Америка Қўшма Штатлари

From Vikipediya
Jump to navigation Jump to search
Америка Қўшма Штатлари
United States of America
Америка Қўшма Штатлари давлат байроғи   Америка Қўшма Штатлари давлат герби
Байроқ Герб
Шиор: In God We Trust
(Инглизча: Худога ишонамиз)
Эски:E pluribus unum
(Лотинча: Кўпчиликдан бири)
Мадҳия: The Star-Spangled Banner
Америка Қўшма Штатлари Харитаси
Пойтахт Вашингтон
Расмий тил(лар) Инглиз
Ҳукумат Президентлик Республика
 • Президент Доналд Трамп
 • Вице-Президент Майк Пенcе
Мустақиллик   Буюк Британиядан
 • Сана 4-июл, 1776-йил
Майдон  
 • Бутун 9,631,418 km² (3-о'рин-)
 • Сув (%) 6.97 фоиз
Аҳоли  
 • 2017 рўйхат 324,784,000 (3-о'рин- ўрин)
 • Зичлик 30/km²
ЯИМ (ХҚТ) 2016- йил рўйхати
 • Бутун 18,581,триллион АҚШ$ (1-о'рин-)
 • Жон бошига 57,291 АҚШ$
Пул бирлиги АҚШ Доллар (USD)
Вақт Минтақаси (UTC−5...−10)
 • Ёз (DST) (UTC−4...−9)
Қисқартма USA U.S. America
Интернет домен .us
.mil
.gov
.edu
Телефон префикси +1

Америка Қўшма Штатлари (АҚШ, ингл. United States of America) – Шимолий Америкадаги мамлакат. Пойтахти – Вашингтон шаҳри, БМТ аъзоси. Америка Қўшма Штатлари Шарқдан Атлантика, ғарбдан Тинч океани, жануби-шарқдан Мексика қўлтиғи билан ўралган. Маъмурий жиҳатдан 50 штат ва Колумбия федерал округига бўлинади. Аляска ва Гавайи штатлари мамлакат асосий ҳудудидан ташқарида жойлашган. Пуэрто-Рико Ҳамдўстлиги, Шимолий Мариана ороллари Ҳамдўстлиги, Гуам, Виргиния ороллари, Шарқий Самоа ҳам АҚШга қарашли. Майдони 9373000 км², аҳолиси 320,061 млн. киши (2014).

Давлат тузуми[edit]

АҚШ – федератив республика. Амалдаги конституцияси 1787 йилда қабул қилинган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи, қуролли кучлар бош қўмондони – президент, унинг ваколатлари жуда катта. Вице-президент билан бирга бавосита, икки босқичли сайлов йўли билан (сайловчилар ҳайъати орқали) 4 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни сенат ва вакиллар палатасидан иборат икки палатали конгресс амалга оширади. Сенатда 100 сенатор бор (улар 6 йил муддатга, ҳар штатдан 2 тадан сайланади ва 1/3 қисми ҳар 2 йилда янгилаб турилади). Вакиллар палатасига 435 депутат 2 йилга сайланади. Ижрочи ҳокимият органи – АҚШ ҳукумати президент томонидан сенатнинг розилиги билан тайинланади; 13 вазирдан иборат бўлади. Ҳукумат конгресс олдида масъул эмас. Ҳар бир штатнинг ўз конституцияси бор. Штатдаги қонун чиқарувчи ҳокимиятни қонун чиқарувчи мажлис, ижрочи ҳокимиятни эса губернатор амалга оширади. АҚШ давлатининг конституциявий тизимига уч сиёсий-ҳуқуқий қоида асос қилиб олинган, бу қоидалар – ҳокимиятнинг бўлиниши, федерализм ва суднинг конституциявий назоратидан иборат. Ҳокимиятнинг бўлиниш қоидаси давлат ҳокимиятининг уч тармоғи – қонун чиқарувчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларининг мустақиллигини ва улар ўртасида вазифаларнинг чегаралаб қўйилишини назарда тутади. Федерал даражадаги уч тармоқ – Конгресс, Президент ва Олий суддир.

Табиати[edit]

Атлантика океанининг АҚШ қирғоғида кўрфаз ва қўлтиқлар жуда кўп, соҳиллари асосан пасттекисликдан иборат; энг катта ярим орол – Флорида. Мамлакат релефи уч турга бўлинади. Ғарбдаги Кордилера тоғ тизмаси АҚШ ҳудудининг учдан бир қисмини эгаллайди. Тинч океан соҳили баланд тоғлар (Аляска тизмасида АҚШ ва бутун – 6194 м баландликдаги Мак-Кинли чўққиси жойлашган; бундан ташқари Қирғоқбўйи тизмалари ва Каскадли тоғлар, Серра-Невада тоғлари бор). Шарқий минтақани Қояли тоғ тизмалари эгаллаган. Мазкур иккала тоғли минтақа оралиғида Колумбия ва Колорадо платолари бор. Катта Ҳавза чўл ясси тоғликларини чуқур даралар бир-биридан ажратиб туради. Шарқда унча баланд бўлмаган Аппалачи тоғлари (бал. 2037 м гача, Митчелл тоғи) бўлиб, уни торгина Атлантика бўйи пасттекислиги океандан ажратиб туради. Кордилера билан Аппалачи ўртасида Марказий текисликлар, Буюк текисликлар (ёки Прерий платоси) ва Мексикабўйи текисликларини ўз ичига олган ички текисликлар жойлашган. Шим.да сув-муз шаклидаги релефли Лаврентий тепалигининг бир қисми жойлашган. АҚШ – фойдали қазилма захиралари ва хилма-хиллиги жиҳатидан дунёнинг энг бой мамлакатларидан бири. Кўмир, нефт, газ, мис, қўрғошин, пйх, уран, темир, титан рудалари, симоб, олтин, молибден, волфрам, фосфорит конлари мавжуд. Тош ва калий тузлари, олтингугурт ва бошқа минераллар ҳам бор. АҚШ ҳудудининг деярли ҳаммаси мў`тадил ва субтропик минтакаларда, Аляска – субарктика, Флориданинг жанубий қисми тропик минтақаларда жойлашган. Мамлакатнинг шимоли-шарқий ва шарқий қисмлари иқдимига илиқ Голфстрим оқими, Тинч океан соҳили иқлимига совуқ Калифорния оқими анчагина таъсир ўтказади. Ҳудуд юзасининг тузилиш хусусиятларига кўра шимолий ва жанубий минтақалар ўртасида ҳавонинг фаол алмашинуви муносабати билан об-ҳаво тез-тез ўзгариб туради. АҚШ ички минтақаларининг иқлими – континентал, Кордилера ички ҳудудларида кескин континентал. Бисмарк шаҳрида (Шимолий Дакота штати) январнинг ўртача ҳарорати –19’, июлда 21°, Чикаго шаҳрида январда –3,7° ва июлда 32, Г. Мексикабўйи пасттекислиги ва Атлантика бўйи пасттекислигининг жанубий қисмида субтропик иқлим. Янги Орлеан шаҳрида январнинг ўртача ҳарорати 12°, июлда 27,4°. Атлантика бўйи соҳилининг шимоли-шарқий қисми ва Тинч океан бўйи соҳилининг шимолий қисмида – денгиз иқлими. НюЁркда январнинг ўртача ҳарорати –0,8°, июлда 23". Тинч океан соҳилининг жанубида Ўрта денгизга ўхшаш иқлим, Кордилера жанубий қисмининг ички туманларида жуда иссиқ ва қурғоқчил. Ҳавонинг энг паст ҳарорати (–64° гача) Юкон ясси тоғлиги (Аляска)да, энг юқори ҳарорати эса (50°) Ажал водийси (Калифорния)да кузатилган.

