоида ва бошқариш тамойилларини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро экологик ҳуқуқни ишлаб чиқиш кашшофи ҳамдир. Ерларнинг чўлга айланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенсия, хавфли чиқиндиларни ташиш ҳақидаги конвенсия каби келишувлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф муҳит дастурида ўз такомилини топмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари томонидан терроризмга қарши курашнинг асосий ҳуқуқий қуроли ҳисобланган халқаро битим ишлаб чиқилди.

Жазосизликка чек қўйилади[edit]

Собиқ Югославиядаги ҳарбий ҳаракатлар давомида юз берган кўплаб инсон ҳуқуқларини бузиш нормалари Хавфсизлик кенгашини ушбу можарода 1993-йили ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланган шахсларни судлаш учун халқаро трибунал ташкил қилишга мажбур этди. 1994-йили Кенгаш Руандадаги геноцидда айбланганларнинг ишларини кўриб чиқиш учун яна бир трибунал ташкил этди. Ушбу трибуналлар айбланганларнинг ишларини кўриб чиқиш бўйича қатор суд мажлислари ўтказдилар. 1998-йил Руанда бўйича трибунал тарихда биринчи марта геноцид жиноятига оид ишлар учун халқаро суд ташкилотининг вердиктини, яъни тарихда илк бор мазкур жиноят бўйича ҳукмни эълон қилди. Собиқ Югославия бўйича трибунал, шунингдек, Косоводаги можаролар пайтида содир этилган жиноятларни кўриб чиқаяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг асосий мақсадларидан бири - инсон ҳуқуқлари кенг кўламда бузилган ҳолларда бунинг учун жавобгарлик масъулиятини барқарор этиш учун халқаро механизм ташкил қилиш иши ҳукуматлар Халқаро жиноий суд ташкил этишга розилик билдиришганларидан сўнг, 1998-йилда амалга ошди. Геноцидда айбланганларни ва инсонийликка қарши қилинган бошқа жиноятларни жазолаш учун Судда барча зарур воситалар мавжуд. Халқаро ҳамжамият Суд ташкил этиш учун овоз бериб, кимки жиноят содир эца, жазони четлаб ўтишга, қасосдан қутулиб қолишга умид боғламаслиги зарурлигини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи соҳасида қатор конвенсиялар ишлаб чиқишга ўз ҳиссасини қўшди.

Адолат ва тенгҳуқуқлиликни барқарор этиш борасидаги турли чора-тадбирлар 1945-йили ўз эгалари бошқармайдиган ҳудудларда 750 миллион киши яшар эди. Ушбу сон бугунги кунда 1,3 миллионни ташкил этади. Бу ғоят жиддий тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қарам ҳудудларда яшаётган халқлар орзу-умидларининг қўллаб-қувватланганлиги ва уларнинг мустақилликни тезроқ қўлга киритишлари учун берилган ёрдам туфайли амалга ошди. Бош Ассамблея қарам мамлакатлар ва давлатларга мустақиллик бериш тўғрисида Декларация қабул қилган 1960-йилдан буён 60 га яқин собиқ қарам ҳудудларда яшаётган халқлар мустақилликка эришдилар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўла ҳуқуқли аъзоларига айландилар. Ассамблея ўз олдига 2000-йилгача колониализмдан халос бўлиш мақсадини қўйган.

Ўттиз-йилдан ортиқ муддат давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан олиб борилган муайян операциялар мажмуи туфайли апартеид сингари бутун дунёга маълум бўлган Жанубий Африкадаги ирқий сегрегация тизимига барҳам берилди. 1994-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти миссияси кузатувчилари иштирокида бу мамлакатда барча ирқлар вакиллари учун очиқ бўлган биринчи сайловлар ўтказилди.

Бирлашлан Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кунлариданоқ барча халқлар тинчлигини барқарор этиш ва барча шакллардаги ирқчиликка қарши курашиш устида иш олиб боради. Бош Ассамблея қарорига мувофик 2001-йилда Жанубий Африкада ирқчилик, ирқий камситишлар, ксенофобия ва шу кабиларга тоқат қилиб бўлмаслик масалаларига бағишланган конференсия ўтказилади.

БМТ инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида нималар қилмоқда?[edit]

Ижтимоий ҳалоқатлар ҳар бир жойда ва ҳар қандай вақтда юз бериши мумкин. Бироқ уларнинг сабаби сув босиш ёки қурғоқчилик, зилзила, фуқаролар можароси, бир сўз билан айтганда - нима бўлмасин, - ҳар доим у одамларнинг қурбон бўлишига, халқларнинг аралашиб кетишига, бутун-бутун жамоаларнинг ўз яшаш имкониятларини ўз кучлари билан таъминлай олмай қолишларига олиб келади ва жуда катта қийинчиликлар туғдиради.

Фавқулодда ёрдам[edit]

Шундай фалоқат пайтларида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг ташкилотлари жабрланганларга - асосан болалар, аёллар ва қарияларга озиқ-овқатлар ва дори-дармонлар билан ёрдамлашади, уларга бошпана беради ва моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Муҳтожларга бериладиган бундай ёрдамлар учун маблағларнинг миллиард долларини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро донорлардан топди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саъй-ҳаракатлари туфайли 1999-йилда қарийб 26 миллион кишига фавқулодда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ҳақидаги чақириққа жавобан 1,4 миллиардга яқин АҚСҲ доллари йиғилди. 1997-1998-йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 77 табиий офат ва экологик ҳалоқат оқибатларини бартараф этишга кўмаклашиш учун 51 аъзо-мамлакатга ёрдам берди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсонпарварлик ёрдамлари бериш билан кенг кўламда моддий-техника таъминоти ва жойларда хавфсизликни таъминлаш муаммоларини ҳал этишга эришади. Талофат кўрган раёнларга етиб боришнинг ўзи ҳам кўпинча мушкул бўлиб, гоҳида жуда мураккаб тўсиқлар орқали ўтиш зарур бўлади. Кейинги-йилларда кўпгина тангликлар инсон ҳуқуқларига амал қилмаслик туфайли мураккаблашмоқда. Инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётган ходимларни муҳтожликда қолганлар ҳузурига қўймайдилар, жанжаллашаётган томонлар атайлаб тинч яшаётган аҳоли ва ёрдам олиб бораётганларга қараб ўт очадилар.