Ўртача йиллик ёғин Алясканинг жануби-шарқида ва Вашингтон штатининг ғарбида – 3000-4000 мм, мамлакатнинг жануби-шарқида – 1500-2000 мм, ички текисликларда – шарқда 1500 ммдан ғарбда 3000 мм гача. АҚШнинг кўп дарёлари Атлантика океани ҳавзасига қуйилади. Мамлакат ҳудудидан дунёнинг энг йирик дарё тизимларидан бири – Миссури билан Миссисипи дарёси оқиб ўтади. Аппалачидан оқиб келиб Атлантика океанига қуйиладиган дарёлар (Гудзон, Потомак ва бошқалар) – қисқа, тез ва серсув. Кордилеранинг дарё тармоғи сийракроқ. Бу ердаги Колумбия, Колорадо каби сойлар чуқур даралардан оқиб ўтади. Мамлакат шимолида, Канада чегарасида Буюк кўллар (Юқори кўл, Гурон, Мичиган, Эри, Онтарио) бор. Катта Ҳавза тоғида Катта Шўр кўл, Флоридада кўпдан-кўп саёз кўл ва қўлтиқлар, Аляскада музликлардан ҳосил бўлган тектоник кўллар, жумладан, Илиамна кўли бор. Ички сувлардан саноат ва коммунал сув таъминоти, кема қатнови, суғориш ва гидроэнергия манбаи сифатида баракали фойдаланилади. Тупроқ қоплами хилма-хил. Шимоли-шарқда серажриқ подзол (кулранг) ва қўнғир ўрмон тупроқ, жануби-шарқда қизғиш ва сарғиш тупроқ, Ички текисликларда қорамтир прерий, қоратупроқ ва тўқ сур, Кордилеранинг тоғ оралиғи платосида қуруқ даштларнинг кулранг ва оч сур тупроқлари. Мамлакат шимоли-шарқида аралаш ва қарағай ўрмонлари, жанубида кенг баргли, Тинч океан соҳили ва Кордилера ён бағирларида игна баргли ўрмонлар устун. Марказий текисликларнинг ғарбидаги айрим жойларда ўцимон прерий ўсимликзорлари, Буюк текисликлар, Кордилера платоси ва водийларида қуруқ даштларнинг ўсимликлари сақланиб қолган. Кордилера ясси тоғлигининг қурғоқчил қисмини ярим чўл ва чўллар эгаллайди. Муҳофазага олинган йирик табиат объектлари орасида Иеллоустон миллий боғи, Ёсемит миллий боғи, Секвойя, Гранд-Канон миллий боғлари, Мамонт ва Карлсбад ғорлари бор.

Аҳолиси[edit]

АҚШнинг ҳозирги аҳолиси уч асосий этник таркибий қисмдан: АҚШ америкаликлари, муҳожирлар ва туб жой аҳолисидан иборат. АҚШ аҳолисининг 82,8 % ни асли келиб чиқиши европаликлар, 12,6 % ни африкаликлар, 3,6 % ни осиёликлар, 1 % ни ҳиндулар, эскимослар, алеутлар ташкил этади. Аҳолининг 80 % шаҳарларда яшайди. АҚШ америкаликлари миллат сифатида асосан 18-асрнинг 2-ярмида Европанинг турли мамлакатларидан келган муҳожирларнинг аралашиб кетиши натижасида таркиб топган. Афроамерикаликлар („қоралар“ деб ата-лувчи негрлар) АҚШ америкаликларининг ирқий-этнографик гуруҳи бўлиб, улар 17–19-асрларда мамлакатга келтирилган африкалик қулларнинг авлодларидир. Афроамерикаликлар кўп асрлар давомида айирмачилик ва камситувга дучор қилинишига қарамай, африкаликларнинг оқ танлилар билан жисмоний аралашуви содир бўлди. Дурагайлар афроамерикаликлар умумий сонининг анчагина қисмини ташкил этади. АҚШда мексиканлар, италянлар, немислар, франсузлар, шведлар, норвеглар, голландлар, японлар, поляклар, хитойлар ва бошқахалқлар ҳам яшайди. АҚШда 5 мингга яқин ўзбек истиқомат қилади. Улар асосан НюЁрк, Вашингтон, Ню-Жерси штатларида, Филаделфия шаҳрида ҳамда мамлакатнинг бошқа штат ва шаҳарларида яшайди. Улар турли касб ҳамда тижорат ишлари билан шуғулланадилар. Ҳозирги америкалик ўзбекларнинг ота-боболари 1917 йилги октябр тўнтаришидан кейин болшевиклар тазйиқидан қочиб, аввал Афғонистон ва Хитойга ўтиб кетганлар. 1950-йилларда эса, Покистон, Саудия Арабистони, Туркия орқали АҚШга бориб қолишган. Иккинчи жаҳон уруши даврида турли йўллар билан у ерга бориб қолган ўзбеклар ҳам учрайди. АҚШ аҳолисининг зичлиги – 1 км² га 27,2 киши. Расмий тили – инглиз тили. Диндорлар асосан протестантлар ва католиклардир. Йирик шаҳарлари: Ню-Ёрк, Чикаго, Лос Анжелес, Филаделфия, Хюстон, Детройт, Сан Франсиско, Вашингтон, Бостон, Даллас, Кливленд, Балтимор (яна қаранг Америкаликлар).

Тарихи[edit]

Қадим замонларда ҳозирги АҚШ ҳудудида индейс ва эскимослар яшаган. Америка 1492 йилда Х. Колумб томонидан кашф этилгандан кейин 16-асрда Испания, Франсия, Англия, Голландия, Швеция, Шимолий Америкадаги бўш ерларни эгаллашга киришди. Англия 18-аср ўрталарида асосий рақибларини суриб чиқариб, қитъанинг шарқий қисмида ўзининг мустамлакачилик ҳукмронлигини ўрнатди. Ерларни эгаллаш ва ўрнашиб олиш билан айни бир вақтда маҳаллий аҳоли қирғин қилинди ва Африкадан қул негрлар оммавий равишда олиб келинди. 1775–83 йиллардаги Шимолий Америкада мустақиллик учун уруш давомида 1776 йил 4 июлда федерал давлат – АҚШга асос солинди ва у республика деб эълон қилинди. Ж. Вашингтон АҚШнинг биринчи президента этиб сайланди. Мамлакат шимолида саноат ва фермерлик, жанубийда қулдорликка асосланган деҳқончилик ривожланди. Ғарбдаги индейс қабилаларини ҳайдаб юбориш ва янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига АҚШ ҳудуди тез кенгая борди. 1803 йилда Франсиядан Ғарбий Луизиана „сотиб олинди“, 1819 йилда Испания Флориданинг баҳридан ўтди, 1836 йилда Мексикадан Техас тортиб олинди. 19-аср мобайнида ҳозирги Калифорния, Аризона, Ню-Мексико, Невада штатларининг ҳудудлари, Колорадо ва Ваёминг штатларининг бир қисми қўшиб олинди. 19-аср ўрталарида АҚШда „икки партияли тизим“ таркиб топди. Энди ҳокимиятни Демократик партия билан Республикачилар партияси галмагал бошқарадиган бўлди. Шимолий буржуазияси билан жануб плантаторлари ўртасидаги зиддият АҚШда 1861–65 йиллар фуқаролар урушига олиб келди, унда президент А. Линколн бошчилигидаги шимолий штатлар ғалаба қозонди. Уруш давомида ер улушлари ҳақида (1862), қулдорликни бекор қилиш тўғрисида (1865) қонунлар қабул қилинди. Фуқаролар урушидан сўнг мамлакат иқтисодиёти жадал ривожлана бошлади. 1867 йилда АҚШ чор Россиясидан Аляска ва Алеут оролларини сотиб олди; 19-аср охирида Филиппин, Гавайи, Пуэрто-Рико ва бошқаларни, 1903 йилда Панама канали зонасини қўлга киритди. Икки аср бўсағасида АҚШга кўчиб келишнинг янги тўлқини бошланди. Муҳожирларнинг аксарияти жануби-шарқий Европадан эди. Биринчи жаҳон уруши даври (1914– 18)да АҚШ аввалига бетарафлик мавқеида турди, 1917 йил апрелда Антанта томонида туриб ҳаракат қилди. Урушдан кейин АҚШ иқтисодий юксалиш даврига кирди. Аммо тез орада иқтисодий инқироз (1929–33) бошланиб, ишсизлик кучайди (1933 йил 17 млн. ишсиз бор эди), корхоналар синди, ишлаб чиқариш кескин пасайди. Инқироз шароитида Ф. Рузвелт (1933– 45 йилларда АҚШ президента) бошчилигидаги Демократик партия маъмурияти ҳокимият тепасига келди. Унинг ташаббуси билан бир қанча ижтимоий-иқтисодий тадбирлар амалга оширилди, „янги йўл“ деб аталган бу йўл АҚШни инқироздан олиб чиқиш мақсадини кўзлар эди. 1941 йилда Япония Американинг ПёрлХарбор ҳарбий-денгиз базасига ҳужум қилганидан кейин АҚШ Иккинчи жаҳон урушига қўшилди ва Гитлерга қарши коалиция томонига ўтди. Америка қуролли кучлари асосан Тинч океанда Японияга қарши жанговар ҳаракатларда қатнашди. 1943 йилда Италияга қўшин туширди. АҚШ иттифоқчиларнинг халқаро анжуманларида (1943 йил Техрон, 1945 йил Қрим, 1945 йил Поцдам конференсияларида) қатнашди. Ниҳоят, 1944 йил 6 июнда АҚШ билан Буюк Британия иккинчи фронтни очди. 1945 йил августда Г. Трумен (1945–53 йилларда АҚШ президента) буйруғи билан Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шларига атом бомбалари ташланди; ўн минглаб тинч аҳолининг қирилишига сабаб бўлди. 1950-53 йилларда АҚШ Корея урушида қатнашди, 1956–75 йилларда Ветнамда уруш олиб борди. 1945 йилдан АҚШ – БМТ, шунингдек Америка давлатлари ташкилоти, НАТО аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1992 йил 12 февралда ўрнатган.