1992-йилдан кейинги давр мобайнида дунёнинг турли раёнларида инсонпарварлик операциялари олиб бораётганларнинг орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фуқаро бўлган ходимларининг 180 нафардан ортиғи ҳалок бўлди ва 178 нафари гаровга олинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари жабрланган аҳоли ҳимоя қилинаётганда юзага келган келишмовчиликлар шароитида инсонлар ҳуқуқлари бузилишининг яширин хавф-хатарларига ҳам эътибор билан қараган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фавқулодда ҳолатлар муносабати билан жойларда олиб бораётган фаолиятида яна ҳам катта рол ўйнайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ижтимоий бўҳронларни бартараф этиш бўйича ўз ҳаракатини барча асосий инсонпарварлик бўлинмаларини бирлаштрувчи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фавқулодда ёрдамлар Координатори раислигида фаолият кўрсатувчи комитет орқали мувофиқлаштириб туради. Бу комитет таркибига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЙУНИСЕФ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар Бошқармаси кабилар киради. Унинг таркибида, шунингдек, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилотлари, Халқаро Қизил Хоч каби йирик ҳукуматлараро ва ноҳукумат инсонпарварлик ташкилотлари мавжуд.

Инсонпарварлик ёрдамлари[edit]

Фавқулодда ёрдамлар Координатори инсонпарварлик ёрдамини ишлаб чиқиш сиёсати ва инсонпарварлик масалаларига эътиборни тортиш, жумладан, ўқ отиш қуролларини тарқатиш оқибатлари ёки санксияларнинг инсонпарварлик қудратидан жамоатчилик хабардорлик даражасини оширишга ёрдамлашиш борасидаги ишлар учун жавоб беради.

Урушлардан, таъқиб этишлардан ёки инсон ҳуқуқларини поймол этилишидан қочиб кетиш билан ҳимояланиб юрган кишиларга - қочоқлар ва кўчирилган шахсларга Қочоқлар иши бўйича Олий комиссар Бошқармаси ёрдам кўрсатади. 1998-йили Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар Бошқармаси диққат-эътиборида 22 миллион киши бор эди. Унинг бирмунча йирик операциялари 2,6 миллион Афғон қочоқлари бўлган Ғарбий Осиёда, бир миллион киши ёрдамга муҳтож бўлган собиқ Югославияда ва ярим миллионга яқин қочоқ тўпланган Африканинг Буюк кўллар раёнида амалга оширилмоқда. Озиқ-овқат билан фавқулодда кўмак бериш ишларига бу борадаги ёрдам бўйича жаҳон талабининг-йилдан-йилга учдан икки қисмини қондириб келаётган Жаҳон озиқ-овқат дастури жавоб беради.1999-йили Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури жаҳон бўйича 82 мамлакатдаги 86 миллиондан ортиқ одамларни озиқ-овқат билан таъминлашга ёрдам берди.

Кейинги 10-йил мобайнидаги урушлар ва фуқароларнинг турли жанжаллари натижасида 1 миллионга яқин болалар ўз ота-оналаридан ажралиб қолдилар, 12 миллиони эса бошпанасиз қолди ва 10 миллиони оғир руҳий жароҳат олдилар. ЙУНИСЕФ бу болаларнинг талабларини қондириш, уларни озиқ-овқат, ичимлик суви ва турар жой билан таъминлаш учун барча чораларни ишга солмоқда. Бундан ташқари, болаларни ҳарбий тўқнашувлар шароитида ҳимоя этиш, уларга энг зарур шароитларни яратиб бериш саъй-ҳаракатларидан келиб чиқиб, ЙУНИСЕФ "тинчлик минтақасидаги каби болалар" консепсиясини ишлаб чиқди ва "тинч турмуш кунлари" ҳамда "тинчлик коридорлари"ни эълон қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсонпарварлик соҳасидаги фаолиятининг яна бир тармоғи табиий офатларни бартараф этиш ва бунинг учун тайёр туришни таъминлашдан иборатдир. Масалан, 1998-йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури табиий офатлар юз берган шароитда ишларни ташкил этиш ва 11 мамлакатда уларнинг оқибатларини бартараф қилиш дастўрини таъсис этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури бевосита табиий офатлар юз берган шароитида маҳаллий ҳудуд доирасида фавқулодда ёрдам бериш борасидаги ишларни координациялаш билан шуғулланади.

Шу билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури фавқулодда ёрдамни тикланиш ва узоқ-йиллар давомида ривожланиш учун беришига ҳаракат қилади. Узоқ муддатлар мобайнида табиий офатлар гирдобида қолган ёки можароларини эндигина бартараф этган мамлакатларда инсонпарварлик ёрдамига, асосан, тараққиёт, сиёсий ва молиявий кўмак билан бир қаторда тинч қурилишни таъминлаш борасидаги умумий чора-тадбирлар элементларининг бири сифатида қаралади.

Фаластин қочоқлари[edit]

Фаластин қочоқларига ёрдам бериш ишларини 1949-йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам ва Ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлиги олиб бормоқда. Бугунги кунда агентлик рўйхатга олинган 3 миллиондан ортиқ фаластин қочоқларига соғлиқни сақлаш, маориф, фавқулодда ёрдам ва ижтимоий хизмат соҳаларида асосий кўмак бериб келадилар. 1993-йилдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Координатори - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йўли билан Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги Фаластин аҳолисига тараққиёт соҳасида бериладиган барча ёрдамлар устидан назорат олиб боради.

Ироқ бўйича Дастур Бошқармаси[edit]

1966-йилда муваққат чора сифатида Бош котиб Ироқ бўйича Дастур Бошқармасини таъсис этган эди. Ироқ томонидан Хавфсизлик Кенгашининг бу мамлакатга нисбатан санксия жорий этган қатор резолюциялари бажарилгунига қадар Бошқарма ўзининг "нефт ўрнига озиқ-овқат" дастури асосида Ироқ аҳолисининг инсонпарварлик талабларини қондириб туради.

Тараққиёт мақсадида БМТ нималар қилмоқда?[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий вазифаларидан бири янада яхшироқ ҳаёт тарзини, иш билан тўлиқ бандликни, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва ривожланиш учун шароитларни таъминлашдан иборатдир. Бу вазифа ижроси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг 70 фоиз фаолияти машғулдир. Ушбу фаолият асосида - қашшоқликни бартараф этиш ва ҳамма жойда инсонлар фаровонлиги даражасини ошириш - бутун дунёда мустаҳкам тинчликни таъминлаш шароитини яратиш йўлидаги зарур қадамларга ишонч ётади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт ишини рағбатлантириш борасида ноёб афзалликларга эга. Унинг фаолият доираси бутун дунёни қамраб олади, кенг кўламли мандати эса ижтимоий, иқтисодий ва фавқулодда эҳтиёжларни қондиришни кўзда тутади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аллакимларнинг тор доирадаги миллий ёки тадбиркорлик манфаатларининггина ифодачиси эмас. Муҳим стратегик қарорларни тайёрлашда барча мамлакатлар, бой ва камбағаллар қатнашадилар.

Кун тартибини тайёрлаш[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар борасидаги халқаро консенсусни ишлаб чиқишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. 1960-йилдан бошлаб Бош Ассамблея Тараққиётнинг қатор ўнйилликлар халқаро стратегияси доирасидаги биринчи даражали ишлари ва вазифаларининг кун тартибига қўйилиш тарзини аниқлашга ёрдам бермоқда. Бу ўнйилликлар дастури диққат-эътиборида аниқ масалалар турибди, унда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча йўналишлари бўйича тараққиётга эришиш зарурияти шубҳасиз таъкидланади. Ривожланишнинг тўртинчи ўнйиллиги (1991-2000-йиллар) доирасида қуйидаги тўрт соҳа: қашшоқлик ва очлик, инсон ресурслари ва институционал (белгиланган қоида ва тартиблар асосидаги) ривожланиш, халқ ва атроф муҳит кабиларга устуворлик берилади.

Қатор бутунжаҳон конференсиялари ўтказиш туфайли маориф (1990-йил), атроф муҳит ва ривожланиш (1992-йил), инсон ҳуқуқлари (1993-йил), халқ, тараққиёт ва табиий офатлар хавфининг камайиши (1994-йил), ижтимоий тараққиёт (1995-йил), хотин-қизлар мавқеини яхшилаш (1995-йил), аҳоли пунктлари (1966-йил) ва озиқ-овқат хавфсизлиги (1996-йил) каби қатор соҳалардаги глобал муаммоларни ҳал этишнинг амалий йўллари белгилаб олинди. Ҳозирги вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзо-мамлакатлар билан яқин ҳамкорликда шу конференсияларда қабул этилган қарорларни амалга ошириш билан шуғулланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барқарор ривожланишни ташкил этиш, аёллар мавқеини яхшилаш, инсон ҳуқуқларига амал қилиш, атроф муҳитни муҳофаза этиш ва оқилона бошқариш каби ривожланиш соҳасидаги қатор янги муҳим вазифаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни амалга ошириш дастўрини яратиш учун жавоб берди.

Тараққиёт мақсадларидаги ёрдам[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими - шу жумлага кирадиган Ташкилотнинг ўзи, унинг ихтисослаштирилган муассасалари, дастурлари ва жамғармалари ижтимоий-иқтисодий ютуқларни қўлга киритишга ёрдам беришда кўпқиррали фаолият олиб бормоқда. Ихтисослаштирилган муассасалар (охирги берилган рўйхатга қаранг) мандати ижтимоий-иқтисодий фаолиятнинг қарийб барча жабҳаларини қамраб олади. Бу муассасалар дунёнинг барча мамлакатларига техник ёрдам кўрсатади ва уларга бошқа шаклларда амалий ёрдам беради. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиб сиёсатни ишлаб чиқишга, раҳбарлик тамойилларини аниқлашга, ёрдамлар ташкил этиш ва маблағ жалб қилишга кўмаклашади.

Масалан, Бутунжаҳон банки тараққиёт мақсадлари учун ҳар-йили 25 миллиард АҚСҲ долларидан ортиқроқ ёрдамажратади. Ривожланаётган мамлакатлар бундай ёрдамлардан ўз иқтисодиётларини мустаҳкамлаш ва бозорларини кенгайтириш учун фойдаланадилар. Қарзлар фақат ҳукуматларга берилади, бироқ барқарор ўсиш даражасига эришиш мақсадида Банк маҳаллий жамоалар, илмий ишлаб чиқариш бирлашмаларидан, шунингдек, Халқаро молиявий корпорациялар орқали хусусий сектордаги корхоналардан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ихтисослаштирилган муассасалар ўртасидаги муомалаларни яқиндан мувофиқлаштириш - таркибига Бош котиб, ихтисослаштирилган муассасалар раҳбарлари ва атом энергияси бўйича Халқаро агентлик кирадиган координация бўйича Маъмурий комитет орқали таъминланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Дастурлари ва Жамғармалари ўз фаолиятларини - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги мандатини бажараётган Бош Ассамблея ҳамда Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш раҳбарлигида олиб борадилар. Бу органлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш учун Бош котиб 1977-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тезкор жамғармалари ва дастурларининг вакиллари таркибида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт масалалари бўйича Гуруҳини ташкил этди.

Ижтимоий ва иқтисодий соҳада тараққиётни барқарор этиш саъй-ҳаракатларининг энг олдинги сафларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон потенсиали барқарор ривожланиши учун ёрдам маблағлари - субсидий бериш бўйича кўптомонли йирик механизми бўлиб қолган бу ташкилот ўз саъй-ҳаракатларини техник ҳамкорлик ва қашшоқликни тугатиш томонга йўналтирган ҳолда 174 мамлакат ва ҳудудларда фаолият олиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЙУНИСЕФ) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг - болаларнинг ҳаёт кечириши, муҳофазаси ва ривожланишини таъминлаш бўйича узоқ муддатли, келажакдаги вазифаларни ҳал этиш билан шуғулланадиган етакчи ташкилоти ҳисобланади. Қарийб 150 мамлакатда амалга оширилаётган ЙУНИСЕФ дастури диққат марказида эмлаш, биринчи медицина-санитария хизмати, оқватланиш ва бошланғич таълим каби масалалар туради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўплаб бошқа дастурлари тараққиёт борасидаги ўз ишларини ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб боради. Жаҳон Озиқ-овқат дастури - асл моҳияти фавқулодда ёрдамдан, шунингдек Тараққиёт дастуридан иборат бўлиб, дунёдаги озиқ-овқатлар билан ёрдам кўрсатадиган энг йирик халқаро ташкилотдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЙУНФПА) ҳам халқлар ва элатларга ёрдам берадиган йирик халқаро муассасадир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф муҳит дастури (ЙУНЕП) дунёнинг ҳамма бурчакларида табиатдан фойдаланишнинг энг илғор усулларини жорий этишга кўмаклашади, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳоли пунктлари маркази (Хабитат) эса турмуш шароити саломатликларига таҳдид солаётган кишиларга ёрдам кўрсатади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича конференсияси (ЙУНКТАД) дунё экономикасида ривожланган мамлакатлар ролини эътироф этган ҳолда халқаро савдони ривожлантиришга ёрдам беради. ЙУНКТАД шунингдек, Женевадаги халқаро савдо бўйича Марказ орқали тараққий этган мамлакатлардан экспорт қилиб келишга ёрдам берадиган, мустақил фаолият кўрсатадиган Бутунжаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик қилади.