Миллий байрами – Мустақиллик куни – 4 июл (1776).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари[edit]

Республикачилар партияси, 1854 йилда тузилган; Демократик партия, 1828 йилда тузилган; Коммунистик партия, 1919 йилда тузилган; Америка Меҳнат Федерацияси – ишлаб чиқариш касаба уюшмалари Конгресси, 1955 йил ташкил этилган. АҚШда салкам 40 мустақил касаба уюшмалари ҳам бор, уларга 4,5 млн. ишчи ва хизматчи аъзо бўлиб кирган.

Хўжалиги[edit]

АҚШ – дунёда иқтисодий жиҳатдан энг юксак даражада ривожланган мамлакат. Ялпи миллий маҳсулот, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми, товар ва капитал экспорт қилиш, ишлаб чиқаришнинг тупланиш ва марказлашуви, илмий тадқиқотларга сарф-харажат ва ш.к. бўйича 1-ўринда туради. Бутун дунёдаги саноат ишлаб чиқаришнинг учдан бир қисми АҚШ улушига тўғри келади. Халқаро бошқарув тараққиёти институти ўтказган тадқиқот маълумотларига кўра, 1994–96 йилларда иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан етакчи давлатлар ўртасида ҳам АҚШ биринчи ўринда турибди.

Саноати[edit]

1933-йил 16-июнда кучга кирган саноатни қайта тиклаш ҳақидаги қонун “Янги йўналиш” доирасидаги яна бир муҳим тадбир бўлди .Бу қонун саноатнинг давлат томонидан жорий қилди. Биринчи жаҳон уруши натижасида АҚШ Дунёдаги этакчи давлатга айланади. Америка компаниялари эвропа мамлакатларига улкан миқдорда ва юқори нархларда ҳарбий жиҳозлар, қурол –яроқ ва озиқ овқат этказиб берди. Кўплаб эвропа мамлакатлари АҚШдан уруш олиб бориш учун кредид олдилар ва урушдан сўнг АҚШ олдида қарздор бўлиб қолдилар америка компаниялари уруш даврида жами 35 млрд. доллар фойда ко'ришди. 1933 йил 12 майда фермерларга ёрдам ҳақидаги қоннннннун қабул қилинди. Уларнинг маҳсулотларига бўлган нархларни ошириш зарур эди. Фермерларга экинзорлар майдонини ва чорва турини қисқартириш ҳақида давлат билан контракт тузиш таклиф этилди. Бунинг учун уларга мукофотлар берилди. Фермерларнинг қарзлари давлат ҳисобига қабул қилинди ва номаълум муддатга тўхтатиб қўйилди. Давлат юзминглаб фермерларга кредит берди. Норентабел фермалар тугатилди. “Янги йўналиш” АҚШдаги ижтимоий муносабатларни либераллаштириш учун ижтимоий қоннунчилик соҳасида муҳим силжишни амалга оширилди. 1935 йили АҚШ Конгресси “Вагнер қонуни ” ни қабул қилди.Мазкур қонун бўйича ишчилар жамоавий шартномалар тузиш ҳуқуқига ва иш ташлаш ҳуқуқига эга бўлишди.Касаба уюшмалари ҳуқуқларининг ва иш ташлаш ҳуқуқининг тан олинганлиги ишчилар синфининг ўз сафлари бирлиги учун курашига янги туртки берди. Касаба уюшмалари сони кўпайиб кетабошлади. Тан олинган марказ – Америка меҳнат федерацияси билан бирга янги касаба уюшма ташкилоти – Ишлаб чиқариш касаба уюшмалари комитети пайдо бўлди. Бу ташкилот 1938 йилда Ишлаб чиқариш касаба уюшмалари конгресси деб номланди. Рузвелт Президентлиги даврида ички сиёсатнинг либераллаштирилганлиги ташқи сиёсатда ҳам акс этди. АҚШнинг ташқи сиёсати янада мослашувчан ва ҳаққонийроқ бўлиб қолди. Янги маъмуриятнинг ташқи сиёсатдаги биринчи йирик иши – 1933 йил ноябрида Совет Иттифоқи ббилан дипломатиc муносабатлар ўрнатилганлигидир. Икки мамлакат ўртасида муносабатлар меъёрлашганлиги уларнинг иқтисодий алоқаларини фаоллаштирилди. 1935 ва 1937 йилларда АҚШ билан СССР ўртасида икки мамлакатнинг ўзаро фойдали иқтисодий муносабатлари ривожланишига имкон берувчи савдо битимлати тузилди.Рузвелт 1937 йил 5 октабр куни Чикагода сўзлаган нутқида агрессорлар атрофида карантин ўрнатишга чақирди. У фашистик давлатларнинг босқинчилик ҳаракатларини ҳам кескин қоралади. 1939 йил 26 июл куни АҚШ Япония билан савдо шартномасини бекор қилди. 1939 йил 4 ноябрда Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан сўнг бетарафлик ҳақидаги қонун қайта кўриб чиқилди ва бу Англия ҳамда Франсияга АҚШдан қурол-яроғ сотиб олиш имконини берди.