Ресурслар бирлашмаси[edit]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги муассаса ва ташкилотлар ўзларининг компетенсияларидаги барча соҳаларни қамраб олган ҳолда ҳар қандай ёлғиз ҳаракат қилган мамлакатнинг қурби етмайдиган мураккаб муаммоларни ҳал этиш учун ўз куч-қудратларини яна ҳам яхшироқ жипслаштирмоқда.

Масалан, бутун дунёда 50 миллион киши касалликка чалинган эпидемия - ОИТСга қарши курашиш мақсадини кўзда тутган Бирлашган дастурни амалга оширишда Бирашган Миллатлар Ташкилотининг олти муассаса ва дастурининг мутахассислари иштирок этмоқдалар. Харажатлари 25 миллиард АҚСҲ долларини ташкил этадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Африка бўйича 10-йилга мўлжалланган махсус Умумтизим ташаббуси асосий таълим, медицина хизмати ва шу минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадидаги умумий дастўрини амалга ошириш ишига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг деярли барча бўлинмаларини жалб этади. БМТнинг тараққиёт дастури, ЙУНЕП ва Бутунжахон банки томонидан бошқариладиган 2 миллиард АҚСҲ долларига тенг заҳирага эга бўлган Глобал экологик жамғарма тараққий этаётган мамлакатларга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги уларнинг дастурларини амалга оширишга ёрдам беради.

1998-йили ЙУНИСЕФ, БМТнинг тараққиёт дастури, Бутужаҳон банки ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириб ҳар-йили 1 миллиондан ортиқроқ одамнинг ёстиғини қуритаётган касаллик - безгакка қарши кураш бўйича янги компанияни амалга оширишга киришдилар.

1998-йили ЙУНИСЕФ, БМТнинг тараққиёт дастури, Бутунжаҳон банки ва Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилотилар-йили 1 миллиондан ортиқ одамни нобуд этаётган безгакка қарши янги кампания эълон қилиш учун кучларини бирлаштирдилар. Эмлаш ишларини кенгайтириш ва ОИТСга, безгакка ва силга қарши янги ваксиналар яратиш борасидаги ташаббуслар, ЙУНИСЕФ, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бутунжаҳон банки сингари, тадбиркорлик соҳаси билимдонларини, филантропик ташкилотларнинг ва ҳукуматларнинг ҳам қўллаб- қувватлашларига сазовор бўлди. Бу каби ҳамкорликка халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, академик институтлар, жамғармалар, ноҳукумат ташкилотлари ва яна ҳам кенгроқ микёсда хусусий сектор жалб этилмоқда.

БМТдаги ислоҳотлар: 1997-2002-йиллар[edit]

Кофи Аннан 1997-йил БМТ Бош котиби лавозимида вазифасини бажаришга киришиши билан БМТ фаолиятини янада яхшилашга ва ўзидан олдинги раҳбарлар бошлаган ислоҳотларнинг тўла амалга ошишига йўналтирилган тезкор чоралар кўришга киришди. Дастлабки олти ойда Бош котиб ходимларнинг вазифалари ўртасидаги ўзаро такрор ҳолатларга барҳам бериб, мувофиқлаштириш ва ҳисобот беришни яхшилаш мақсадида, БМТ тармоқларидаги ташкилий тизимни бирлаштирди ва Ташкилотнинг етакчи раҳбарлари маҳкамасини тузди. Бу ислоҳотлар БМТнинг энг асосий қисми - унинг ходимлари ишини яхшилашга йўналтирилган эди.

Сўнгги-йилларда Бош котиб тинчликни сақлаш бўйича операцияларни ислоҳ қилиш жараёнига раҳбарлик қилиб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ фаолиятининг барча асосий соҳаларига киритилди. Фуқаролик жамияти ва хусусий секторнинг ривожланиш ва халқаро фаолият масалаларига янгича таъсири эътиборга олинган ҳолда, мазкур соҳалар билан ҳамкорликнинг янги шакллари йўлга қўйилди.

2000-йили давлат ва ҳукумат раҳбарлари йиғилишлари тарихидаги энг катта - минг-йилликнинг эпохал Саммити ўтказилди. Янги асрда жаҳон миқёсида амалга оширилажак қатор мақсад ва вазифалар аниқ белгилаб қўйилган мисли кўрилмаган келишув - БМТ Минг-йиллик декларациясига имзо чекилиши Саммитнинг энг йирик натижаси бўлди.

Ислоҳот жараёни шунчаки ўзгартишлар мажмуидангина иборат эмас: ислоҳотлар сабаб мазкур халқаро орган фаолиятидан кенг очиқлик, батартиблик, янгиланиш ва ишонч маданияти жой олди. Бу жараён йигирма биринчи асрда ҳам БМТ фаолиятидаги серқирраликни сақлаб қолиш ва таҳдидларига муносиб жавоб бериш учун Бирлашган Миллатлар ташкилотини сезиларли даражада ўзгартириш учун имкон яратди.

Қайта ташкил этиш[edit]

Бош котибнинг БМТ ташкилий тизимини оқилона ташкил этишга қаратилган илк қадами унинг бу лавозимдаги биринчи муҳлатининг дастлабки ойидаёқ - 1997-йил январида амалга оширилди. БМТнинг ўттизта департаменти, жамғарма ва дастури соҳалар бўйича тўртта тармоқ: тинчлик ва хавфсизлик, гуманитар масалалар, ривожланиш, иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича гуруҳларга бирлаштирилди. Бу гуруҳларнинг ишини мувофиқлаштириш учун ижроий қўмита ташкил этилди (ижрои қўмита аъзоларининг рўйхатига қаранг). Бир пайтнинг ўзида 1996-йилида бўш турган мингга яқин лавозим бутунлай бекор қилинди.

Кейинчалик ижрои қўмиталар етакчи раҳбарлар гуруҳлари орқали Бош котиб девони билан тўғридан-тўғри боғланадиган бўлди. Гуруҳлар "маҳкамаси"га БМТнинг барча департамент, жамғарма ва дастурлари раҳбарлари киради.

Ташкилий тизимни соддалаштириш учта департаментни Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаментга бирлаштириш ҳамда БМТ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятни оқилона судлаш бўйича бўлими билан БМТ Гиёҳвандликни назорат қилиш бўйича дастўрини Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармага бирлаштириш орқали амалга оширилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Бошқармаси таркибига кирди. Инсон ҳуқуқлари бўйича идоранинг йириклашиши билан бир вақтда етакчи раҳбарлар гуруҳлари ва ижрои қўмиталар ёрдамида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятини тинчлик ўрнатиш ва ривожлантириш фаолияти, шунингдек, БМТ ишининг бошқа соҳаларига киритишга қаратилган чоралар кўрилди. Йириклаштириш мамалакатлар даражасини ҳам четлаб ўтмади.

БМТнинг "мамлакатлар бўйича гуруҳлари" ривожланаётган, иқтисодиёти ўтиш жараёнида ҳамда кризис ҳолатида бўлган 134 давлатда БМТ жамғармалари, дастурлари ва махсус муассасалари ишини амалга оширади. 1997-йилгача уларнинг ҳар бири асосан алоҳида идорага эга эди. "Мамлакатлар бўйича гуруҳлар"га маблағни тежаш ва ҳамкорликликдаги ишнинг янада самарадор бўлишини таъминлаш, энг муҳими, ушбу давлатларда БМТнинг ягона қиёфасини яратиш мақсадида идоралар ва хизмат кўрсатувчилардан биргаликда фойдаланишга иложи борича тезкорлик билан ўтиш топширилди.

Ривожланаётган мамлакатларнинг ҳар бирида БМТнинг ҳозир учта ва ундан ортиқ ташкилоти фаолият кўрсатаётган 50 дан ортиқ умумий Уйи мавжуд. Бундан ташқари, бугун БМТнинг Интернетга умумий боғланиш ва умумий хизмат кўрсатувчилар хизматидан фойдаланиш имконига эга 30 дан ортиқ БМТ виртуал Уйи фаолият кўрсатмоқда. БМТ "мамлакатлар бўйича гуруҳлари" бундай йириклаштириш туфайли юз минглаб долларнинг тежалиши ҳақида маълумот берди.

Айни пайтда, 1997-йили Бош котиб БМТ резидент-мувофиқлаштирувчиларга, мамлакатлардаги ишлар режасини мувофиқлаштириш ва ҳар бир мамлакатда БМТ фаолиятини "ягона байроқ остида" олиб бориш мақсадида, янада кенг ваколатлар берди. Координацияни енгиллаштириш ва БМТ ёрдамининг ушбу кўмак берилаётган давлатлар стратегияси ва приоритетлари билан янада кенгроқ мосланишига эришиш мақсадида яна иккита қўшимча йўл очилди: мазкур мамлакат талабларини ўрганувчи Мамлакат аҳволини умумий баҳолаш ва ривожланиш ҳамда БМТ конференцияларида қўйилган вазифаларни бажаришни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлактларга кўмаклашиш ишларини БМТ муассалари ўртасида тақсимловчи БМТнинг Ривожланиш йўлида ёрдам кўрсатиш бўйича андазавий дастури. 2002-йил июлига келиб 106 мамлакатнинг аҳволини баҳолаш ниҳоясига етди, 32 мамлакатнинг аҳволини баҳолаш жараёни давом этиб (улардан бир нечтаси қайтадан баҳоланади), 69 та ривожланиш йўлида ёрдам кўрсатиш бўйича андазавий дастури тузилган, яна 26 таси тузилиш жараёнида эди.

ВИЧ-ОИТСга қарши кампания муайян мамлакат даражасидаги ҳамкорликнинг яққол намунасидир. Кишилик тарихидаги энг қийин эпидемия, деб аташ мумкин бўлган бу ўлатга қарши муваффақиятли курашиш, ўзининг маданий, ижтимоий, тижорий ва технологик жиҳатларига кўра, БМТнинг бир-иккита эмас, балки, кўплаб муассасалари иштирокини, шунингдек, жамоат ташкилотлари ёрдами ва маҳаллий фирмаларию транснационал фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликкача бўлган кўп қиррали ёндашувни кўзда тутади, албатта.

ВИЧ-ОИТСга қарши бирлаштирилган дастур (ЮНЕЙДС) ўз фаолиятини 1996-йили БМТнинг олти муассасаси - БМТ Тараққиёт бўйича дастури, БМТ Таълим, фан ва маданият бўйича ташкилоти, БМТ Аҳолишунослик бўйича жамғармаси, БМТ Болалар жамғармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки қўшма лойиҳаси сифатида бошлади. Шу ўтган давр мобайнида бу асосий гуруҳга Халқаро меҳнат ташкилоти ва БМТнинг Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича бошқармаси ҳам қўшилди, БМТ бошқа органларининг кўпчилиги БМТнинг ВИЧ-ОИТСга оид гуруҳига муайян мамлакатлар миқёсида бирлашган стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида қўшилди. 2001-йили БМТ тизимида янада юқори ташкилий миқёсда - ОИТСга қарши кураш бўйича бюджет ва БМТнинг 29 жамғарма, дастур ва муассасаси иш режасини бирлаштирган БМТнинг ОИТС бўйича бирлашган режаси тузилди.

БМТ тизими муассасалари фаолиятини жонлантиришга қаратилган асосий тадбир 1944-йили Бреттон-Вудсда асос солинган институтлар билан алоқани ривожлантириш бўлди. Бир тарафдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, иккинчи томондан Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр кўп қиррали фаолият асосчилари томонидан режалаштирилган даражага етмаган эди. 1998-йилдан бошлаб БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши Бреттон-Вудс институтлари молия вазирлари билан туркум-йиллик учрашувлар ўтказди. Бу муҳим бурилишлар 2002-йили Монтерреда (Мексика) БМТ томонидан Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг фаол иштирокида ташкил этилган Тараққиётни маблағ билан таъминлаш бўйича халқаро конференцияда эришилган ютуқлар учун муҳим омил бўлди.