АҚШ миллий даромадининг 66,3 % саноатда ҳосил қилинади. Саноат ишлаб чиқаришнинг ярмига яқини саноат корпорациялари қўлида. Улар орасида: „Эксон“, „Мобил“, „Тексако“, „Шеврон“, „Стандард ойл оф Калифорния“, „Стандард ойл оф Индиана“, „Галф ойл“ нефт, „Женерал моторе“, „Форд мотор“, „Крайслер“ автомобил, „ИБМ“, „Женерал электрик“, „ИТТ“ электр машинасозлиги, „ЙУ. С. Стил“ пўлат қуйиш, „Дюпон де Немур“ кимё ва бошқа корпорациялар бор. Ҳарбий саноат корпорациялари орасида „Женерал дайнемикс“, „Локхид“, „Макдоннел Дуглас“, „Грумман“, „Хюз эйркрафт“ етакчи ўринни эгаллайди. Авиа-ракета-космик, энергомашинасозлик, электрон, шунингдек нефт кимёси, атом ва энергетика саноати ғоят тез суратлар билан тараққий этмоқда. Электр энергиянинг 74 % иссиқлик электр стансияларида, 12,1 % ГЕСларда, 14,1 % АЭСларда ҳосил қилинади. Нефт (Мексика қўлтиғи соҳилидаги Галф, Калифорния, Аляска), табиий газ ва олтингугурт (Галф), кумир (Аппалачи ва Марказий ҳавзалар), темир руда (Юқори кўл атрофи), фосфорит (Флорида), уран, рангли металлар, калий тузлари ва ш.к. қазиб олинади. Қора металлургиянинг асосий марказлари – Чикаго, Питцбург, Детройт, Кливленд, Буффало, Балтимор, Филаделфия. Алюминий саноати Галф атрофида ҳамда Колумбия ва Теннесси дарёлари ҳавзаларида жойлашган. Саноатнинг етакчи тармоғи – машинасозлик ва металлсозлик. Саноат ва энергетика асбоб-ускуналари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги машиналари ишлаб чиқариш асосан шимоли-шарқий штатларда, электротехника ва алоқа воситалари ишлаб чиқариш шимоли-шарқ ва Калифорнияда Йўлга қўйилган. Автомобилсозликнинг бош маркази Детройт шаҳри Самолётлар, ракета ва космик техника ишлаб чиқарувчи заводлар асосан Лос-Анжелес, Сан-Диего, Бостон, Ню-Ёрк, Филаделфия, Балтимор, Буффало, Даллас, Атланта ва бошқа шаҳарларда жойлашган. Кемасозлик (асосан ҳарбий кемасозлик) АҚШ шимоли-шарқий соҳили портларида ривожланган. Атом саноатининг асосий марказлари – Ок-Риж, Падюка, Порцмут, Эйкен, Ханфорд. Кимё саноати химикатлар, пластмассалар, кимёвий тола, синтетик каучук, локлар, кир ювиш воситалари, бўёқлар, маъданли ўғитлар ва ш.к.ни ишлаб чиқаради. Мазкур тармоқ корхоналари асосан шимоли-шарқий штатларда, Мексика қўлтиғи соҳилидаги шаҳарларда жойлашган. Ҳарбий саноат асосан Калифорния, Ню-Ёрк, Техас, Коннектикут, Миссури, Массачусец, Виргиния штатларида. Енгил саноат тармоқларидан энг салмоклиси тўқимачилик (кўпроқ Шимолий Каролина, Жанубий Каролина ва Жоржия штатларида) ва тикувчилик (Ню-Ёрк ва жанубий штатлар). Чарм-поябзал саноати яхши ривожланган. Озиқ-овқат саноати ўз хом ашёси билан яхши таъминланган. Унинг етакчи тармоқлари – гўшт, сут, ун, ёғ, қанд-шакар, консерва, алкоголли, алкоголсиз ичимликлар, тамаки.

Қишлоқ хўжалиги[edit]

АҚШ миллий даромадининг 8 % дан кўпроғи қишлоқ хўжалигида ҳосил қилинади. Йирик фермалар етакчи рол ўйнайди. Умуман қишлоқ хўжалиги сермаҳсул ва сертовар бўлиб, муайян ҳудудлар айрим маҳсулот турларига ихтисослашган ва марказлашган. Мамлакатда 2 млн.га яқин фермер хўжалиги бор, бир фермер хўжалиги ўрта ҳисобда 190 га ерда деҳқончилик қилади. Меҳнатга яроқди аҳолининг 2,5 % қишлоқ хўжалигида банд. АҚШда асосан маккажўхори, соя, пахта, тамаки, шоли, картошка, кунгабоқар, қанд лавлаги, шакарқамиш ва бошқа экилади. Буғдойзорлар („буғдой минтақаси“) Буюк текисликлар ва Колумбия платосида (асосан Канзас ва Шимолий Дакота штатлари), маккажўхори („маккажўхори минтақаси“) Буюк кўлларнинг жанубий ва ғарбида (Аёва, Иллинойс штатлари) устунлик қилади, пахтазорлар фақат Миссисипи дарёси водийси ҳамда Техас, Аризона ва Калифорния штатларида учрайди. Қанд лавлаги, шакарқамиш Миссисипи дарёси этакларида ва Гавайи оролларида, тамаки Шимолий Каролина, Виргиния ва Кентукки штатларида етиштирилади. Боғдорчилик ва полизчилик Калифорния, Флоридада, Атлантика океани ва Буюк кўллар соҳилларида кўпроқ. Кенг чўллар ва „маккажўхори минтақаси“ штатларида гўштбоп чорвачилик, шимоли-шарқда ва Калифорнияда сут чорвачилиги ривожланган. Миннесота ва Висконсин штатларида сутнинг кўп қисми қайта ишланиб, пишлоқ ва сариёғ ишлаб чиқарилади. Қўйчилик асосан қурғоқчил тоғли штатларда ривожланган. Гўштбоп жўжа (бройлер), товуқ, курка етиштиришга катта аҳамият берилади. Тухум кўпроқ жануби-шарқий штатлардаги йирик паррандачилик фаб-рикаларида етиштирилади. АҚШда 102 млн. бош қорамол, 51 млн. бош чўчқа, 10 млн. бош қўй бор. Балиқ овлаш ривожланган. Ҳамма турдаги ёғоч тайёрланади.

Транспорти[edit]

Ички юк ташишда темир йўл, автомобил транспорти, ички сув транспорти, денгиз транспорти, ҳаво транспорти, газ ва нефт қувурлари муҳим аҳамиятга эга. Асосий денгиз портлари: Ню-Ёрк, Филаделфия, Балтимор, Янги Орлеан, Хюстон, Сан-Франсиско, Буюк кўлларда – Чикаго, Дулут. Авиация қатнови асосий узеллари – Ню Ёрк, Чикаго, Атланта, Лос Анжелес, Маями, Даллас.

Ташқи савдоси[edit]

Дунёнинг турли мамлакатларига бевосита маблағ сарфлаш кўпайиб бормоқда. Экспортда ҳам, импортда ҳам тайёр маҳсулот устун. АҚШдан саноат ва энергетика машина-ускуналари, транспорт воситалари, кимё товарлари, тўқимачилик ва қоғоз маҳсулотлари, кўмир, озиқ-овқат ва ембоп дон, соя, пахта, тамаки ва бошқа маҳсулотлар чиқарилади; нефт ва нефт маҳсулотлари, руда ва металл, саноат машина-ускуналари, узоқ муддат фойдаланиладиган рўзғор анжомлари, кийим-кечак, поябзал, ёғоч, қоғоз, балиқ, гўшт, қанд-шакар, кофе ва бошқа келтирилади. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари – Канада, Япония, Мексика, Ғарбий Европа мамлакатлари. Пул бирлиги – Америка доллари.

Тиббий хизмати[edit]

Мамлакат касалхона муассасаларининг 70 % – хусусий. Шифокорларни тиббиёт мактаблари тайёрлайди. Саратога-Спрингс, Клифтен, Тренчлик, Хот-Спрингсда балнеология, Атлантикситида денгиз бўйи, Санта-Клаус, Монтерей, Санта Барбарада денгиз курортлари бор. Атлантика ва Тинч океанлари соҳиллари ва оролларида, шунингдек тоғ ва чўл жойларда иқлимий стансиялар жойлашган.

Маорифи ва маданий-маърифий муассасалари[edit]

Миллий маориф тизими мустақиллик учун уруш (1775–83)дан кейин қарор топа бошлади. 1852 йилда Массачусец штати АҚШда биринчи бўлиб мажбурий бошланғич таълим тўғрисида қонун қабул қилди. АҚШдаги кўпчилик штатларда 7–16 ёшдаги болалар учун ўқиш мажбурийил Ўрта мактабнинг турлари кўп: 3 йиллик кичик ўрта мактаб, 6 йиллик бирлашган кичик ва ўрта, 4 йиллик ўрта мактаб. Барча вариантдаги ўрта мактабларда ўқиш муддати – 12 йил Олий таълим тизими университетларни, 4 йиллик коллежларни бундан ташқари тўлиқ олий маълумот бермайдиган 2 йиллик кичик коллежларни, ҳунар ва техника институтларини ўз ичига олади. Барча олий ўқув юртларида таълим пулли. Энг йирик олий ўқув юртлари: Гарвард, Калифорния (Беркли шаҳрида), Висконсин, Мичиган, Иллинойс, Корнелл (Итака шаҳрида), Колумбия, Принстон, Чикаго, Пенсилвания университетлари, Калифорния, Стенфорд ва Массачусец технология институтлари. Йирик кутубхоналари: Конгресс кутубхонаси (1800 йил ташкил этилган), Нодир китоблар ва қўлёзмалар кутубхонаси, Миллий архив кутубхонаси, Миллий тиббиёт кутубхонаси, университетларнинг кутубхоналари, Лос-Анжелес (1872 йил ташкил этилган), Чикаго (1872 йил ташкил этилган), Бостон (1852 йил ташкил этилган), Ню-Ёрк (1895 йил ташкил этилган) халқ кутубхоналари ва бошқа Машҳур музейлари: АҚШ Миллий музейи, Ҳавода учиш ва космонавтика миллий музейи, Нафис санъат асарлари миллий коллексияси, Миллий санъат галереяси, Тарих ва техника миллий музейи, Миллий портрет галереяси (ҳаммаси Вашингтонда), Ҳозирги замон санъат музейи, Метрополитен музей, Америка табиацҳунослик тарихи музейи (Ню-Ёркда), Бостон нафис санъат музейи ва бошқа