Тинчлик ўрнатиш фаолияти[edit]

1999-йилнинг сўнгида Бош котиб БМТга аъзо давлатлар ва халқаро фуқаро хизматчиларни халқаро ҳамжамиятнинг 1994-йил Руандадаги геноциднинг ва 1995-йили Сребреница қулашининг олдини олиш борасидаги ўринишлари бесамар кетганлигини эътироф этишга чақирди. Бундан кейинги тинчлик ўрнатиш операцияларини ўтказиш бўйича амалий ва амалга оширилиши мумкин таклифларни ишлаб чиқиш учун махсус танлаб олинган экспертлар кенгаши чақирилди ва 2000-йил августида, Минг-йиллик саммити арафасида БМТга аъзо давлатларга мазкур кенгаш раиси Лахдара Брахими номи билан аталган "Брахими Маърузаси" жўнатилди. Кенгаш халқаро ҳамжамият томонидан баъзи тинчликни таъминлаш операциялари, шунчаки, "мендан кетгунча, эгасига етгунча" қабилида, ҳатто, адолатли ишни амалга оширишга иродаси бўлмаганда ҳам ёки қандай тадбирлар амалга оширилиши зарурлиги ҳақида келишиб олинмасдан туриб, амалга оширилган, деган фикрга келди. Тўғрисини айтганда, Брахими Маърузаси чала-ярим чоралардан воз кечиб, истакни ҳақиқат ўрнида кўришдан аниқ ва кенг миқёсда қўллаб-қувватланадиган амалий режаларга ўтишга чорлади. Кенгаш, муваффақиятли ҳаракатларга замин йўқ бўлса, яхшиси, умуман ҳеч қандай операция ўтказмаслик лозимлигини; ҳаракатлар амалга ошириладиган бўлса, операциялар яхши таъминланган ва кучли мададга эга бўлиши керак, деган фикрни билдирди.

Маърузада ишончли ҳарбий иштирокка зарурат туғилса, кўп сонли, яхши қуролланган ва яхши ўргатилган қўшин қўллаш лозимлиги тавсия этилган. Кенгаш тинчлик ўрнатиш миссияларини қўллаб-қувватлаш учун масъул бош қароргоҳлардаги ходимлар сонини кўпайтириш ва БМТга аъзо давлатлар, айниқса, Ҳавфсизлик Кенгаши аъзолари томонидан сиёсий, молиявий ва моддий жаиҳатдан янада кучлироқ қўллаб-қувватланиши лозимлигини исботлаб берди. Шу билан бирга, Кенгаш тинчлик ўрнатувчиларнинг жойлардаги ва бош қароргоҳларлардаги ҳаракатларини баҳолашнинг янада қатъийроқ андазаларини белгилаб берди.

Бош Ассамблея Тинчликни сақлаш бўйича операциялар департаменти ходимлари сонини 50 фоизга ошириш ва БМТнинг Бриндизидаги (Италия) Моддий-техник таъминот базасини таъминлашга қарийб 150 миллион АҚШ доллари ажратишни маъқуллаб, маърузага ўзининг илиқ муносабатини билдирди. Котибият маъмурий ва таъминот масалаларида янада тезкорликни таъминлаш учун жойларга янада кенгроқ ваколатлар берди.

2001-йил 11 сентябр воқеалари юз бериб, Афғонистонда Толибон тузумининг қулашидан сўнг халқаро ҳамжамият Бирлашган Миллатлар Ташкилотига сиёсий келишувга эришишда воситачи бўлишни сўраб, илтимос қилди. Бош котиб номи зикр этилган маърузадан сўнг Лахдар Брахимидан илк бор янги тинчлик ўрнатиш операциясини режалаштириш ва амалга ошириш жараёнига раҳбарлик қилишини сўради. Бош котиб, ушбу маъруза руҳи ва моҳиятидан келиб чиқиб, Хавфсизлик Кенгашига жойлардаги вазиятнинг ривожига БМТ қай йўсинда яхшироқ таъсир кўрсатиши зарурлиги ҳақида холис тавсиялар берди. У, "зангори каскаларни" жўнатиш ўрнига, БМТга асосий сиёсий рол берилиб, бу давлатдаги сиёсий, гуманитар ва ривожланиш ҳаракатларини бирлаштириш учун БМТнинг Афғонистонга кўмак бўйича ихчам миссиясини (БМТАКМ) тузишни таклиф қилди. Бонн келишувини амалга оширишдаги муваффақиятли воситачилик, хавфли даражага етаётган гуманитар ҳалоқатнинг енгиллашиши ҳамда Афғонистон муваққат маъмуриятининг ташкил этилиши бундай ёндашувнинг самарасидан далолатдир.

Янги тинчлик ўрнатиш стратегияси ва доктринаси 2002-йил 20 майда Шарқий Тимор мустақиллиги эълон қилиниши билан муваффақиятли якунланган БМТнинг Шарқий Тимордаги Муваққат маъмурияти (БМТШТММ) ва шу каби май ойида осойишталикда сайлов ўтказилиб, янги ҳукумат тузилган Серра-Леонда қўлланилди. БМТнинг Серра-Леонни қўллаб-қувватлаш миссияси бундай бурилиш учун замин яратиш ҳамда 47 000 нафардан ортиқ қўзғолончини қуролсизлантириш ва демобилизация қилишда кўмак берди.

Ходимлар ва бошқарув[edit]

2002-йил 1 майидан бошлаб ходимларни танлаш, жойлаштириш ва мансабини кўтаришнинг янги тизими жорий этилди. Бунда уларнинг муайян лавозимда ишлаган муддати ва қайси ташкилотдан келганлигига эмас, кўрсатган хизмати ва лавозимига муносиблигига кўпроқ эътибор бериладиган бўлди. Дастурлар раҳбарлари, кадрларга оид янги механизм умумий "пакети"нинг бир қисми бўлмиш ушбу тизим доирасида ҳамда Бош котиб билан тузилган ва уларнинг эришилажак натижа учун масъулиятини назарда тутувчи шартнома асосида, ходимларни ўзлари мустақил равишда танлаш ваколатига эга бўлади. Шу тариқа, ўзгартишлар Бош котиб томонидан амалга оширилаётган қарор қабул қилишда масъулиятни қуйи, ҳатто, оператив ходимлар даражасигача оширишга йўналтирилган ўзгартиришлар умумий оқимида кечмоқда.

Бош котибнинг Бош Ассамблеяга 2000-йил августда тақдим этган "Инсон ресурсларини бошқаришга оид ислоҳот" (А-55-253) маърузасидаги соддалаштирилган жараёнлар ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш давом этиши билан изоҳланади. БМТнинг амалда ўз ходимлари орасида турли мамлакатлар фуқаролари вакилларининг бўлишига эришиш ҳамда юксак малакали ходимлардан воз кечмаган ҳолда гендер балансини яхшилаш тарафдори эканлиги ходимларни ишга қабул қилиш борасидаги қарорлар бошқа ташкилотлардаги каби тез қабул қилинмаслигини англатади. Лекин сўнгги-йилларда ишга ёллаш жараёнининг ўртача чўзилиши 400 ва ундан ортиқ кунни ташкил этди. Бу эса ҳаддан зиёд кўпдир. Янги қабул қилинган танлов тизимида ишга қабул қилиш жараёни қарийб 90 кунни ташкил этиши белгилаб қўйилган.Инсон ресурслари бошқармаси, бундан ташқари, ходимларнинг мансабини кўтаришга оид масалани узоғи билан икки ҳафта ичида тасдиқлаши ва амалга ошириши лозим.