Илмий муассасалари[edit]

АҚШда илмий муассасаларга раҳбарлик қиладиган ягона марказ йўқ. Вашингтондаги АҚШ Миллий Фанлар Академияси (1863 йилда ташкил бўлган) фан ва техника масалалари бўйича федерал ҳукуматнинг маслаҳатчиси ҳисобланади. 1964 йилда алоҳида Миллий техника академияси тузилган; Калифорния Фанлар Академияси (1853), Чикаго Фанлар Академияси (1857) мавжуд. Барча илмий тадқиқотларнинг анчагина қисми университетларда олиб борилади. 1965 йилда ташкил этилган Миллий таълим академияси маориф ва пед. масалалари билан шуғулланади. Мамлакатда бирталай ихтисослашган илмий ташкилот ва жамиятлар бор. 10 мингдан ортиқ, асосан, хусусий саноат фирмалари, 700 га яқин федерал ҳукумат муассасаси илмий тадқиқот ва тадқиқот-конструкторлик ишларини амалга оширади. Конгресснинг ижозати билан федерал ҳукумат барча илмий тадқиқот ва конструкторлик ишларининг ярмини пул билан таъминлайди. 1950 йилда Миллим илмий фонд ташки л этилди. Бу муассаса зиммасига илмий тадқиқотларнинг йўналишини белгилаш, уларни мувофиқлаштириш ва пул билан таъминлаш, илмий кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган. Фан ва техника масалалари бўйича федерал кенгаш президентнинг махсус ёрдамчиси бошчилигида ҳукумат муассасалари бажарадиган тадқиқот ишларини назорат қилади. Давлат муассасалари орасидаги энг йирик фондлар Мудофаа вазирлигига қарашлидир. Бу вазирлик ихтиёрида 100 дан ортиқ илмий тадқиқот ва тажриба илмий марказлари бор.

Матбуоти, радиоэшиттириш ва телекўрсатуви[edit]

АҚШдаги йирик кундалик газеталар: „Ню-Ёрк таймс“ („Ню-Ёрк вақти“, 1851 йилдан), „НюЁрк дейли нюс“ („Ню-Ёрк кундалик янгиликлари“, 1919 йилдан), „Ню-Ёрк пост“ („Ню-Ёрк почтаси“, 1801 йилдан), „Вашингтон пост“ („Вашингтон почтаси“, 1877 йилдан), „Вашингтон таймс“ („Вашингтон вақти“, 1982 йилдан), „Уоллстрит джорнел“ („Уоллстрит газетаси“, 1889 йилдан), „Чикаго трибюн“ („Чикаго минбари“, 1847 йилдан), „Лос-Анжелес таймс“ („Лос-Анжелес вақти“, 1881 йдан), журналлар: „Тайм“ („Вақт“, 1923 йилдан), „Нюсуик“ („Ҳафта янгиликлари“, 1933 йилдан), „Юнайтед стейц нюс энд уорлд рипорт“ („Қўшма штатлар янгиликлари ва жаҳонга назар“, 1933 йдан), „Бизнес уик“ („Бизнес ҳафта мобайнида“, 1929 йилдан), „Нейшн“ („Халқ“, 1865 йдан), „Демократ“ (1961 йдан), „Лайф“ („Ҳаёт“). Етакчи ахборот агентликлари: Ассошиэйтед Пресс (АП; 1848 йилда ташкил этилган) ва ЙУПИ (1958 йилда ташкил этилган). Биринчи тижорат радиостансияси 1920 йилда ташкил этилган. АҚШда 9 мингдан кўпроқ радио ва ИЗО телестансия мавжуд. Тажриба телекўрсатуви – 1928 йилдан, мунтазам телекўрсатув 1941 йилдан ишлайди.

Адабиёти[edit]

17-асрдан ривожлана бошлади. 1775–83 йиллар мустақиллик учун уруш давридаги маърифатпарварлар, хусусан, „Учинчи табака“ олий мақсадларининг тарғиботчиси Б. Франклин ва атоқли публицист, „Сомом ақл“ (1776) ва „Инсон ҳуқуқлари“ (1791– 92) манифестининг муаллифи Т. Пейн фаолияти миллий адабиётни ривожлантиришда муҳим рол ўйнади. Т. Жефферсоннинг „Мустақилликдеклараци-яси“ (1776)да илғор маърифатпарварлик ғоялари акс этди. Европа романтизм и таъсирида 19-асрнинг 1-ярмида Америка романтизми юзага келди ва миллий ўзига хослик хусусиятларини ифодалаб берди. Романтизмнинг дастлабки даври 1810– 30-йилларга тўғри келади. Унинг энг салмоқли вакилларидан В. Ирвинг, У. К. Браянт, Ж. Ф. Купер асарларида Америка халқининг фаровон турмуш ҳақидаги орзу-умидлари акс этган. 19-асрнинг 40–60-йилларида адабиётда негрларни қулликдан озод қилиш учун бошланган ҳаракат билан боғлиқ йўналиш юзага келди. Ж. Г. Уитер, Х. У. Лонгфелло, Ж. Р. Лоуэлл, Г. Бичер-Стоу („Том тоганинг кулбаси“), Р. Хилдрет каби шоир ва ёзувчилар асарлари, У. Л. Харрисон, У. Филипс, А. Линколн, мутафаккир негр Ф. Дугласларнинг публицистикаси қулдорликка қарши қаратилди. Шоир У. Уитмен ижоди ҳам миллий адабиётни ривожлантиришда муҳим рол ўйнади. Фуқаролар урушидан кейин АҚШ адабиётида Марк Твен („Том Соернинг саргузаштлари“, „Геклберри Финнинг саргузаштлари“) АҚШ адабиёти тарихида ўчмас из крлдирди. Т. Драйзер („Молиячи“, „Америка фожиаси“), Ф. Норрис, Ж. Лондон („Мартин Идеи“) 19-аср АҚШ адабиёти анъаналарини давом эттириб, АҚШ адабиёти тарихида янги сахифа очдилар. Ж. Лондоннинг асарларида инсоннинг алоҳида тоифаси, мард, кучли, ҳалол, айни вақтда ўз ҳаётий курашида ёлғиз инсон гавдалантирилган. Т. Драйзернинг романларида ижтимоий ҳодисалар чуқур таҳлил этилган, замон қахрамонларининг тақдири кенг миқёсда тасвирланган, тарихга донишмандларча назар ташланган. 20-асрнинг 20-йилларида „Йўқотилган авлод“ деб аталган адабий гуруҳ (Э. Хемингуэй, У. Фолкнер, Ж. Дос-Пассос, Ф. С. Фицжералд) ташкил топди. Унинг вакиллари мавжуд тартибқоидаларни танқид қилдилар, ишончсизликни, босқинчилик урушларига қарши ҳаракатни, ёш авлод фожиасини тасвирладилар. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Т. Драйзер фашизм моҳиятини фош этди ва унга қарши курашчи образини яратди. Урушдан кейин Ж. Д. Селинжер, Ж. Чивер, Ж. Апдайк, У. Стайрон, Ж. Оуц прозасининг бош қаҳрамони – маънавияциз жамиятда ўз қобилиятини рўёбга чиқара олмайдиган шахс. Бу ёзувчиларнинг кўпгина асарлари ўрта синф деб аталган тоифадаги одамларга, ёшларга бағишланган. 20-аср Америка шеъриятида хилма-хил ғоявий-бадиий ечимларни кўрамиз. АҚШнинг илмий-саргузашт ва ҳажв адабиёти (А. Азимов, А. Кларк ва бошқалар) ўзига хос мавзуларнинг бойлиги билан ажралиб туради. Бадиий-ҳужжатли роман жанри айниқса ривож топди. Америка адабиётининг энг яхши намуналари „Том тоғанинг кулбаси“ (Г. БичерСтоу), „Том Соернинг саргузаштлари“, „Геклберри Фин саргузаштлари“ (М. Твен), „Кўмир қироли“ (Э. Синклер) романлари, Ж. Лондон, О. Генри, Т. Драйзер, О. Карлсон, П. Бак, Р. Коннел, Э. Хемингуэй ҳикоялари, Л. Хюз шеърлари ва бошқа асарлар ўзбек тилига таржима қилиб нашр этилган.