Барча бўш ўринлар ҳақидаги маълумотлар БМТ веб-сайтига жойлаштираётгани туфайли жараён янада очиқроқ кечади. Бош котибнинг инсон ресурсларини бошқариш масалаларига оид маърузасида Котибиятнинг 7469 доимий ходимининг мобиллиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Турли малакали ходимлардан ташкил топган янада универсал фуқаролик хизматини ташкил этиш мақсадида ходимларнинг муайян лавозимни эгаллаб туриш муддати чегараланади; бош қароргоҳлардан узоқда жойлашган жойларда ишловчилар алоҳида рағбатлантирилади; бундан ташқари, ходимларни ўқитишга оид қўшимча дастурлар киритилади ва мавжудларининг даражаси янада яхшиланади.

Бошқа тарафдан эса БМТ бошқарув звеноси ходимлари ҳозир инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги тезкор ўқув курсларидан ўтишлари лозим. Бу эса кадрлар билан ишлаш сифатини оширишни кўзда тутиб биринчи бор амалга оширилаётган ишга қўшилажак муҳим ҳиссадир. Бундан ташқари, ходимларни аттестациядан ўтказишнинг янги тизими жорий этиляпти. 2001-йил охирида ички одилона судлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида дискриминация ва бошқа арзлар бўйича масалаларни кўриб чиқиш билан шуғулланиб келган гуруҳ ўрнига, ишлаб чиқаришга оид можароларни ҳал этишда воситачилик вазифасини амалга оширувчи омбудсмен бошқармаси тузилди. Бош котиб илк омбудсмен лавозимига Патриция Дюррантни тайинлади. Унинг вазифасига яраштирув тадбирларини ўтказиш, норасмий воситачилик, томонлар ўртасидаги баҳсларни ечиш ва арзларни ҳал этишнинг расмий жараёнгача етиб бормаслигининг олдини олишда ҳар қандай бошқа маъқул келувчи усуллардан фойдаланиш киради.

Сўнгги ўн-йилликлар мобайнида БМТ ходимларига бўлаётган таҳдидлар сони ортаётгани Бош котиб томонидан ходимлар хавфсизлигини таъминлаш борасида тезкор чоралар кўрилишини тақоза этди. 2000-йили у БМТнинг барча бўлимлари учун жойларда хавфсизликни таъминлашга доир зарур режалаштириш, ходимларни ўқитиш, алоқа воситалари ва жиҳозларнинг асосий андазалари даражасини жорий этиш орқали икки-йиллик БМТ хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш дастўрини ўтказиш тўғрисидаги фармойишни қабул қилди. 2002-йил июнидан буён юзга яқин хавфсизлик хизмати ходими тайёрланиб, жойларга юборилди.

Фуқаролик жамияти ва ишбилармон доиралар[edit]

1990-йилларда ривожланган давлатлардан ривожланаётган давлатларга берилаётган расмий (ҳукумат кўмаги ва қарзлар) ҳамда хусусий (савдо-саноат компаниялари маблағлари, ҳиссадорлик капитали шаклида маблағ ажратиш) молиявий маблағ манбалари ўртасидаги нисбатда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Бу борада 1981-1990-йилларда расмий маблағ ажратиш барча маблағларнинг ўрта 60% ни, хусусий манбалардан ажратмалар эса 40% ни ташкил этган бўлса, 1991-95-йилларда хусусий сармоя 80% гача ўсган, расмий сармоянинг ҳиссаси эса 20% гача пасайиб кетган эди.

Бош котиб Кофи Аннан, ривожланиш истиқболини асосан хусусий сектор белгилаб бераётганини ҳисобга олиб, ишни савдо ва сармоялар ўсиши борасидаги фаолликни янада рағбатлантиришга қаратилган тадбирларни амалга оширишдан бошлади. 1997-йилда у глобаллаштириш афзалликларидан биринчилар қаторида манфаат кўра бошлаган корпорацияларни "жаҳон фуқароси" сифатидаги масъулиятни ҳам зиммасига олишга чақирди. Кейинчалик уларга Глобал шартнома имзолаш таклиф этилди. Мазкур ҳужжатга биноан унга имзо чеккан ишбилармон тизимлар БМТнинг инсон ҳуқуқлари, меҳнат стандартлари ва атроф муҳитга оид муҳим қадриятларини тарғиб этишга қаратилган фаолиятни амалга ошириши лозим. 2000-йилнинг июлида Бош котиб билан Глобал шартномага бағишлаб ўтказилган биринчи учрашувда таниқли фуқаролик жамияти ва халқаро меҳнат ташкилотларининг элликдан ортиқ раҳбари иштирок этди. Унда компаниялар раҳбарлари Бош котиб томонидан илгари сурилган ғоя ўз компаниялари раҳбарияти томонидан маъқулланганини маълум қилди. Шундан буён номи зикр этилган Шартномани имзолаган фирма ва корхоналар сони 300дан ошиб кетди.

Айни пайтда, БМТ фаолияти турли хасталик, қашшоқлик ва ҳалоқатлар оқибатини тугатишга қаратилган фуқаролик жамияти ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликни давом эттирди. Улар билан амалий алоқалар янада мустаҳкамланиб, нодавлат ташкилотларнинг (НДТ) ҳукуматлараро жараёнлардаги иштироки йўлга қўйилди. Баъзи давлатлар ҳукумати ҳозир бундай ташкилотларни вакилларини ўзининг Бош Ассамблея доимий сессияларида иштирок этувчи делегациялари таркибига киритмоқда, халқаро конференция ва махсус сессияларда эса бундай тажриба ўзининг янада кенг ифодасини топмоқда. Фуқаролик жамиятига оид ташкилотлар раҳбарлари ва экспертлар умумжаҳон конференцияларига тайёргарликка бағишланган учрашувлар ва конференцияларда кечадиган музокараларда ўз фикр-мулоҳазаларини янада фаолроқ айтишга киришган.