Меъморлиги[edit]

Европаликлар Шимолий Америкага келмасларидан олдин индейсларнинг ўзига хос меъморлиги бўлган. Ирокезлар „узун уйлар“ деб аталган турар жойлар яратган бўлсалар, Пуэбло индейслари „пуэбло“ қишлоқ уйларини қурганлар. Инглиз, голланд ва франсуз мустамлакачилари АҚШга Европа анъаналарини келтирдилар. Дастлабки бинолар барокко услубида қурилган. Улар содда бўлиб, нАҚШлар кам ишлатилган. 18–19-асрларда АҚШ меъморлигида классицизм услуби ҳукм сурди. Бу услубда давлат ва жамоат бинолари (Вашингтондаги Оқ уй, Ню-Ёркдаги Эски ратуша – шаҳар идораси), ибодатхона ва бошқа қурилди. Кейинроқ қурамалик ва дабдабалилик кучайди [Вашингтондаги Капитолий (конгресс) биноси]. Фуқаролар урушидан сўнг АҚШ меъморлиги юксалиш юлига ўтди. АҚШнинг бир қанча истеъдодли меъморлари Т. Ричардсон, Ж. О. Рёблин, У. О. Реблинглар қурилиш техникаси ривожига катта ҳисса қўшдилар (Бруклин кўприги). 20-аср АҚШ меъморлиги, асосан, техника ва иқтисод суръатига боғлиқ ҳолда ривожланди. 20-асрнинг 20–30-йилларида Американинг бир қанча шаҳарларида (Ню-Ёрк, ЛосАнжелес, Чикаго ва бошқалар) ниҳоятда баланд бинолар қурилди. Американинг энг истеъдодли меъморлари Л. Салли-вен ва Ф. Л. Райт янги техника имкониятларини эстетик тушунишга интилдилар: Л. Салливен кўп одам сиғадиган катта бинолар учун пўлат тўсинли конструксияни ишлаб чиқси, Ф. Л. Райт эса кичик бино лойиҳалари устида ишлади, айни вақтда бир неча баланд ҳамда баъзи маъмурий бинолар лойиҳаси ҳам 30-йиллар ўрталарида чизилди. АҚШга Европадан машҳур меъморлар: В. Гропиус, М. Брейнер, Л. Мис ван дер Роэ, Э. Менделсон, Р. Нейтра, Э. Са-ариенен ва бошқа келдилар. Улар ҳозирги замон АҚШ меъморлигига асос солдилар. Иккинчи жаҳон уруши йиллари АҚШда йиғма қурилиш ривожланди. Урушдан сўнг „Пўлат ва алюминий“ меъморлиги рағбатлантирилди, меъморий шаклларнинг „универсал услуби“ тараққий этди (Л. Мис ван дер Роэ асарлари). 50-йилларнинг охирида янги классицизмнинг янгича нусхаси пайдо бўлди (Э. Д. Стоун, М. Ямасаки каби меъморлар). 60–80-йиллар иншоотлари ҳажмининг катталиги, геометрик миқёсларининг салмоқлилиги, меъморий юналишларнинг бетартиблиги билан ажралиб туради (Ню-Ёркдаги Халқаро савдо марказининг 412 м баландликдаги 110 каватли минораси, 1971–73, меъморлар М. Ямасаки, Э. Рот; Чикагодаги „Сире ва Робак“ савдо консернининг 442 м баландликдаги минораси, 1972–75, „СОМ“ фирмаси меъморлари; Минне-аполисдаги банк биноси, 1969–73, меъмор Г. Биркерц ва бошқа; Сан-Франсискодаги „Хаят Риженси“ меҳмонхонаси, 1973, „Жон Портмен ва бошқа“ фирмаси ҳамда Лос-Анжелесдаги „Бонавантюр“, 1978, меъмор Ж. Портмен).

Тасвирий санъати[edit]

АҚШнинг ерли халқи – индейсларнинг АҚШга бошқа мамлакатлардан келган халқлар санъатидан фаркланувчи ўзига хос қадимий санъати бор. Индейслар санъати диний характердаги ёғоч ҳайкаллар, нАҚШли сопол идишлар, гулдор матолар, бизон терисига туширилган нАҚШ ва расмлар, зебзийнатлардан иборат. АҚШ ерлари европаликлар томонидан мустамлакага айлантирилган даврдан 18-аср ўрталаригача маҳаллий тасвирий санъатда (европаликлар санъати) барокко услубининг соддалаштирилган шакллари билан яратилган тақлидий асарлар тарқалган. 18-аср охири ва 19-аср бошларида АҚШда рассомлар – Г. Стюарт, Ж. Траммбал, Т. Салли ижод қилдилар. АҚШ тасвирий санъати ривожида Филаделфияда ташкил топган Бадиий академиянинг (1805) аҳамияти катта бўлди. 18-аср охири ва 19-аср бошларида ривожланган АҚШ тасвирий санъати 19-асрнинг 20–50-йилларида тушкунлик даврини бошдан кечириб, 19-аср 2-ярмидан яна юксалди. Бирон Уолдо, У. Маунт каби реалист рассомлар ижодида халқ турмушини жонли ва ҳаққоний ифодалашга интилиш сезилади. 19-асрнинг 2-ярмида ижод қилган ва Америка санъатини юксак даражага кутарган рассомлар орасида У. Гомер, Т. Иткинс, Ж. Уистлерлар алоҳида ўрин тутади. Рассомлик санъатининг таркиб топишига Т. Наст, ҳайкалтарошликка эса О. Сент-Годенс ҳисса қўшган. 19-аср охири ва 20-аср бошларида АҚШ тасвирий санъатида импрессионизм, символизм, модернизм (Ч. Хессем, М. Преидергаст) оқимлари пайдо бўлди. 20-аср бошларида ҳайкалтарош Ж. Бернард, рассомлардан Ж. Пенселл, Ж. Слоан ва Ж. Беллоуз кабилар ижод қилдилар. АҚШ тасвирий санъатида рассом Р. Кент алоҳида ўрин тутади. Р. Кент шимолий манзаралари ва китоб сураткашлигининг моҳир устаси сифатида жаҳонга танилган. Портретчи И. Олинский, америка халқи турмушини ҳаққоний тасвирловчи ака-ука Р. ва М. Соерлар, ҳайкалтарош М. Филде кабилар ҳам машҳур.