Фуқаролик жамиятлари гуруҳлари, БМТ билан тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқаларидан фойдаланиб, ўзининг халқаро ҳаётдаги мавқъэини янада ошириб, воқеалар ривожидаги таъсирини тағин ҳам кўтариши мумкин. Ривожланаётган давлатларнинг ўз қарзини тўлашини енгиллаштиришга оид халқаро режанинг тузилишига сабабчи бўлган 2000-йил юбилей кампанияси ва пиёдаларга қарши миналарни таъқиқлашга қаратилган беш-йиллик халқаро кампаниядан кейин ҳукуматлар тегишли конвенцияни имзолаганликлари шундан далолатдир.

Фуқаролик жамияти ташкилотлари инсон ҳуқуқлари нормаларини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ҳаракатида ва Халқаро жиноят судини тузишда муҳим рол ўйнади. БМТнинг фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан ўзаро ҳамкорликка янгидан кенг қучоқ очиши туфайли бошқа соҳаларда ҳам катта муваффақиятларга эришилди. 2000-йили бешта етакчи фармацевтика компанияси ОИТС тарқалишидан катта талофот кўраётган ривожланаётган мамлакатларни мазкур касалликка қарши антиретровирал дори-дармон билан кўпроқ таъминлаш стратегиясини ишлаб чиқиш масаласида БМТ муассасалари билан мулоқотга жалб қилинди. Фуқаролик жамияти ташкилотлари фармацевтика компанияларига кўрсатган таъсир ва Бош котибнинг бу масалани соҳа компаниялари билан муҳокама этиш чоғидаги қатъияти қатор мамлакатларда дори-дармон нархининг кескин тушишига олиб келди. Бунда дори-дармоннинг юқори сифатли, мўлжалланган манзилга аниқ етиб бориши ва арзон дори-дармондан фойдаланиш учун зарур бўладиган асосий клиник инфратизимнинг таъминланиши борасида зарур чоралар кўрилди.

Бош Ассамблеянинг 2001-йил июнида ВИЧ-ОИТС бўйича ўтган махсус сессияси арафасида амалга оширилган яна бир тадбир - ҳозир ОИТС, безгак ва сил касаллиги бўйича глобал жамғарма, деб аталувчи жамғарманинг ташкил этилиши бўлди. Жамғарманинг ташаббускори бўлган Бош котиб Кофи Аннан унинг, аввало, давлат муассасалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда хусусий сектор ўртасида ўзига хос кўприк бўлишини назарда тутган.

Ахборот-коммуникация технологияларига доир яқинда ташкил этилган махсус гуруҳдаги олий технологиялар соҳасида фаолият юритувчи техник экспертлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари етакчилари ва компаниялар раҳбарлари мазкур соҳалар бўйича дунё мамлакатлари ўртасидаги мавжуд узилишларга барҳам бериш ишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

1997-йили Тед Тернер БМТ ўз олдига қўйган мақсадларга эришишида кўмак кўрсатиш учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратажагини маълум қилди. Бунинг натижаси ўлароқ 1998-йилнинг мартида Халқаро ҳамкорлик жамғармаси (БМТХҲЖ) тузилди. БМТнинг Т. Тернер хайр-эҳсони ҳисобидан тузилган Жамғарма- жамоат ҳайрия ташкилоти сифатида 2002-йилда талай ишларни амалга оширди. Жумладан, Жамғарма ўз дастурларида болалар соғлиғини сақлаш, аҳолишунослик, аёллар, атроф муҳит, тинчлик, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 484 миллион доллар ажратишни кўзда тутди. Жамғарма корпорациялар, фондлар ва саҳоватпарвар ташкилотлар билан мавжуд муносабатларни мустаҳкамлаб, янгилари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда, хусусий секторга ҳамкорликнинг янги жабҳаларини таклиф этмоқда.

2000-йил сентябрдаги Минг-йиллик саммитида қабул қилинган Минг-йиллик декларациясида белгилаб олинган ривожланиш йўлидаги мақсадларда 147 давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда 191 мамлакат вакиллари режаларни глобал тарзда қўллаш борасида мисли кўрилмаган кенгқамровли мақсадлар мажмуини тасдиқлади. Минг-йиллик декларциясида тинчлик ва хавфсизлик, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, инсон ҳуқуқлари, зулмсиз бошқарув ва Африканинг махсус эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган курашга оид мақсад ва бошқарув принциплари белгилаб берилган. Ривожланиш борасида қашшоқликни камайтириш, касалликлар, очарчилик, саводсизлик ва гендерга оид камситишларга қарши курашга қаратилган муайян вазифалар қўйилган. Уларни амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланган: кўпчилик вазифалар 2015-йилнинг охиригача амалга ошиши керак. Минг-йиллик декларациясида белгилаб олинган ривожланиш йўлидаги мақсадлар ҳозир миллий, регионал ва халқаро миқёсдаги ижтимоий ва иқтисодий режалаштиришда ўзига хос ҳисоб нуқтаси сифатида кенг қўлланилмоқда; мазкур мақсадлар фуқаролик жамияти, ҳукуматлар ва фаолияти кўпқиррали ташкилотларни бирлаштирувчи умумий ғоя сифатида хизмат қиляпти.

Кофи Аннан Бош котиб лавозимига иккинчи марта сайланганидан сўнг Минг-йиллик декларациясида белигила берилган вазифаларни амалга оширишни Котибият ўз фаолиятининг бош мақсади сифатида қабул қилиши лозимлиги ҳақида кўрсатма берди. Котибият халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга оид хатти-ҳаракатларини кучайтирди. Минг-йиллик декларациясида белгиланган ривожланиш йўлидаги мақсадларини амалга ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилиши лозим ва уларнинг ижроси учун кимлар масъуллиги қайд этилган ва барча амал қилиши лозим бўлган йўналишларни аниқлаш 2000-йилнинг сентябрида бошланган эди. Бир-йил ўтгач, ривожланиш йўлидаги мақсадларининг бажарилиш жараёнига оид дастлабки-йиллик ҳисобот чоп этилди. Унда ривожланишга оид саккиз соҳаси бўйича жаҳон миқёсида ва муайян минтақаларда эришилган ижобий натижалар ёки бой берилган имкониятлардан далолат берувчи асосий тенденциялар ўз ифодасини топган эди. Амалга оширилган ишлар ҳақидаги бундай ҳисоботлар 2015-йилгача ҳар-йили чоп этиб борилади.

Манбалар[edit]

  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар[edit]

Яна қаранг[edit]