Мусиқаси[edit]

АҚШ мусиқий маданияти Европа ва Африкадан олинган мусиқий шакллар, жанрлар ва услублар ҳамда Америка қитъасида қадимдан мавжуд бўлган мусиқий анъаналар омухтаси тарзида таркиб топди. Индейсларнинг мусиқа маданияти бир овозли ва пасайиб борувчи оҳангли қўшиқ ҳамда рақслардан иборат бўлган. Американинг дастлабки ярим профессионал мусиқачилари – У. Биллингс, Э. Лоу, Ж. Морган (18-аср охири); улар ижодида дастлабки келгиндиларнинг диний қўшиқлари америкача мусиқага хос янги шаклга кирди. 19-асрнинг 2-ярмидан бошлаб АҚШга Европа мамлакатларидан мусиқачилар, композиторлар келиб, Америка мусиқа маданияти ривожига ҳисса қўшдилар. Улар симфоник оркестрлар, мусиқа ўқув юртлари ва жамиятлари, театрлар ташкил этишди. 1883 йил Ню-Ёркда машҳур „Метрополитен опера“ театри очилди. Шотландиялик Эдвард Мак Доуэлл АҚШ профессионал композиторлик мактабига асос солди. Л. Армстронг, Б. Гудмен, Дюк Эллингтон каби мусиқачилар жаз санъатини ривожлантирдилар. Композитор ва пианиночи Жорж Гершвиннинг 1935 йилда саҳналаштирилган „Порги ва Бесс“ операси Американинг ҳақиқий миллий операси сифатида мусиқа тарихига кирди. 20-аср 30-йилларида „Композиторлар уюшмаси“ ва „Ишчи мусиқачилар уюшмаси“ атрофида тўпланган композиторларнинг ижодий фаолияти авж олди. АҚШ композиторларидан – Л. Бернстайн, С Барбер, Ж. К. Менотти, У. Шумен, дирижёрлардан – Ю. Орманди, Л. Стоковский, пианиночи – В. Клайберн, скрипкачилардан – И. Менухин, Исаак Стерн, машҳур негр қўшиқчилари – Пол Робсон ва Мариан Андерсон, қўшиқчи композитор Пит Сигер, мусиқашунослар – О. Кинкелди, П. Ланг, Н. Сломинский ва бошқаларлар АҚШ мусиқа тарихида салмоқли ўрин тутади. Мамлакатда бир неча машҳур оркестрлар, опера театрлари, йирик мусиқа ўқув юртлари, мактаблари бор. Машҳур скрипкачи Исаак Стерн, қўшиқчи композитор Пит Сигер, Бени Гудмен раҳбарлигидаги оркестр ва бошқа турли вақтларда Ўзбекистонда гастродда бўлган.

Театри[edit]

Шимолий Америка ҳудудида театр санъати бўлганлиги ҳақидаги дастлабки маълумот 17-асрга оид. Ўша пайтларда инглиз миссионерлари христианликни тарғиб қилиш учун диний песаларни саҳналаштирар эдилар. 18-асрда асосан Англиядан келган театр гуруҳлари спектакллар қўйишарди. 1716 йилда Уилямсбургда (Виргиния штати) биринчи театр биноси қурилди. Англиядан келган Л. Халлем театри шу бинода фаолиятини бошлади. У Шекспирнинг „Венециялик савдогар“ песасини саҳнага қўйди. АҚШ профессионал театри шу тариқа бошланди. Унинг репертуар асосини инглиз драматургияси ташкил қилган эди. 18-аср охиридан бошлаб Америка драматургларининг (кўпинча У. Данлеп) асарлари қўйиладиган бўлди. 18-аср охири – 19-аср бошларида йирик шаҳарларда театрлар ташкил қилинди: „Парк“, „Четем“, „Бауэри“ (Ню-Ёрк), „Честнат Стрит“ (Филаделфия), „Тремонт“ (Бостон) ва бошқа 19-аср иккинчи ярмида кўчма гуруҳлар ҳисобига театрлар сони ортди. Бу театрларда маълум бир песани қўйиш учун гуруҳ йиғиш, спектаклни фойда бермай қолгунча кўрсатиб, сўнг гуруҳни таркатиб юбориш ва бошқа песа ҳамда гуруҳ излаш, уларда етакчи ўринни эгаллаган „юлдузлар“дан фойдаланиш одат тусига кирган эди. Бу ҳол Ню-Ёркнинг Бродвей кучасида жойлашган театрларда ҳам рўй берди. 30-йилларда ишчи театрлари майдонга келди. 1927 йилда Ж. Лоусон ва М. Голд „Янги драматурглар театри“ ташкил қилиб, „Хобокен Блюз“ (М. Голд) ва „Интернационал“ (Ж. Лоусон) каби асарларни саҳналаштирди. Шу йилларда „Репер-туарли фуқаро театри“ ва 158 федерал театр очилди. Аммо иқтисодий таназзул натижасида илғор театрлар бирин-кетин ёпилиб, яна Бродвей театрлари ҳукмрон бўлиб қолди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин „Бродвейдан ташқари“ театрлар майдонга келди: „Крикет“, „Гринуич-Мюз“, „Ливинг“, „Шеридан Сквер плейхаус“ ва бошқа 1957 йилда НюЁркда „Бродвейдан ташқари“ театрлар уюшмаси ташкил этилди. 1964 йилда НюЁркда „Линколн санъат маркази доимий театри“ очилди. 70-йилларда Техас, Калифорния, Флорида, Род-Айленд ва бошқа штатларда минтақа театрлари ташкил топди. Теннесси, Висконсин, Оклахома, Миннесота штатларида болалар театрлари ишлайди. 50– 80-йиллардаги АҚШнинг етакчи драматурглари – А. Миллер, Т. Уиляме, Э. Олби, Ж. Гелбер, Л. Хенсбери, Ж. Болдун, Д. Рейб ва б; таникли режиссёрлар – Ж. Папп, Э. Казан, Ж. Бек, Ж. Чайкин, П. Шуман, Д. Макбет, Э. Шерин, Д. ЎНил, Ж. Уорд; актёрлар – Р. Стайгер, Л. Кобб, Ж. Фонда, Ж. Харрис, М. Степплтон, С. Пуате, Д. Дин, Д. Жонс ва бошқа Турли миллатларнинг ишчи ташкилотлари ҳузурида ҳаваскорлик тўгараклари мавжуд. Театр кадрлари университетларнинг махсус факултетларида, хусусий драма студияларида тайёрланади.

Киноси[edit]

АҚШда кино санъати ривожлана бошлаши арафасида, 1893 йилда Т. А. Эдисон „кинетоскоп“ни ихтиро қилди. Мамлакатда уч йилдан кейин кино ишлаб чиқариш бошланди. 1908 йилдан Голливуд (ЛосАнжелес яқинида) АҚШ кинематографияси маркази бўлиб қолди. Истеъдодли режиссёр Д. У. Гриффит яратган „Миллатнинг туғилиши“ (1915), „Чидаб бўлмаслик“ (1916), „Синдирилган новдалар“ (1919) каби тарихий филмлар мустақил санъат сифатида кинога асос солди. Л. Гиш, Р. Бартелмес, М. Пикфорд, К. Марш, Т. Инс, С.де Милл ва бошқа кино санъати намояндалари кинематография тарихида ўчмас из қол-дирди. 20-йилларда „Шимолдан келган Нанук“ (режиссёр Р. Флаэрти, 1922), „Жанубий денгизларнинг Моанаси“ (режиссёр Р. Флаэрти, 1926), „Очкўзлик“ (режиссёр Э. Штрогейм, 1924), „Улуғ намойиш“ (режиссёр К. Видор, 1925) каби филмлар яратилди. Овозсиз кино санъатида Ч. Чаплин, Г. Ллойд, Б. Китон, Р. Арбекл, Ч. Конклин каби кино қизиқчилари етишиб чиқди. 20-йилларда кино ишлаб чиқариш „Метро-Голдвин-Маер“, „Колумбия“, „Парамаунт“, „Уорнер Бразерс“ деган асосий кинокомпаниялар ихтиёрида бўлди. „Ризқи-рўзимиз“ (режиссёр К. Видор, 1934), „Мен сургундан қочганман“ (режиссёр Ле Рой, 1932), „Ғазаб“ (режиссёр Ф. Ланг, 1935), „Жин кўча“ (1937) 30-йилларнинг энг яхши филмларидандир. Иккинчи жаҳон уруши йилларида „Еттинчи хоч“ (режиссёр Ф. Синнеман, 1943), „Шимол юлдузи“ (режиссёр Л. Майлстоун, 1943), „Москвага сафар“ (режиссёр Ж. Уорнер, 1943) каби филмлар пайдо бўлди. 50-йилларда Голливуд кўп сери ял и филмлар чиқара бошлади: „Бен-Гур“, „Спартак“, „Клеопатра“ ва бошқа „Ню-Ёрк мактаби“ деб аталган илғор мактаб кинематографчилари „Бауэрида“ (1956), „Қайт, Африка“ (1959), „Ўқрайган кўз“, „Соялар“, „Алоқдчи“ каби филмларни яратдилар. 60-йиллардаги АҚШ кинофилмларининг энг яхшилари қаторига „Бонни ва Клайд“ (А. Пени, 1966), „Фавқулодда ҳодиса“ (С. Люмет, 1967), „Жанубнинг диққинафас тунида“ (М. Николе, 1967), „Битирувчи“ (1968) кабилар киради. 70–80-йилларда кўнгилочар ва саргузашт филмлар, „даҳшат“ ва „фалокат“ филмлари чиқаришга киришиб кетилди. АҚШ киноактёрлари – Б. Ланкастер, С. Треси, М. Брандо, Г. ва Д. Фондалар, Д. Хофман. АҚШда кино санъати ўқув ва илмий тадқиқот муассасалари, жумладан, Кино санъати академияси (1927 йилда асос солинган) бор, у ҳар йили мамлакат ва чет элларда яратилган энг яхши филмларга „Оскар“ мукофотини беради.

Ўзбекистон–Америка муносабатлари[edit]

Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама сиёсий ва иқтисодий муносабатлар бир нечта ҳукуматлараро шартнома ва битим асосида тартибга солиб турилади. Ҳамжиҳатлик ҳақидаги меморандум, Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш ҳақидаги шартнома, Савдо битами, Маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисидаги қўшма баёнот, Консуллик муносабатларига оид қўшма ахборот асосий ҳужжатлардир.

Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримовнинг 1996 йил июнида АҚШга қилган ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашган муҳим воқеа бўлди. Ташриф чоғида икки томонлама ҳуж-жатлар мажмуи имзоланди. Бухоро вилоятидаги газ конларини ўзлаштириш лойиҳасини маблағ билан таъминлаш, сурков материаллари ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарига лизинг хизмати кўрсатувчи қўшма корхона ташкил қилиш тўғрисидаги баённомалар, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) Миллий банки билан АҚШ Савдо ва тарақкиёт агентлиги ўртасида Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида биргаликда авиатехника ишлаб чиқариш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини тайёрлаш учун Америка томонидан грант ажратиш тўғрисидаги битим, Ўзбекистон ТИФ Миллий банки билан „Банк оф Америка“ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, Ўзбекистон Республикаси Давлат геол. ва минерал ресурелар қўмитаси билан „Нюмонт-Майнинг“ компанияси ўртасида ҳамжиҳатлик тўғрисидаги меморандум, Ўзбекистон Республикаси Давлат геол. ва минерал ресурелар қўмитаси билан „Нюмонт-Майнинг“ ва „Мицуи“ корпорациялари ўртасида „Қизилолмасой“ ва „Кўчбулоқ“ руда конларини биргаликда ўзлаштириш тўғрисидаги битим шулар жумласидандир.

1999 йилда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 282 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон АҚШдан буғдой, халқ истеъмол моллари, асбоб-ускуналар сотиб олади. Экспорт асосан пахта толасидан иборат. АҚШдаги турли фирма ва компанияларнинг Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорлиги, делегациялар алмашу-ви икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга имкон беради.

Ўзбекистонда бир қанча ЎзбекистонАмерика қўшма лойиҳаларини амалга оширишга киришилди. Улар орасида энг йириклари „Нюмонт-Майнинг“ компанияси томонидан Зарафшон шаҳрида олтин руда конидан фойдаланиш, „Интернешнл Телсет, Инк.“ компанияси томонидан Тошкент шаҳрида кабел телевидениеси тармогини яратиш ва бошқариш лойиҳаларидир.

Американинг фирма ва компанияларидан „Баренц групп“ кимё саноати соҳасида, „Келлог“ Кўқдумалоқ кони учун компрессор стансияси қуриш, „АИГ“, „Эмси-Ай“ турли соҳаларда ўзбекистонлик шериклари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда.

„Зарафшон-Нюмонт“ ЎзбекистонАмерика қўшма корхонаси Қизилқум чўлида қисқа муддатда замонавий корхона барпо этди.

МДҲ мамлакатларидаги катта лойиҳаларни рўёбга чиқарувчи Америка фирмаларининг тадқиқотларини маблағ билан таъминловчи АҚШнинг йирик ноҳукумат ташкилоти – Савдо ва тараққиёт агентлиги олтин қазиб чиқарувчи модулли янги завод лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини маблағ билан таъминлаш учун Навоий кон-металлургия комбинатига грант ажратишга қарор қилди.

Ўзбекистон – Америка ҳамкорлигига хусусий бизнес намояндалари ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Жумладан 1997 йилда Американинг „Кейс интернейшнл“ компанияси ёрдамида Тошкент трактор заводи қайта қурилиб, шу фирманинг замонавий тракторларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. „Боинг“ компанияси эса ўзаро манфаатли шартлар (лизинг) асосида йўловчи ташийдиган самолётлар етказиб берди. „Боинг“ қулайлиги жиҳатидан ҳам, учиш хавфсизлиги жиҳатидан ҳам Россиянинг шу тоифадаги самолётларидан катта фарқ қилади.

Дунёдаги энг кучли компютер компанияси ИБМ эса Ўзбекистон банк тизимини компютерлаш соҳасида катта амалий ёрдам берди. Американинг ИРЕХ, АCCЕЛС, Сорос жамғармаси каби муассасалари эса АҚШ ва Европанинг илмий марказларида Ўзбекистон учун мутахассислар тайёрлашга оид дастурларни амалга оширмоқда.

Ўтиш даврининг қийинчиликларини бартараф этишда АҚШ ҳукумати ва хайрия жамғармалари инсонпарварлик ёрдами бериб, Ўзбекистонга болалар ва даволаш муассасалари учун доридармон, тиббиёт асбоб-ускуналари, кийимкечак, озиқ-овқат маҳсулотлари юбориб турибди. 1997 йил ноябрда АҚШ президенти рафиқаси Хиллари Клинтоннинг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги самарали алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

1997 йил 9–11 июнда ЎзбекистонАмерика қўшма комиссиясининг тузилиши АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланиб ва ривожланиб бораётганлигини кўрсатди. Қўшма комиссия минтақавий сиёсий муаммоларни ўз ичига олган ўзаро манфаатли масалалар, Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардаги силжиши, ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш ҳамда Ўзбекистонда хо-рижий инвестициялар учун шароитларни муҳокама этади. 1998 йил 26–27 феврал Вашингтон шаҳрида қўшма комиссиянинг биринчи, 1999 йил 24–25 май Тошкент шаҳрида иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Географияси[edit]

Географик жойлашуви[edit]

Табиати ва иқлими[edit]

Ҳудудий бўлиниши[edit]

Асосий мақола: АҚШнинг ҳудудий бўлиниши.

АҚШ маъмурий жиҳатдан 50 штатга ва 1 федерал округга болинади.

  1. Айдаҳо
  2. Аёва
  3. Алабама
  4. Аляска
  5. Аризона
  6. Арканзас
  7. Ваёминг
  8. Вашингтон
  9. Вермонт
  10. Виргиния
  11. Висконсин
  12. Гавайи
  13. Делавер
  14. Жоржия
  15. Ғарбий Виржиния
  16. Иллинойс
  17. Индиана
  18. Калифорния
  19. Канзас
  20. Кентукки
  21. Колорадо
  22. Коннектикут
  23. Луизиана
  24. Массачусец
  25. Миннесота
  26. Миссисипи
  27. Миссури
  28. Мичиган
  29. Монтана
  30. Мейн
  31. Мериленд
  32. Небраска
  33. Невада
  34. Ню-Хемпшир
  35. Ню-Жерси
  36. Ню-Ёрк
  37. Ню-Мексико
  38. Огаё
  39. Оклаҳома
  40. Орегон
  41. Пенсилвания
  42. Род-Айленд
  43. Шимолий Дакота
  44. Шимолий Каролина
  45. Теннесси
  46. Техас
  47. Флорида
  48. Жанубий Дакота
  49. Жанубий Каролина
  50. Юта